Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 27 жумадул аввал | 2025 йил 18 ноябрь, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Қуръони Карим дарслари (8-дарс). Қуръоннинг нозил бўлиши

16:02 / 16.11.2018 10142 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қуръоннинг нозил бўлиш босқичлари ҳақида Қуръони каримнинг ўзида ва Суннатда матнлар келган. Мазкур матнларда «нузул» масдаридан олинган турли сўзлар ишлатилган. Мавзунинг ичига киришдан олдин, одатдагидек, ушбу «нузул» сўзининг луғатдаги маъноси ҳақида керакли билимга эга бўлиб олсак, яхши бўлади.

Араб тилида «нузул» сўзи бир жойга «тушиш» ва «жойлашиш» деган маъноларни англатади. Бинобарин, унда «тушириш» ва «жойлаштириш» маънолари ҳам бўлади.

Баъзи уламолар: «Нузул сўзининг ушбу маънолари моддий нарсаларга ишлатилади, Қуръони карим моддий бўлмагани учун, унга нисбатан бу сўзнинг ишлатилиши мажозий бўлиши керак», дейишган. «Нузул» сўзининг мажозий маъносини эса «билдириш» деб таъвил қилишган. Аммо бошқа уламолар: «Қуръони каримнинг ўзи бу маънони жуда кўп ўринда турли кўринишларда ишлатган, шунинг учун уни таъвил қилишга ҳожат йўқ», дейдилар.

«Улуми Қуръон» олимлари Қуръони каримнинг нозил бўлиши ҳақида луғат жиҳатидан бир оз ихтилоф қилган бўлсалар ҳам, унинг амалий нозил бўлиши уч қисмга бўлинишига иттифоқ қилганлар.

1. Қуръони каримнинг Лавҳул-маҳфузга нозил бўлиши.

Бунинг далили Қуръони каримнинг ўзида келган.

Аллоҳ таоло Буруж сурасида марҳамат қилади:

ﯮ ﯯ ﯰ ﯱ ﯲ ﯳ ﯴ ﯵ ﯶ

«Йўқ!!! У Қуръони Мажиддир. Лавҳул Маҳфуздадир» (21-22-оятлар).

Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло Ўз Расулига нозил қилган ваҳийлар тўплами бўлмиш «Қуръони Мажид»нинг «Лавҳул-Маҳфузда» эканини айтмоқда.

Лавҳул Маҳфуз, яъни «Муҳофаза қилинган лавҳ», исломий эътиқод бўйича Аллоҳнинг ҳузуридаги лавҳ бўлиб, барча нарсалар унда ёзилган бўлади. Ҳа, Аллоҳ таоло махлуқотлар тақдирини ёзган китобнинг номи «Лавҳул Маҳфуз»дир. Қуръони карим ҳам дастлаб ўша Лавҳда бўлган. Лавҳул Маҳфуз Аллоҳ таолонинг ҳузурида бўлиб, унга ҳеч қандай ўзгариш кириши мумкин эмас.

Қуръони карим Аллоҳ таолонинг Ўзидан бошқа ҳеч бир зот билмайдиган тарзда ва вақтда Лавҳул Маҳфузда мавжуд бўлган. Бўлганда ҳам, ояти каримада зикр қилинганидек, бир йўла яхлит ҳолда бўлган.

2. Қуръони каримнинг Байтул Иззатга нозил бўлиши.

Бунинг далили ҳам Қуръони каримнинг ўзида келган.

Аллоҳ таоло Духон сурасида марҳамат қилади:

ﭖ ﭗ ﭘ ﭙ ﭚﭛ

«Албатта, Биз уни муборак кечада нозил қилдик…» (3-оят).

Аллоҳ таоло яна Бақара сурасида марҳамат қилади:

ﮘ ﮙ ﮚ ﮛ ﮜ ﮝ ﮞ ﮟ ﮠ ﮡ ﮢ ﮣ

«Рамазон ойи – унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ-ойдин ҳужжатлар бўлиб, Қуръон нозил қилинган» (185-оят).

Аллоҳ таоло Қадр сурасида марҳамат қилади:

ﭑ ﭒ ﭓ ﭔ ﭕ ﭖ

«Албатта, Биз у(Қуръон)ни Қадр кечасида нозил қилдик» (1-оят).

