Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 23 жумадис сони | 2025 йил 14 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Қуръони Карим дарслари (9-дарс). Қуръон ваҳийсининг бошланиши

18:03 / 26.11.2018 8322 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам қирқ ёшга етганларида ёлғизликни хоҳлаб қолдилар. Макка атрофидаги тоғлардан биридаги «Ҳиро» номли ғорга кириб, бир неча кунлаб «таҳаннус» деб аталган ибодат қилдилар. Дунёнинг муаммолари ҳақида, ундаги разолатларни қандай йўқотиш, ҳақиқатни, адолатни юзага чиқариш ва бошқа муҳим ишлар тўғрисида ёлғиз ҳолда фикр юритдилар. Баъзида уйга озиқ-овқат учун ўзлари тушар, баъзан эса уйдан озиқ-овқат келтириб беришарди. Бу эса у зотни Аллоҳ таоло тарафидан пайғамбарликка тайёрлаш эди. 

Кунлардан бир куни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳиро ғорининг оғзига чиқишлари билан «Ўқи!» деган гулдурос овозни эшитдилар. У зот: «Ўқишни билмайман», деб жавоб бердилар. Бир нарса елкаларидан сиқди-да, қўйиб юбориб, яна: «Ўқи!» деди. У зот алайҳиссалом яна: «Ўқишни билмайман», дедилар. Бу ҳол уч марта такрорланганидан сўнг гулдурос овоз Алақ сурасининг дастлабки беш оятини ўқиди. Унинг сўзлари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбларига тошга ўйилгандек муҳрланиб қолди. У киши нима бўлаётганини тушуна олмай, қўрқиб кетдилар ва шошиб уйга қайтдилар. Ранглари оқарган ҳолда уйларига кириб: «Мени ўраб қўйинг­лар», деб ётиб олдилар. Бир оз ўзларига келгач, бўлган воқеани жуфти ҳалоллари Хадижа онамизга сўзлаб бердилар. У киши: «Яхшилик бўлса керак, чунки сиз доимо барчага яхшилик қиласиз, сиздай одамга ёмонлик етмайди», деган маънодаги сўзларни айтиб, у зотни тинчлантирди. Кейин икковлари Хадижа розияллоҳу анҳонинг амакиваччалари Варақа ибн Навфалнинг олдига йўл олдилар. Варақа кўпни кўрган, илоҳий китоблардан бохабар, улуғ ёшдаги киши эди. Хадижа онамиздан бўлган воқеани эшитгач: «Суюнчи бер, жиян, Муҳаммадга Мусо пайғамбарга келган фаришта келибди, у охирги умматнинг Пайғамбари бўлибди», деди. У Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари билан ҳам гаплашиб, иш нимада эканини тушунтирди.

Бу инсоният тарихидаги энг саодатбахш кун эди. Чунки инсоният маълум бир босқичга етган пайтда Аллоҳ таоло Ўзининг баркамол дини бўлмиш Исломнинг дастури – Ўзининг охирги Китобини Ўзининг сўнгги Расулига нозил қилишни бошлаган эди. Шу кундан эътиборан, адашиб юрган инсониятга Аллоҳ таолонинг Ўзи йўл кўрсатишни ирода қилган, Арш билан ер орасида яна қайтадан боғланиш бошланган эди. Шу кундан инсоният тарихида бахтли соатлар саноғи ибтидо топди. Аста-секин оятлар нозил бўлаверди. Бу жараён 13 йил Маккада ва 10 йил Мадинада – жами 23 йил давом этди.

 

«Қуръон илмлари» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қуръони Каримни араб ҳарфлардан бошқа алифбода ёзиш ҳақида Яқин кишиларимиздан бири менга бир китобни узатар экан, .Бу ҳам Қуръонми, деб сўраб қолди. Қарасам, давоми...

10074 13:00 / 16.11.2021
биринчи қисмМуташобиҳ уч қисмга тақсимланади1. Фақат лафз жиҳатидан муташобиҳ.2. Фақат маъно жиҳатидан муташобиҳ.3. Ҳам лафз жиҳатидан, ҳам маъно жиҳатидан давоми...

4663 14:40 / 14.07.2020
Диёримиз Ислом дини нури ила мунаввар бўлганига ўн беш аср бўлди. Бу давр мобайнида халқимиз ичидан авлодларга кўплаб маданий мерос қолдирган буюк алломалар, давоми...

19519 05:00 / 19.01.2017
Аллоҳ таоло Фотир сурасида шундай марҳамат қилади .Биз сенга ваҳий қилган китоб ўзидан олдинги нарсани тасдиқловчи ўлароқ айни ҳақдир. Албатта, Аллоҳ Ўз давоми...

985 19:00 / 20 октябрь
Аудиолар

213397 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132616 14:35 / 11.08.2021