Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 2 жумадул аввал | 2024 йил 03 ноябрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Қуръони Карим дарслари (15-дарс). Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Қуръон (давоми)

15:10 / 07.01.2019 6216 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Муҳаммад алайҳиссалом фасоҳат ва балоғатда инсоният тарихидаги энг етук шахс бўлсалар-да, у кишидан содир бўлган гапларнинг бирортаси Қуръони карим услубига яқин ҳам келмайди. У зотнинг услублари қаёқда-ю, Қуръонни нозил қилган қудрат эгасининг услуби қаёқда! 

Бу борада уламолар ниҳоят даражада эҳтиёткор бўлишлари лозим. Ким ҳадиси қудсийни ривоят қиладиган бўлса, «Расулуллоҳ сол-лаллоҳу алайҳи васаллам Роббларидан ривоят қилган ҳадисларида шундай дедилар», ёки «Аллоҳ таоло Расули Ундан ривоят қилган ҳадисда шундай деди», ёхуд «Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда шундай деди» деган қайдлар билан айтиш унга вожиб бўлади. 

Биз ҳозир Қуръоннинг ожиз қолдирувчи экани хусусида сўз юритмоқчи эмасмиз. Ушбу китобнинг охирида бу мавзуга алоҳида боб ажратганмиз. Бизнинг мақсадимиз Аллоҳнинг каломи билан Расулининг ҳадиси орасида бениҳоя фарқ борлигини таъкидлаб қўйиш, холос. Бу фарқ тавқифий ва қудсий ҳадисларда кўриниши билан бирга, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дунёвий фикрлари хусусида янада равшан ва яққол намоён бўлади.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам инсоний, дунёвий, фикрий тажрибалари билан набавий, диний, қатъий тажрибалари орасини кескин аниқлаштириб, ажратиб қўйганлар. Дунё ишларида баъзи эҳтимолларни қилсалар, саҳобалар уларни ушлаб олмасликларини эслатиб турганлар. Агар Аллоҳдан, деб гапирсалар, уни маҳкам ушлашга буюрганлар. Зеро, бундай ҳадисларни ўзларидан тўқиб чиқармаганлар. Чунки у зот Аллоҳга нисбатан ёлғон гапирмайдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳақиқатни бир неча бор сўзлари ва амалларида ойдинлаштириб берганлар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисларида:

«Албатта, мен ҳам сизлар каби инсонман. Гумон хато қилади, тўғри ҳам бўлади. Лекин сизларга «Аллоҳ айтди», десам, ҳаргиз Аллоҳга ёлғон гапирмайман», деганлар.

Бошқа бир ҳадисда жанжаллашиб келганларнинг қалбларидаги нарсани билмасликларини, улар билан бирга бир даврда, бир шаҳарда яшасалар-да ёки инсонларга энг яқин бўлсалар-да, улар ичларида беркитган нарсани билмасликларини таъкидлайдилар:

«Албатта, мен ҳам инсонман. Сизлар менинг ҳузуримга тортишиб келасизлар. Ўз далилини ўтказишда баъзингиз бошқангиз-дан пеш бўлиши мумкин. Шунда мен эшитганимга кўра унинг фойдасига ҳукм чиқараман. Кимга биродари ҳаққидан бирор нарсани олиб берсам, уни олмасин. Чунки унга дўзахдан бир бўлак олиб берган бўламан».

Мисол учун, бир сафар Бану Убайриқ қабиласи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ўғрилик устида чиқараётган ҳукмларида адаштирмоқчи бўлишди. Ўғрини ҳимоя қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни унинг ўғри эмаслигига ишонтиришди ҳам. Ҳатто у зот Қатода ибн Нўъмонни: «Эй Қатода, Исломда ва салоҳиятда бўлган оилани ҳеч қандай ҳужжат ва далилсиз ўғриликда айблайсанми?!» дея койидилар. Шунда Аллоҳ таолонинг Нисо сурасидаги ушбу оятлари нозил бўлди:

ﯲﯳﯴﯵﯶﭑﭒﭓﭔﭕ ﭖﭗﭘﭙ

«...Сен хоинларнинг ёнини олувчи бўлма! Аллоҳдан мағфират сўра! Албатта, Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир» (105–106-оятлар).

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Бану Убайриқнинг хиёнат қилганини ва адаштиришга ҳаракат қилишганини билгач, Қатодага қилган дўқ ва итоблари учун Аллоҳ таолога истиғфор айтдилар.

Олдин кўриб ўтганимиздек, албатта, Қуръоний ваҳий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсий иродаларидан, инсоний табиатларидан ташқаридир. Ҳатто ваҳийнинг қачон нозил бўлиш ёки қачон тўхтаб қолишида ҳам у зотнинг ихтиёрлари йўқ. Баъзан ваҳий нозил бўлиши кўпайиб кетса, баъзан тўхтаб, у кишининг муҳтожликлари ортиб кетарди. Ваҳий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбларига турли шароитда, турли вақтда нозил бўларди. Бир сафар саҳобаларининг ораларида ўтирар эканлар, кўзлари юмилиб, тиниб қолдилар. Кейин бирдан бошларини кўтариб, табассум қилдилар. У зотга Кавсар сураси ваҳий қилинган эди. Бир куни уйларида эканларида кечанинг учинчи қисмида Тавба сурасининг жангга бормай, ортда қолган уч кишининг тавбаларини Аллоҳ қабул қилгани ҳақидаги оятлари нозил бўлди.

