1447 йил 9 шаъбон | 2026 йил 28 январь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

У сизга барча сўраган нарсаларингиздан берди

19:13 / 12.03.2018 4512 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ осмонлару ерни яратган, осмондан сув тушириб, у ила меваларни сизга ризқ қилиб чиқарган, Ўз амри ила денгизда сузмоғи учун кемаларни сизга беминнат хизматкор қилиб қўйган ва анҳорларни сизга беминнат хизматкор қилиб қўйган Зотдир.

Бу ояти каримадаги маънони бир оз чуқурроқ ўйлаб кўрсак, Аллоҳ дунёдаги барча нарсани бизларга неъмат қилиб берганини англаб етамиз.

«Аллоҳ осмонлару ерни яратган...»

Ким учун? Инсон учун, албатта. Осмондаги ҳамма нарса инсонга хизмат қилади. Ер ва ундаги жамики нарса инсон учун яратилган, унга хизмат этади. Аллоҳ яна:

«...осмондан сув тушириб, у ила меваларни сизга ризқ қилиб чиқарган...»

Аллоҳ осмондан сувни қор ёки ёмғир шаклида инсон учун туширади. Ўша сув нафақат меваларга, балки инсон ва унга хизмат қиладиган барча жамодот – тоғ-тош, қум-тупроқ каби руҳсиз нарсалар, наботот ва ҳайвонотларга ҳам фойдалидир. Буларнинг барчасидан охир-оқибатда инсон манфаат топади.

Аллоҳ:

«...Ўз амри ила денгизда сузмоғи учун кемаларни сизга беминнат хизматкор қилиб қўйган...»

Кемаларнинг денгизда, сувнинг юзида сузиб юриши ҳам мўъжиза. Ҳар бири алоҳида-алоҳида сувга солинганда чўкиб ёки оқиб кетадиган нарсаларни кема ҳолига келтирилса, сузиб, инсонга хизмат қиладиган хусусиятга эга қилиб қўйган Аллоҳ буни ҳам инсон учун қилгандир. Бу ҳам Аллоҳнинг неъматидир.

«...ва анҳорларни сизга беминнат хизматкор қилиб қўйган Зотдир».

Анҳорлар, дарёлар ҳам инсон учун кўплаб неъматлар манбаидир.

«Иброҳим» У қуёш ва ойни муттасил ҳаракатлантириб, сизга беминнат хизматкор қилиб қўйди. Шунингдек, сизга кеча ила кундузни ҳам беминнат хизматкор қилиб қўйди.

Қуёш билан ой тинимсиз ҳаракатда бўлиб, доимий равишда инсонга хизмат қилади. Кеча билан кундуз ҳам доимо бир-бири билан алмашиб туради. Шу билан бирга, ҳар доим инсоннинг хизматида бўлади. Уларни Аллоҳ шундай яратиб қўйган.

Лекин булар билан Аллоҳнинг инсонларга ато қилган неъматлари тамом бўлиб қолмайди.

«Иброҳим» Ва У сизга барча сўраган нарсаларингиздан берди. Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангиз, саноғига ета олмассизлар. Албатта, инсон ўта золим ва ўта ношукрдир.

Аввалги оятларда тилга олинган умумий неъматлардан ташқари, Аллоҳ бандаларига улар сўраган мол-дунё, фарзанд, сиҳат-саломатлик, роҳат-фароғат каби кўплаб неъматлардан ҳам беради. Хулоса қилиб айтилганда:

«Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангиз, саноғига ета олмассизлар».

Аллоҳ таолонинг инсонларга ато этган неъматларини замон ҳам, макон ҳам, саноқ ҳам қамраб ола билмайди. Хўш, маълум замонда, маълум маконда яшайдиган, маълум илмга эга одамлар қандай қилиб уларни санай олади? Шундай бўлгач, барча инсонлар бу беҳисоб неъматлар учун ҳар доим ҳисобсиз шукрлар айтишлари керак эди. Афсуски, улар Аллоҳга ширк келтириб, кофир бўлиб юрибдилар.

«Албатта, инсон ўта золим ва ўта ношукрдир».


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Тафсири Ҳилол китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Каҳф сурасида шундай марҳамат қилади .Бандасига китоб нозил этган ва унда ҳеч бир эгрилик қилмаган Аллоҳга ҳамд бўлсин. Уни Ўз ҳузуридан бўладиган давоми...

1666 19:00 / 28.07.2025
Динимиз Ислом инсонийлик динидир, одобахлоқ динидир, яхшилик ва эзгулик динидир. Исломга кўра, инсон ўлиши билан унут бўлмайди ва шу боис, унинг тириклар зиммасида давоми...

39758 12:01 / 17.04.2023
Имом Забон ибн Алоъ ибн Аммор ибн Урён Мозаний Басрий. У киши ҳижрий 68 санада туғилиб, 154 санада вафот этган. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ва бошқалардан ҳадис давоми...

6207 15:00 / 15.12.2020
173. Уларга кишилар .Албатта, одамлар сизга қарши куч тўпладилар, улардан қўрқинглар,, деганда, иймонлари зиёда бўлди ва .Бизга Аллоҳнинг Ўзи етарли ва У қандай ҳам давоми...

10450 05:00 / 23.01.2017