Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
«Ва сенга Китобни ҳақ ила, ўзидан олдинги китобларни тасдиқловчи ва уларнинг устидан назорат этгувчи қилиб нозил айладик», деган («Моида» сураси, 48-оят).
Қуръон, ундан келиб чиқадиган Ислом шариати Аллоҳ томонидан тушган. Уни туширувчи бутун борлиқнинг Робби, Аллоҳ таолонинг Ўзидир.
Ким уни инкор этса, Аллоҳни инкор этади. Ким Қуръонни беҳурмат қилса, Аллоҳни беҳурмат қилган бўлади. Ислом шариатига нисбатан паст назар билан қараган кимса Аллоҳга паст назар билан қараган бўлади.
Қуръон ва шариат таълимотлари ила иш тутишдан бош тортган одам Аллоҳнинг таълимотларидан бош тортган бўлади. Ким шундай қилса, ҳеч қандай ҳолда ўзини мусулмон деб аташга унинг ҳаққи йўқ.
Бу оятда Қуръони Карим қандай сифатланаётганига қаранг:
«…ўзидан олдинги китобларни тасдиқловчи ва уларнинг устидан назорат этгувчи».
Яъни Қуръони Карим ўзидан олдинги китобларда келган илоҳий таълимотларни тасдиқлайди. У охирги ва боқий Китоб, шунинг учун ҳам олдинги китобларга ҳақиқий баҳони у беради.
Қуръони Карим охирги Китоб бўлгани учун ҳам у ҳамма таълимотлар устидан нозир ва ҳакамдир. Улардаги ихтилоф ва келишмовчиликлар ҳақидаги ҳукмлар ҳам Қуръондан чиқади.
Аллоҳ таоло яна:
«Биз туширган ушбу Китоб муборакдир, ўзидан олдингини тасдиқловчидир. Уммул Қуро (шаҳарлар онаси) ва унинг атрофини огоҳлантиришинг учундир. Охиратга иймон келтирадиганлар унга иймон келтирурлар. Ва улар намозларини муҳофаза қилурлар», деган («Анъом» сураси, 92-оят).
Бу ояти каримада Аллоҳ таоло Ўзининг сўнгги Китоби бўлмиш Қуръони Каримнинг баъзи васфларини келтирмоқда.
«Биз туширган ушбу Китоб муборакдир».
Унинг баракаси ҳамма томондандир: у тушган жой муборак жойдир, уни туширган Зот муборакдир, уни қабул қилиб олган зот муборакдир, уни татбиқ қилган уммат муборакдир. Унинг сўзлари оз бўлса ҳам, маънолари баракалидир. Уни ўқиб, англаган, амал қилган инсоннинг умри, ризқ-рўзи баракали бўлади.
«...ўзидан олдингини тасдиқловчидир».
Яъни Қуръони Карим ўзидан олдин келган бошқа илоҳий китобларни тасдиқловчи ҳам бўлиб келгандир. Бу Китобни туширишдан мақсад:
«Уммул Қуро (шаҳарлар онаси) ва унинг атрофини огоҳлантиришинг учундир».
Уммул Қуро деб, Маккаи Мукаррама назарда тутиляпти. Бу муқаддас шаҳар қадимдан араблар орасида шу ном билан ҳам машҳур бўлган.
Чунки бу муборак шаҳарда Аллоҳга ибодат этиш учун қурилган дунё ва башарнинг биринчи уйи – Байтуллоҳ бор. Бу уйни Аллоҳ ҳамма учун суюкли ва омонлик маскани қилиб қўйган.
Охирги Пайғамбарининг туғилишининг ҳам худди шу шаҳарда бўлишини ирода қилган. Ўзининг охирги Китоби – Қуръони Каримни ҳам шу шаҳарда нозил эта бошлаган. Бу Китобни нозил қилишдан мақсад, аввал айтилганидек:
«Уммул Қуро (шаҳарлар онаси) ва унинг атрофини огоҳлантиришинг учундир».
Ушбу жумланинг тафсирини, у ҳақда айтилган фикр-мулоҳазаларни ўрганар эканмиз, Қуръони Карим ҳақиқий илоҳий мўъжиза эканига, одамлар уни тушунишда илмларига қараб турли ҳолларга тушишлари ҳам мумкинлигига ишонч ҳосил қиламиз.
Ушбу оятлар нозил бўлган пайтда кишилар «Аллоҳ таоло Макка шаҳри ва унинг атрофини огоҳлантириш, тўғри йўлга солиш учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръонни нозил қилибди», деб кетаверганлар.
Кейинроқ баъзи Ислом душманлари «Муҳаммад аввал фақат Макка ва унинг атрофидаги баъзи жойларни қўлга олишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган эди. Шу боисдан ҳам Қуръоннинг дастлабки босқич оятларида «Уммул Қуро(шаҳарлар онаси)ни ва унинг атрофини огоҳлантиришинг учундир», дейилган», деб даъво қилганлар.
Мусулмон уламолар бундай душманларга қарши кучли ҳужжат-далиллар билан ўз вақтида жавоб берганлар: «Дастлабки оятларданоқ Ислом бутун дунё учун эканлигини билдирувчи очиқ-ойдин далиллар кўп, улардан «Анбиё» сурасидаги «Биз сени фақат оламларга раҳмат қилиб юбордик» ояти, «Сабаъ» сурасидаги «Биз сени фақат барча одамларга башоратчи ва огоҳлантирувчи қилиб юбордик», ояти ана шундай очиқ-ойдин далиллардир», деганлар.
Кейинроқ илм тараққий этиб, жумладан, жуғрофия илмидаги буюк кашфиётлар натижасида олимлар Маккаи Мукаррама ер куррасидаги қуруқликнинг энг маркази эканини аниқладилар.
Бу кашфиётлардан сўнг шаҳар ва қишлоқларнинг шимолий қутбини ва Маккаи Мукаррамага нисбатан жойлашиш даражасига қараб қиблани аниқлайдиган жадвал ва асбоблар ихтиро қилинди. Энг муҳими, «Уммул Қуро (шаҳарлар онаси) ва унинг атрофини огоҳлантиришинг учундир» деган ибора аслида «бутун оламларни даъват қилиш учундир», деган маънода эканини тушуниб етдилар.
Ҳа, бу Китоб шундай Китоб. Унга иймон келтириш ҳар кимга ҳам насиб этавермайди.
«Охиратга иймон келтирадиганлар унга иймон келтирурлар».
Уларнинг охиратга иймон келтиришлари – Аллоҳнинг Пайғамбарига ва у зотга Китоб туширишига ҳам иймон келтириш, демакдир. Шунингдек, уларнинг охиратга иймон келтиришлари, охиратдан умидвор бўлишлари яна бошқа кўплаб эзгу ишларга ҳам чорлайди. Хусусан:
«...улар намозларини муҳофаза қилурлар».
Чунки намоз иймоннинг тасдиғидир. Кимнинг охиратга иймони бўлса, Қуръонга иймон келтиради ва намоз ўқийди.
«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 30-жузи
Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 23 январдаги 03-07/362-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.