Албатта, ваҳий Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбларига зим-зиё тунда ҳам, чарақлаган кунда ҳам, қаҳратон совуқда ҳам ёки жазирама иссиқда ҳам, муқимликда ҳам, мусофирликда ҳам, бозорнинг ўртасида ҳам, жанг қизиган майдонда ҳам нозил бўлаверарди. Ҳатто Масжидул Ақсога тунда сайр қилганларида ва осмонларга кўтарилганларида ҳам ваҳий нозил бўлган эди.

Пайғамбарликнинг дастлабки кезлари ваҳий Эгаси уни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан маълум вақт узиб қўйди. У киши ваҳийга шавқу завқлари баланд, ниҳоятда талабгор эдилар.

Бир куни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам юриб кетар эканлар, тўсатдан осмондан бир овозни эшитиб, бошларини кўтардилар. Қарасалар, Ҳирода келган фаришта турибди. Ундан қўрқиб кетдилар. Титраганча вафодор завжалари Хадижа онамизнинг ҳузурига бордилар ва: «Мени ўраб қўйинглар!» дедилар. Шунда Аллоҳ таоло Муддассир сурасининг илк беш оятини нозил қилди. Шундан сўнг ваҳий тушиши тезлашиб, кетма-кет кела бошлади. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг руҳлари кўтарилиб, маҳзунлик, интизорлик ўрнини чуқур хурсандчилик эгаллади. Шундан ҳам кўриниб турибдики, ваҳий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хоҳишларига бўйсунмас, фикрларидан, шахсларидан ташқари эди. Шу тариқа ваҳий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбларига ўрнашиб борди. Бу ваҳийнинг манбаи ғайблар Билимдони бўлмиш Аллоҳ таолонинг Ўзи эди.

Маълумки, «ифк» воқеаси Ислом тарихида чуқур ўрин олган. Ифк ҳодисасидан кейин тўлиқ бир ой ваҳий нозил бўлмай қолганини ким ҳам эсдан чиқарарди?! Бу ҳодисада мунофиқлар Сиддиқнинг қизла-рини фоҳишаликда айблашди. У кишининг атрофларида шармандали гапларни шундай тарқатишдики, ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбларига шубҳа тушиб, мўминларнинг онаси бўлмиш жуфти ҳалолларига:

«Эй Оиша, менга шундай-шундай гаплар етиб келмоқда. Агар айбсиз бўлсанг, Аллоҳ сени оқлайди. Агар гуноҳга алоқанг бўлса, Аллоҳга истиғфор айт!» дедилар. 

Ушбу ҳодисада мунофиқлар пок сиддиқа онамиз хусусида етарлича иғво-бўҳтонларга шўнғиб туришар экан, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга бир ой давомида оят тушмай қолиши у зот учун бу бир ой узун йиллардан ҳам оғир бўлгани ҳеч кимга сир эмас. Хўш, нима учун Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ёстиққа бош қўйган жуфти ҳалолларига нисбатан шак ва изтироб ичида тўла бир ой сукут сақлаб, кутдилар? Зеро, бу ҳол мўминларнинг онасини оқловчи Нур сурасининг оятлари нозил бўлгунича давом этди. Шундай қалтис ҳолатда ҳам у зот Аллоҳ таолонинг ишига аралашмадилар. Ҳақ таолонинг Ўзи туҳматчиларнинг туҳматидан сиддиқани поклади.

Яна бир мисол: Аллоҳ таоло маълум муддат қиблани Каъбадан Байтул Мақдисга кўчирганида, мусулмонлар Байтул Мақдисга қараб намоз ўқиб турдилар. Лекин Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қибланинг Байтуллоҳ тарафга ўзгаришини қаттиқ хоҳлар эдилар. Бу тўғрида ваҳий нозил бўлиб қолармикин деб, ўн олти ёки ўн етти ой юзларини осмонга қаратиб илтижо қилдилар. Қуръоннинг Соҳиби эса Ўз Расулининг истагини бир ярим йилдан кейингина амалга оширди.

Нима учун Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари орзу-умидларининг рўёбга чиқишида ваҳийнинг тезлашишига кўмаклаша олмадилар? Чунки ваҳий Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Робби хоҳлаганида нозил бўлади. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Робби хоҳлаганда, ваҳий узилади. Дуолар, илтижолар бу ўринда ёрдам бермайди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хоҳиши само ишини олдинга ёки ортга сура олмайди. 

