Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 18 шаввол | 2024 йил 27 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Қуръони Карим дарслари (43-дарс). Қуръони каримнинг баёний эъжози

14:00 / 24.07.2019 4422 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қуръони Каримнинг асосий эъжози, яъни ожиз қолдириши унинг баёни – жумла ва сўз тизимидир. Қуръони Каримнинг ҳар бир сўзи, ҳар бир ояти, ҳар бир сураси ҳам лафз жиҳатидан, ҳам маъно жиҳатидан, ҳам аҳкому ахбор жиҳатидан кишиларни ожиз қолдирувчидир. Яъни инсонлар ҳар қанча уринсалар ҳам, унга ўхшаш нарсани ижод қила олмайдилар. 

Қуръони Каримнинг ҳар бир ояти – мўъжиза, ибрат, ажойиб иш, белги-аломат, ҳарф ва сўзлар тўплами – Аллоҳ таолонинг қудратига далилдир.

Дастлаб Қуръоннинг балоғат, фасоҳат ва тилдаги мўъжизасига эътибор берилди, одамлар унинг олдида ожиз қолиб, иймонга келдилар. Араб тили уламолари хоҳ наҳв илми, хоҳ сарф илми, хоҳ баён илми, хоҳ бадиъ илми бўйича мутахассис бўлсинлар, ким бўлишларидан қатъи назар, Қуръони Каримдан тўймайдилар. Чунки Қуръони Карим араб тилининг мўъжизасидир. Унинг тил усталари Қуръони Карим ҳузурида ожиздирлар. Шунинг учун ҳам араб тили олимлари Қуръони Каримга доимий равишда тил жиҳатидан ҳам муҳтожлар, доимо унга мурожаат қиладилар ва ҳеч қачон унга тўймайдилар.

Қуръонни тадаббур қилган ҳар бир киши ундаги маъноларга, ҳидоятга, ҳикматларга, балоғат ва фасоҳатга маҳлиё бўлиб қолади. Мисоллар келтирайлик.

1. Аллоҳ таоло Қосос сурасида марҳамат қилади: 

ﭞ ﭟ ﭠ ﭡ ﭢ ﭣﭤ ﭥ ﭦ ﭧ ﭨ ﭩ ﭪ ﭫ ﭬ ﭭ ﭮﭯ ﭰ ﭱ ﭲ ﭳ ﭴ ﭵ ﭶ

«Ва Мусонинг онасига: «Уни эмизавер. Бас, қўрққан чоғингда уни дарёга ташла, қўрқма, маҳзун бўлма, Биз, албатта, уни сенга қайтарувчимиз ва уни расуллардан қилувчимиз», деб ваҳий қилдик» (7-оят).

Араб тилшунос олимлари бу ояти каримани Қуръони Каримнинг юксак даражадаги балоғат ва фасоҳатига мисол сифатида келтирадилар. Аллоҳ таоло биргина оятда:

икки буйруқ – «эмизавер» ва «дарёга ташла»; 

икки қайтариқ – «қўрқма» ва «маҳзун бўлма»; 

икки башорат – «уни сенга қайтарувчимиз» ва «расуллардан қилувчимиз» жуфтликларини ишлатгандир.

2. Аллоҳ таоло Ҳужурот сурасида марҳамат қилади:

ﯜ ﯝ ﯞ ﯟ ﯠ ﯡﯢ

«Албатта, мўминлар биродардирлар, бас, икки биродарингизнинг ўртасини ислоҳ қилинг…» (10-оят)

Ояти каримада «биродар» деб таржима қилинган сўз араб тилида бирликда «ахун» калимаси билан ифода қилиниб, икки хил маънода ишлатилади. 

Биринчиси – ака ёки ука, яъни туғишган биродар маъносида. 

Иккинчиси – дўст, оғайни, яъни тутинган биродар маъносида.

Аммо худди шу сўзнинг ўзи кўплик сийғасида келганда, маъносига қараб икки хил шаклда келади: 

Биринчиси – «ихватун» бўлиб, «туғишган биродарлар» деган маънони англатади. 

Иккинчиси – «ихванун» бўлиб, «дўстлашган биродарлар» деган маънони англатади. 

Қуръони Каримнинг мўъжизалигини қарангки, мўминларнинг биродарлиги ҳақида сўз кетганда, туғишган биродарлар маъносидаги «ихватун» сўзи ишлатилган ва бу билан мўминлар худди туғишган ака-укалардек экани таъкидланган.

