Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 2 жумадул аввал | 2024 йил 03 ноябрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Қуръони Карим дарслари (58-дарс). Қуръони Каримнинг ҳазрати Усмон даврларидаги жамланиши

15:05 / 05.11.2019 5458 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(биринчи мақола)

Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларида Қуръони Карим муҳофазаси учун яна бир иш қилиш зарурати туғилиб қолди. Ўша вақтга келиб, кўп диёрлар фатҳ қилиниб, турли араб бўлмаган халқлар мусулмон бўлгач, кишиларга Қуръони Каримдан таълим бериш учун устозлар етишмай қолди ва қатор бошқа сабаблар юзага келиб, Қуръони Каримни қироат қилишда ихтилоф бошланди.

Қуръони Карим муҳофазасига боғлиқ бу улкан хатарни биринчи бўлиб Озарбайжонни фатҳ қилишда юрган саҳобий Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳу англаб етдилар. У киши жангни ташлаб, пиёда Мадинаи Мунавварага қайтиб бордилар ва халифа Усмон розияллоҳу анҳунинг олдиларига кириб:

«Умматни яҳудий ва насороларга ўхшаб, Аллоҳнинг китоби тўғрисида ихтилоф қилмасидан олдин сақлаб қол», дедилар. Яна баҳс ва тортишувлар бўлиб ўтди. Нима бўлган бўлса ҳам, Қуръони Каримнинг муҳофазаси учун бўлди. Охири Абу Бакр розияллоҳу анҳу даврларида ёзилган мусҳафдан нусхалар кўчириш ва уларни биттадан қори билан турли марказларга юборишга қарор қилинди.

عَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ حُذَيْفَةَ بْنَ الْيَمَانِ قَدِمَ عَلَى عُثْمَانَ وَكَانَ يُغَازِي أَهْلَ الشَّامِ فِي فَتْحِ إِرْمِينِيَةَ وَأَذْرَبِيجَانَ مَعَ أَهْلِ الْعِرَاقِ، فَأَفْزَعَ حُذَيْفَةَ اخْتِلَافُهُمْ فِي الْقِرَاءَةِ، فَقَالَ حُذَيْفَةُ لِعُثْمَانَ: يَا أَمِيرَ الْمُؤْمِنِينَ، أَدْرِكْ هَذِهِ الْأُمَّةَ قَبْلَ أَنْ يَخْتَلِفُوا فِي الْكِتَابِ اخْتِلَافَ الْيَهُودِ وَالنَّصَارَى، فَأَرْسَلَ عُثْمَانُ إِلَى حَفْصَةَ أَنْ أَرْسِلِي إِلَيْنَا بِالصُّحُفِ نَنْسَخُهَا فِي الْمَصَاحِفِ ثُمَّ نَرُدُّهَا إِلَيْكِ، فَأَرْسَلَتْ بِهَا حَفْصَةُ إِلَى عُثْمَانَ، فَأَمَرَ زَيْدَ بْنَ ثَابِتٍ، وَعَبْدَ اللهِ بْنَ الزُّبَيْرِ، وَسَعِيدَ بْنَ الْعَاصِ، وَعَبْدَ الرَّحْمَنِ بْنَ الْحَارِثِ بْنِ هِشَامٍ، فَنَسَخُوهَا فِي الْمَصَاحِفِ، وَقَالَ عُثْمَانُ لِلرَّهْطِ الْقُرَشِيِّينَ الثَّلَاثَةِ: إِذَا اخْتَلَفْتُمْ أَنْتُمْ وَزَيْدُ بْنُ ثَابِتٍ فِي شَيْءٍ مِنَ الْقُرْآنِ فَاكْتُبُوهُ بِلِسَانِ قُرَيْشٍ، فَإِنَّمَا نَزَلَ بِلِسَانِهِمْ، فَفَعَلُوا حَتَّى إِذَا نَسَخُوا الصُّحُفَ فِي الْمَصَاحِفِ رَدَّ عُثْمَانُ الصُّحُفَ إِلَى حَفْصَةَ، وَأَرْسَلَ إِلَى كُلِّ أُفُقٍ بِمُصْحَفٍ مِمَّا نَسَخُوا، وَأَمَرَ بِمَا سِوَاهُ مِنَ الْقُرْآنِ فِي كُلِّ صَحِيفَةٍ أَوْ مُصْحَفٍ أَنْ يُحْرَقَ. وَقَالَ زَيْدِ بْنِ ثَابِتٍ: فَقَدْتُ آيَةً مِنَ الْأَحْزَابِ حِينَ نَسَخْنَا الْمُصْحَفَ، قَدْ كُنْتُ أَسْمَعُ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم يَقْرَأُ بِهَا فَالْتَمَسْنَاهَا فَوَجَدْنَاهَا مَعَ خُزَيْمَةَ بْنِ ثَابِتٍ الْأَنْصَارِيِّ ﮋﭑ ﭒ ﭓ ﭔ ﭕ ﭖ ﭗ ﭘﭙ ﮊ، فَأَلْحَقْنَاهَا فِي سُورَتِهَا فِي الْمُصْحَفِ. رَوَاهُمَا الْبُخَارِيُّ وَالتِّرْمِذِيُّ. وَزادَ: فَاخْتَلَفُوا فِي التَّابُوتِ وَالتَّابُوهِ، فَقَالَ الْقُرَشِيُّونَ بِالْأَوَّلِ، قَالَ زَيْدٌ بِالثَّانِي، فَرَفَعُوا اخْتِلَافَهُمْ إِلَى عُثْمَانَ، فَقَالَ: اكْتُبُوهُ بالتَّابُوتِ، فَإِنَّهُ نَزَلَ بِلِسَانِ قُرَيْشٍ.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Ҳузайфа ибн Ямон Усмоннинг олдига келди. У Шом аҳли ҳамда Ироқ аҳли билан Арманистон ва Озарбайжонни фатҳ қилишда ғазот қилаётган эди. Уларнинг қироатдаги ихтилофлари Ҳузайфани даҳшатга солган эди. Ҳузайфа Усмонга: «Эй мўминларнинг амири, бу умматни Китоб атрофида яҳудий ва насороларнинг ихтилофига ўхшаш ихтилофга тушмасидан олдин сақлаб қол!» деди. Усмон Ҳафсага одам юбориб: «Бизга саҳифаларни бериб юбор. Улардан мус­ҳафларга нусха кўчирамиз. Сўнгра сенга қайтариб берамиз», деди. Ҳафса уларни Усмонга юборди. У Зайд ибн Собит, Абдуллоҳ ибн Зубайр, Саъид ибн Осс ва Абдурраҳмон ибн Ҳорис ибн Ҳишомга буюрди, улар ундан мусҳафларга нусха кўчирдилар.