Ушбу оятларда зикр этилаётган воқеълик, яъни Қуръоннинг нозил қилиниши Лавҳул Маҳфуздан бу дунё осмонидаги Байтул Иззатга, яъни «Иззат уйи»га бўлган. Бу нузул ҳам бир йўла бўлган.

Байтул Иззатнинг яна бир номи Байтул Маъмур бўлиб, «Обод уй» демакдир. Байтул Маъмурнинг нима экани Набий алайҳиссаломнинг ҳадисларидан маълум бўлади.

Суддий айтадилар: «Бизга зикр қилинишича, Пайғамбар алайҳиссалом бир куни саҳобаларига: «Байтул Маъмур нима, биласизларми?» дедилар. Улар: «Аллоҳ ва Унинг Расули билувчидир», дейишди. Шунда у зот: «У осмонда, Каъбанинг қоқ тепасидаги масжиддир. Агар қуласа, Каъбанинг устига тушади. Унда ҳар куни етмиш минг фаришта намоз ўқийди. Бир кириб, чиққанларидан сўнг яна қайтиб кира олмайдилар», дедилар».

Байтул Маъмурнинг зикри Пайғамбар алайҳиссаломнинг Исро кечасидаги ҳадисларида ҳам келади. У зот ўша уйни кўрганлар, фаришталарнинг тавофи Байтул Маъмурни айланиш билан бўлишини ҳам айтганлар. Яна у уйга Иброҳим алайҳиссаломнинг суяниб ўтирганларини кўрганларини ҳам зикр қилганлар.

Бу ҳақдаги барча ривоятларни тўплаб, ўрганилгандан сўнг хулоса қилиб айтиш мумкинки, Байтул Маъмур еттинчи осмондаги, муаззам Каъбанинг тепасидаги бир уйдир, масжиддир. Уни ҳар куни етмиш минг фаришта тавоф қилади, бениҳоя кўп бўлганларидан бир тавоф қилгани яна қайтиб кира олмайди. Ерда Каъбатуллоҳ қандай улуғланса, осмонда Байтул Маъмур ҳам шундай улуғланади.

3. Ваҳийнинг Байтул Иззатдан ваҳий амини Жаброил алайҳиссалом орқали Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбларига тушиши.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Қуръон зикрдан ажратилиб, дунё осмонидаги Байтул Иззатга қўйилди. Сўнгра Жаброил уни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга олиб тушиб, тартил қилиб берадиган бўлди».

Ҳоким ривоят қилган.

«Қуръонни тартил билан ўқиш» деб унинг ҳар бир ҳарфини ўз ўрнидан чиқариб, оятларини алоҳида-алоҳида, дона-дона қилиб, тажвид қоидалари асосида ўқишга айтилади.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Қуръон дунё осмонига Қадр кечасида бир йўла нозил қилинди. Сўнгра, ундан кейин йигирма йил мобайнида бўлиб-бўлиб нозил қилинди».

Байҳақий «Шуъабул-ийман»да ривоят қилган.

Демак, Аллоҳ таоло Қуръони каримни дастлаб Лавҳул Маҳфузга жойлаган. Кейин у Лавҳул Маҳфуздан Байтул Иззат, яъни Байтул Маъмурга нозил қилинган. Кейин Жаброил алайҳиссалом орқали йигирма уч йил давомида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил бўлган.


«Қуръон илмлари» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Имом Термизий ва Ибн Абу Ҳотим Алий ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳудан ривоят қилган ҳадисда у киши қуйидагиларни айтадилар.Абдурраҳмон ибн Авф таом қилиб, давоми...

6282 20:10 / 22.04.2019
Тафсир фани тарихи ва ривожиТафсир илми Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида юзага келган. У зот одамларга Қуръони каримнинг маъноларини давоми...

7584 16:56 / 18.05.2017
Бешинчи шарт ndash Қуръонни Қуръон билан тафсир қилмоғи шарт. Чунки бир маъно Қуръони Каримнинг бир жойида умумийроқ зикр қилинган бўлса, бошқа бир жойида давоми...

2923 13:30 / 23.03.2021
Одатда, бирор китобни қўлга олганда, унинг исмини ўқиш билан ичида нима ҳақда гап кетиши аниқ бўлади. Бирор маълум нарса ҳақида маълумот олмоқчи бўлган шахс ўша давоми...

9187 09:18 / 04.11.2017
Аудиолар

205920 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

125319 14:35 / 11.08.2021