3. Аллоҳ таоло Тур сурасида марҳамат қилади:

ﯤ ﯥ ﯦ ﯧ

«Бас, ўша Кунда ёлғонга чиқарувчиларга вайл бўлсин!» (11-оят)

Қуръони Каримда ишлатилган ибораларда ҳам битмас-туганмас мўъжизалар яшириндир. Ушбу оятда келган «ёлғонга чиқарувчилар» ибораси умумий бўлиб, тушуниш эса хоҳлаганча бўлаверади. Шунинг учун ҳам тафсирчиларимиз «ёлғонга чиқарувчилар» иборасидан келиб чиқадиган «Нимани?» сўроғига «Қуръонни», «Пайғамбарни», «Қиёматни», «Ўлгандан сўнг тирилишни» каби жавобларни берганлар. Аслида ҳаммаси ҳам тўғри.

Шунингдек, «вайл» сўзи ҳам гоҳида «ҳалокат», гоҳида «дўзах» маъносида ишлатилади ва иккаласи ҳам бу оятга мосдир.

4. Аллоҳ таоло Лайл сурасида марҳамат қилади:

ﮧ ﮨ ﮩ ﮪ ﮫ ﮬ ﮭ ﮮ

«Аммо кимки ато этса ва тақво қилса... ва гўзални тасдиқ қилса…» (5-6-оятлар)

Ушбу ояти каримадаги «гўзални» лафзи турлича таъвил қилинади: «гўзал сўз», яъни «Лаа илааҳа иллаллоҳ»; «гўзал миллат», яъни Ислом миллати; «гўзал оқибат», яъни жаннат.

Худди шундай сўз тартиби ва услубнинг ишлатилиши Қуръони Каримнинг мўъжизасидир. Агар ушбу оятни таъвилларида келган маънолардан бирига боғлаб қўйилганда, унинг маъноси тор бўлиб қолар эди. Аммо «гўзал» деган сифатни зикр қилиб, унинг мавсуфини – сифатланмишини зикр қилмаслик оятдан жуда кенг маъно ифодаланишига сабаб бўлган. Демак, ким хайру садақа қилган, тақво қилган ҳамда гўзал калимани, миллатни ва оқибатни тасдиқлаган бўлса...

ﮯ ﮰ ﮱ

«...бас, Биз уни осонга муяссар қиламиз» (7-оят).

Ўтган оятдаги «гўзал» сўзи ҳақида айтган гапларни ушбу оятдаги «осон» сўзи ҳақида ҳам айтишимиз мумкин. Яъни ким молу дунёсидан садақа қилса, тақво қилса, гўзал калима, миллат ва оқибатни тасдиқ қилса, Биз уни осон йўлга, динга, амалга ва оқибатга муяссар қиламиз. Осон йўл – ҳидоят йўли, бу йўлда ҳеч қандай қи­йинчилик йўқ. Осон дин – Ислом дини, бу диннинг ақийдасида ҳам, ибодатларида ҳам ҳеч бир қийинчилик йўқ. Осон оқибат – жаннат, унда ҳамма нарса осонликдан иборат.

5. Аллоҳ таоло Бақара сурасида шундай дейди:

ﯝ ﯞ ﯟ ﯠ ﯡ ﯢ

«Эсла, вақтики, Байтни одамлар учун «масаба» ва омонлик жойи қилдик…» (125-оят)

Оятдаги «масаба» сўзи Қуръони Каримнинг мўъжизалигига, ҳамда араб тилининг қанчалик бой тил эканига далолат қилади. Тилимиздан бу сўзнинг айнан маъносини ифода этадиган сўзни топа олмай, унинг ўзини ёзиб қўйдик. «Масаба» «одамлар қайта-қайта келиб, тўймайдиган жой» деганидир. Каъбатуллоҳга неча бор келса ҳам, одам ҳар гал тўймай қолавериши, яна келгиси келавериши ҳам шу ояти кариманинг шарофати билан бўлса керак. Аллоҳ бу ерни омонлик юрти ҳам қилиб қўйган, ким бу ерга келса, омон бўлади. 

Бунга ўхшаш баёний мўъжизалар ҳақида жилд-жилд китоблар битилган ва битилмоқда. Биз эса баъзи жуда ҳам содда мисолларни келтирдик, холос.

 «Қуръон илмлари» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар .Аллоҳнинг уйларидан бирида бир қавм тўпланиб, Аллоҳнинг давоми...

5162 16:31 / 18.01.2018
Имом Бухорийнинг ривоятларида Абдуллоҳ ибн Аббос бундай дейди .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бадр куни чодир ичида туриб .Аллоҳим Сендан Ўзинг берган давоми...

5774 15:10 / 04.02.2019
Имом Забон ибн Алоъ ибн Аммор ибн Урён Мозаний Басрий. У киши ҳижрий 68 санада туғилиб, 154 санада вафот этган. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ва бошқалардан ҳадис давоми...

4278 15:00 / 15.12.2020
63. Роҳманнинг бандалари ер юзида тавозеъ ила юрадиган ва жоҳиллар хитоб қилганларида, .Салом,, дейдиганлардир.Роҳман васфли Аллоҳ таолонинг суюкли бандаси бўлиш давоми...

7113 16:43 / 07.09.2017