Усмон уч кишилик қурайшликлар тўпига: «Агар сизлар Зайд билан Қуръондаги бирор нарсада ихтилоф қилиб қолсангиз, Қурайш тили билан ёзинглар. Албатта, у уларнинг тилида нозил бўлгандир», деди.

Улар (шундай) қилдилар. Ниҳоят, саҳифаларни мусҳафларга кўчириб бўлишгач, Усмон саҳифаларни Ҳафсага қайтариб берди. Кейин ҳар бир юртга улар кўчирган бир мусҳафни юборди. Ундан бошқа Қуръондан саҳифалар ва мусҳафларга ёзилган барча нарсани куйдиришга амр қилди».

Зайд ибн Собит: «Мусҳафга кўчираётганимизда Аҳзобдан бир оятни топа олмадим. У(оят)ни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўқиётганларини эшитиб юрардим. Уни қидириб, Хузайма ибн Собит Ансорийда топдик: «Мўминлардан Аллоҳга берган ваъдаларига содиқ қолган кишилар бордир». Уни мусҳафдаги сурасига қўшиб қўйдик».

Бухорий ва Термизий ривоят қилганлар. Термизий қуйидагини қўшимча қилган:

«Улар «таабуут» (التَّابُوت) ва «таабуҳ» (التَّابُوه)да ихтилоф қилишди. Қурайшликлар «Биринчиси каби ёзамиз», дедилар. Зайд «Иккинчиси каби ёзамиз», деди.

Ихтилофларини Усмонга айтишди. Бас, у: «Таабуут» (التَّابُوت) деб ёзинглар. Чунки у Қурайш тилида нозил бўлгандир», деди».

Ушбу ривоятдан жуда кўп хулосалар келиб чиқади.

Қуръони Карим қироати тўғрисида мусулмонлар орасида пайдо бўлган ихтилофларни йўқ қилиш ва кейинчалик ҳам ҳеч қандай ихтилоф чиқмаслиги учун чора кўриш фикри Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳудан чиққан. Бошқа ривоятларда айтилишича, бу мулоҳаза у кишидан бошқаларда, жумладан, ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг ўзларида ҳам бўлган. Аммо ишнинг амалга кўчишига айнан Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳу сабаб бўлганлар.

