Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Қуръонни Аллоҳ таоло ҳақ Китоб қилиб юборган | Қуръони Карим дарслари (169-дарс)

19:00 / 15 сентябрь 1093 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Қасос сурасида марҳамат қилади:

«У(Қуръон)дан олдин китоб берилганлар – улар унга иймон ‎келтирурлар. Уларга тиловат қилинган чоғда: «Унга ‎иймон келтирдик. Албатта, у Роббимиздан келган ‎ҳақдир. Албатта, биз бундан олдин ҳам мусулмон ‎эдик», дедилар. Ана ўшаларга сабр қилганлари учун ‎ажрлари икки марта берилур. Яхшилик ила ёмонликни ‎дафъ қилурлар ва уларга ризқ қилиб берган ‎нарсаларимиздан нафақа қилурлар‎», деган (52-54-оятлар).

Яъни «Қуръон келишидан олдин илоҳий китоб – Таврот ва Инжил берилган кишилар Қуръонга ҳам иймон келтирурлар».

Бу ояти карима тушган пайтда яҳудийлардан ҳам, масиҳийлардан ҳам иймон келтириб, мўмин-мусулмон бўлган кишилар бор эди. Оятда ана шунга ишора қилинмоқда.

Улар Таврот ва Инжилни яхши тушунган, инсоф билан иш тутган кишилар бўлиб, ўз муқаддас китобларидаги башоратларни мулоҳаза қилганларидан сўнг Қуръоннинг ҳақиқий илоҳий китоб эканини тан олиб, иймонга келган эдилар. Агар бу иш воқеъликда бўлмаганида, кофирлар ушбу оятга дарҳол эътироз билдирган бўлардилар.

Муҳаммад ибн Исҳоқнинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари ҳақидаги китобида қуйидагилар келтирилади:

«Сўнгра Маккада турганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига йигирматача насоролар келишди. У кишининг хабарларини Ҳабашистонда эшитишган эди.

Улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни масжидда топишди. У киши билан ўтириб, гаплашишди. Савол беришди. Қурайш одамлари эса Каъба атрофида ўз суҳбатхоналарида эдилар.

Бу насоролар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан хоҳлаган нарсаларини сўраб бўлганларидан кейин у зот уларни Аллоҳга даъват қилдилар, уларга Қуръон тиловат қилиб бердилар.

Улар Қуръон тинглаганларида кўзларидан дув-дув ёш тўкдилар. Сўнгра Аллоҳнинг даъватига истижобат этиб, Унга иймон келтириб, тасдиқ қилдилар. Улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламда ўз китобларида васф қилинган сифатларни кўрдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларидан қайтиб кетаётганларида бир гуруҳ қурайшликлар билан Абу Жаҳл ибн Ҳишом уларнинг йўлларини тўсиб чиқиб:

«Аллоҳ додингларни берсин! Ўз динингиз аҳли сизни бу томон юборса, энди уларга бу одамнинг хабарини олиб борасизларми?! Унинг олдида озгина ўтириб, динингизни тарк этиб, уни тасдиқладингизми?! Сиздан кўра аҳмоқроқ гуруҳ кўрмаган эдик!» дедилар.

Шунда улар қурайшликларга:

«Сизга саломлар бўлсин. Биз сизларга ўхшаб, жоҳиллик қилмаймиз. Бизга ўзимиз, сизга ўзингиз ихтиёр қилган нарса бўлсин. Биз ўзимизга яхшилик топа олмай қилганимиз йўқ», дедилар».

Илгари китоб берилганларнинг бу шаклда иймон келтирганлари Қуръоннинг ҳақ Китоб эканига яна бир далилдир. Қуръон ўқилса, улар ўзларини мушрикларга ўхшаб тутмайдилар, балки тамоман бошқача тутадилар.

«Уларга тиловат қилинган чоғда: «Унга ‎иймон ‎келтирдик. Албатта, у Роббимиздан келган ‎ҳақдир. ‎Албатта, биз бундан олдин ҳам мусулмон ‎эдик», ‎дедилар».

Яъни аҳли китоб бўлган яҳудий ва насороларга Қуръон тиловат қилинса, уни эшита туриб:

«Унга ‎иймон келтирдик».

Яъни «Биз Қуръонга иймон келтирдик».

«Албатта, у Роббимиздан келган ‎ҳақдир».