Аммо Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсий ҳолатлари билан ваҳий вазияти орасидаги равшан фарқни тушунишни хоҳламаган қадимги ва ҳозирги моддапарастлар у зотда иккита шахсият жамланган, бири сезувчи, сингдирувчи шахсият, иккинчиси сезмайдиган, сингдирмайдиган шахсият, деган фаразни олға суришади. Бошқача ибора билан айтганда, Муҳаммаднинг ҳуши баъзан ўзида бўлган, баъзан ўзида бўлмаган, демоқчи бўлишади. Инсофли, холис тадқиқотчи ушбу фаразлар бирор ақлга ёки заррача шуурга тўғри келади, деб эътироф этиши мумкинми?

Яна шуни эслаб ўтиш лозимки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбларидаги титроқ у зотни ўраб олган қўрқинчдан эди. Чунки Аллоҳ таоло айтганидек, ваҳий у зотга кутилмаганда, тўсатдан нозил бўлган эди.

Аллоҳ таоло Қосос сурасида марҳамат қилади:

ﭦﭧﭨﭩﭪﭫﭬﭭﭮﭯﭰ

«Ўзингга Китоб нозил қилинишидан умидвор ҳам эмас эдинг. Илло, Роббинг раҳмати бўлиб (нозил бўлди)…» (86-оят).

«Сени Қуръон ҳақида айблашмоқда. Аслида сен ўзингга илоҳий Китоб тушишини ўйлаб ҳам кўрмаган, унга эга бўлиш учун уринмаган ҳам эдинг. Аммо Аллоҳ сенга Ўз раҳматидан Қуръонни нозил қилди. Бу иш сенинг хоҳишинг билан эмас, балки Аллоҳнинг хоҳиши билан бўлди».

Аллоҳ таоло Шуро сурасида марҳамат қилади:

ﭑﭒﭓﭔﭕﭖﭗﭘﭙﭚﭛﭜﭝ ﭞﭟﭠﭡﭢﭣﭤﭥﭦﭧ

«Шундай қилиб, сенга Ўз амримиздан бир руҳни ваҳий қилдик. Китоб нима, иймон нима, идрок қилмас эдинг. Лекин уни бир нур қилдикки, у билан бандаларимиздан хоҳлаганимизни ҳидоят қилурмиз…» (52-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдаги ваҳий пайти содир бўладиган қалб титроғида аъзолари музлаб қолмас эди. Одатда бундай ҳол қўрққан одамда содир бўлади. Бунда кишининг юзи оқариб, тишлари тақиллайди. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламда эса бунинг акси бўлар эди. Ҳароратлари кўтарилиб, юзлари қизариб, ҳатто пешоналаридан тер чиқиб кетар, жисмлари оғирлашарди. Юқорида кўриб ўтганимиздек, ёнларида ўтирган кишининг сони у зотнинг сонларига тегиб турган бўлса, ёрилиб кетай дер эди. Хадижа онамизга ўзларини ўраб қўйишни илтимос қилишларидан мақсад кўрпага ўраниб, ғайбий қувват таъсиридан, оғир сўз босимидан бир оз тин олишдан бошқа нарса эмас эди. Шунинг учун ҳам ваҳий тўхтаб, унинг таъсири узилгач, Аллоҳ таоло у зотни Ўзига даъват қилиш байроғини кўтариб, сапчиб туришга буюрди:

«Эй бурканиб ётган! Тур! Огоҳлантир!» (Муддассир сураси, 1-2-оятлар),

«Эй ўраниб ётган! Кечанинг озгинасидан бошқасини (ибодатда) бедор ўтказ!» (Муззаммил сураси, 1-2-оятлар).

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбий қувватлари, онглари ваҳийни биринчи бор қабул қилиб олган пайтларида қандай етук ва сезгир турган бўлса, ундан кейин, ҳар сафар ваҳий келганда ҳам бир хил маромда турди. Қабул қилиб, сингдириб олишларининг мукамм-аллиги, ғайратларининг ҳаракатчанлиги ва асабларининг қуввати ажойиб савияда бўлди. Тарқоқ фикрларни жамлашга бўлган ҳозирлик воситаларига ҳеч қандай эҳтиёж бўлмади. Ваҳий нозил бўлаётган пайтда бирор марта бўлса ҳам асабнинг тарқоқлиги ва қандайдир касалликларнинг ориз бўлиши каби ҳолатлар кузатилмади.


«Қуръон илмлари» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Имом Али алКисоий қироати.1 Абу Амр адДурий ривояти.Бизга уни Муҳаммад Абу Муҳаммад Абдурраҳмон ибн Умар ибн Муҳаммад алМуаддал хабар берган. У айтганки.Бизга давоми...

1736 13:30 / 02.03.2021

4285 17:04 / 08.01.2017
иккинчи мақола1924 йил август ойида Ислом жамияти раиси Шайх Муҳаммадхўжа, муфтий Заҳириддин Аълам, ҳукумат вакили Саидқосим Хўжаев ва бошқалар Уфа Диний давоми...

3996 17:50 / 17.12.2019
96. Одамларга муборак, оламларга ҳидоят қилиб қўйилган биринчи уй, Баккадаги уйдир.97.Унда очиқ аломатлар ва мақоми Иброҳим бор. Ким унга кирса, тинч бўладир. давоми...

9998 05:00 / 23.01.2017
Аудиолар

133325 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

53672 14:35 / 11.08.2021