Мусулмонларнинг Қуръони Карим қироатидаги ихтилофидан ташвиш чекаётган фақатгина Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳу эмас эди. Балки ихтилоф кўпайиб, улуғ саҳобаларнинг ҳам қалблари изтиробга тушган эди.

Хусусан, одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан узоқлашганлари сари, ушбу ҳолат яққол кўрина бошлади. Бу хабар Усмон розияллоҳу анҳуга етганида, у зот ҳам ташвишга тушдилар. Ҳолат ёмон тус олишидан олдин бир йўл топиш кераклигини ўйладилар.

Ибн Жарир Табарий ўзининг тафсирида қуйидаги хабарни келтиради:

«Айюб Абу Қулобадан ривоят қилиб, шундай дейди:

«Усмон халифалигида бир муаллим бир кишига қироатни ўргатса, бошқа муаллим бошқа кишига қироатни ўргатар, талабалар кўришганларида ихтилоф қилиб, масалани ўз устозларига кўтариб чиқишарди. Ҳатто баъзилари баъзи қироатларни куфрга чиқаришди. Ушбу ҳолат Усмонга етди. Шунда у хутба қилиб: «Сизлар менинг олдимда туриб, бу хусусда ихтилоф ва лаҳн (хато) қиласизлар. Мендан узоқ бўлган шаҳар аҳллари ихтилоф ва лаҳнда бундан-да қаттиқроқ бўлса керак. Эй Муҳаммаднинг саҳобалари, инсонлар учун йўлбошчи (мусҳаф) жамланглар!» деди».

Ихтилофнинг кучайишига бошқа машҳур мусҳафларнинг борлиги ҳам туртки бўлди. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин Усмон розияллоҳу анҳу инсонларни бир мусҳафга жамлагунга қадар анча муддат ўтди. Шу муддатда Ҳафса розияллоҳу анҳонинг мусҳафлари атрофида бошқа мусҳафлар ҳам танилиб қолди. Ушбу саҳифаларнинг машҳурлари иккита бўлиб, улар Ибн Каъб мусҳафи ва Абдуллоҳ ибн Масъуд мусҳафи эди.

Яна танилмаган, машҳур бўлмаган бошқа мусҳафлар ҳам топилар эди. Бу ҳақда Ибн Надим «Ал-Фиҳрисат»да, Ибн Абу Довуд «Ал-Масоҳиф»да ва Ибн Ашта «Ал-Масоҳиф»да зикр қилган. Биз уларни санашга берилмоқчи эмасмиз. Чунки уларнинг қайси замонда бўлганлигини таъкидловчи саҳиҳ санадларга эга эмасмиз. Лекин ўша мусҳафларнинг бирортаси бизгача етиб келмагани аниқ. Улардаги сураларнинг тартиби тўғрисида ва баъзи қироатларнинг кўриниши хусусида матнлар етиб келган, холос. Ушбу матнларни ҳам диққат билан текшириб, ўрганиб чиқишга эҳтиёж бор.

(Давоми бор)

«Қуръон илмлари» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Диёримиз Ислом дини нури ила мунаввар бўлганига ўн беш аср бўлди. Бу давр мобайнида халқимиз ичидан авлодларга кўплаб маданий мерос қолдирган буюк алломалар, давоми...

17218 05:00 / 19.01.2017
Машҳур олим ва фақиҳ, доктор Ваҳба Мустафо Зуҳайлий ҳазратлари ўзининг биз ҳозир у ҳақда сўз юритмоқчи бўлган .АтТафсир алМунир, номли китобининг муқаддимасида давоми...

2191 19:41 / 15.06.2021
Қуръоннинг жамланишида оятларнинг тартиби Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ишораларига мувофиқ ва Аллоҳ таолонинг тавқифи ndash белгилаб беришига асосан давоми...

6058 14:45 / 31.12.2019
155. Албата, Биз сизларни бир оз қўрқинч ва очлик билан, молмулкга, жонга меваларга нуқсон етказиш билан синаймиз. Ва сабрлиларга башорат бер.156. Улар мусибат етганда давоми...

4865 05:00 / 23.01.2017
Аудиолар

133317 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

53668 14:35 / 11.08.2021