Яъни «Қуръонни Аллоҳ таоло ҳақ Китоб қилиб юборганига ҳеч шак-шубҳа йўқдир».

«Албатта, биз бундан олдин ҳам мусулмон ‎эдик», ‎дедилар».

Яъни «Қуръон келишидан олдин ҳам мусулмон эдик».

Чунки Аллоҳдан келган ҳар бир динга ишонган кимса мусулмон ҳисобланади. Ушбу аҳли китоблар ҳам Аллоҳни бир деб билганлар. Унинг китоблари ва Пайғамбарларига ишонганлар ҳамда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг келишларини орзиқиб кутганлар. Энди у зотга иймон келтирдилар.

«Ана ўшаларга сабр қилганлари учун ‎ажрлари икки ‎марта берилур. Яхшилик ила ёмонликни ‎дафъ ‎қилурлар ва уларга ризқ қилиб берган ‎‎нарсаларимиздан нафақа қилурлар».

Аҳли китоблардан кимки иймон келтириб, мусулмон бўлса, икки ҳисса ажр олади. Ўз динларига иймон келтиргани учун бир ажр, Исломга киргани учун яна бир ажр берилади.

Имом Бухорий Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагиларни айтганлар:

«Уч тоифа одамларга ажрлари икки марта берилади. Аҳли китобдан бўлган одам ўз Пайғамбарига иймон келтирса, сўнгра менга иймон келтирса; бир қул Аллоҳнинг ҳаққини ҳам, хожасининг ҳаққини ҳам адо қилса; бир кишининг чўриси бўлса-ю, уни яхшилаб тарбия қилиб, сўнгра озод қилиб, унга уйланса».

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилган ҳадисда Қосим ибн Абу Амома:

«Фатҳ куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам минган улов ёнида бора туриб, ғоят гўзал, ширин гапларини эшитдим. Гаплари орасида: «Икки китоб аҳлидан ким мусулмон бўлса, унга икки марта ажр берилур. Бизга бўлган имтиёзлар унга-да бўлур. Бизга юклатилган масъулиятлар унга ҳам юклатилур», дедилар», деб айтганлар.

Ҳа, ояти карима уларга ажр икки ҳисса берилишининг сабабини ҳам айтиб ўтмоқда:

«Ана ўшаларга сабр қилганлари учун ‎ажрлари икки ‎марта берилур».

Улар Исломни сабр билан кутдилар. Бошқаларга ўхшаб, адашиб кетганлари йўқ. Аввал ўз динларида тўғри  юришга  интилдилар. Кейин эса Исломга ўтиш машаққатларига сабр қилдилар. Шунинг учун ҳам уларга ажр икки марта берилади.

«Яхшилик ила ёмонликни ‎дафъ ‎қилурлар».

Бу ҳам сабрдир. Ўзларининг собиқ диндошлари, кофирлар уларга ёмонликлар қиладилар, уларни масхара этадилар. Аммо бу аброр кишилар кофирларнинг ёмонликларини ҳам яхшилик билан қайтарадилар.

«...ва уларга ризқ қилиб берган ‎‎нарсаларимиздан ‎нафақа қилурлар».

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 30-жузи

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 23 январдаги 03-07/362-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ осмонлару ерни яратган, осмондан сув тушириб, у ила меваларни сизга ризқ қилиб чиқарган, Ўз амри ила денгизда сузмоғи учун кемаларни сизга беминнат давоми...

4426 19:13 / 12.03.2018
Улуми Қуръон ва унга боғлиқ мавзуларда .Қуръони Каримнинг жамланиши, деганда икки маъно ифода қилинади.Биринчи маъно ndash Қуръони Каримнинг ёд олиниши ndash давоми...

5888 13:55 / 21.08.2019
30. Бир гуруҳни ҳидоят қилди. Бошқа гуруҳга йўлдан озиш ҳақ бўлди. Чунки улар Аллоҳни қўйиб шайтонларни ўзларига дўст тутдилар. Ҳамда ўзларини, албатта, ҳидоят давоми...

3965 05:00 / 23.01.2017
Аллоҳ таоло охирги ва абадий дастури ndash Қуръони Каримда бошқа масалалар қаторида ҳалол ва ҳаром масаласини ҳам батафсил баён қилиб берди.У Зот Аъроф сурасида давоми...

4915 17:15 / 30.04.2018
Аудиолар

211011 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130271 14:35 / 11.08.2021