Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 22 жумадис сони | 2025 йил 13 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Қуръон ўқиб, амал қилиш учун туширилган илоҳий дастурдир | Қуръони Карим дарслари (162-дарс)

19:00 / 21 июль 1598 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Исро сурасида шундай марҳамат қилади:

«Батаҳқиқ, ушбу Қуръонда одамлар учун турли мисоллар баён қилдик. Бас, одамларнинг кўплари куфрдан бошқа нарсадан бош тортдилар», деган (89-оят).

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда одамларни иймонга чорловчи, ҳидоятга йўлловчи, уларнинг қалбларини, ҳис-туйғуларини, ақлларини ишга солувчи турли мисолларни баён қилди. Аммо Қуръондаги бу баёнотларни идрок эта олмаган инсонлар ҳамма нарсадан бош тортдилар. У мисоллардан фойда олмадилар. Улар фақат куфрдан бош тортмадилар.

Аллоҳ таоло яна:

«Уни ҳақ ила нозил қилдик ва ҳақ ила нозил бўлди. Сени фақат хушхабар бергувчи ва огоҳлантиргувчи этиб юбордик, холос», деган («Исро» сураси, 105-оят).

Яъни, «Биз Қуръонни ҳақ ила туширдик. Қуръон ер юзида ҳақ қарор топиши учун туширилди. Энг улкан ҳақ – Аллоҳнинг тавҳиди Қуръон ила қарор топди. Шунингдек, бошқа ҳақлар ҳам ер юзида Қуръон ила қарор топди.

«...ва ҳақ ила нозил бўлди».

Яъни, Қуръонда тушган ҳамма нарсалар – буйруқлар, қайтаришлар, ҳукмлар, эслатмалар, кўрсатмалар, хабарлар –  ҳамма-ҳаммаси ҳақдир.

«Сени фақат хушхабар бергувчи ва огоҳлантиргувчи этиб юбордик, холос».

Яъни, «Эй Муҳаммад, Биз сени иймон келтириб, ибодат ва яхши амалларни қилгувчиларга жаннат ҳамда унинг олий даражалари-ю, битмас-туганмас неъматларининг хушхабарини бергувчи ва куфр, нифоқу исён соҳибларини дўзах азобидан огоҳлантиргувчи қилиб юбордик».

Аллоҳ таоло яна:

«Ва Қуръонни одамларга аста-секин ўқиб беришинг учун бўлиб қўйдик ва бўлак-бўлак қилиб туширдик», деган («Исро» сураси, 106-оят).

Ушбу оятда Қуръони Каримнинг бир йўла тугал бир китоб ҳолида эмас, балки бўлак-бўлак этиб нозил қилинганининг ҳикмати ҳақида сўз боряпти.

Кўп марта такрорланганидек, Аллоҳ таоло Қуръони Каримни бир оят-икки оят қилиб, баъзида ундан оз, баъзида ундан кўп қилиб, йигирма уч йил давомида нозил қилди. Албатта, бунинг улкан ҳикматлари бор эди.

Бу ояти каримада ўша ҳикматлардан бири – одамларга аста-секин ўқиб бериш зикр қилиняпти. Албатта, ўттиз пора Қуръон бир йўла тушса, уни одамларга ўқиб бериш осон бўлмас эди. Ўқиб берилганда ҳам, одамлар уни қабул қилиб олишлари осон бўлмас эди.

Энг муҳими, Қуръони Карим ўқиш учунгина эмас, асосан, ўқиб, амал қилиш учун туширилган илоҳий дастурдир. Уни бир йўла ўқиб, бир йўла амал қилиш осон эмас.

Шунинг учун ҳам жоҳилият ботқоғига ботган одамларни аста-секин тарбиялаб, Ислом нурига олиб чиқиш учун йигирма уч йил керак бўлди.

Шу даврда жаҳон тарихида мисли кўрилмаган ажойиб бир мусулмон уммати тарбияланиб вояга етди. Улар ҳар бир оят нозил бўлганидан кейин уни ўқиб, ўрганишар, ёд олишар ва унга амал қилишар эди. Ушбу шартларни амалга оширмагунларича, бошқа оятлар тушган бўлса ҳам, уларни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан олмай туришарди.

Оқибатда саҳобаи киромларнинг ҳар бирлари тирик Қуръонга айландилар ва оз муддатда ер юзига Қуръон таълимотларини тарқатдилар.

Қуръон ана шундай нарса. Аллоҳ уни бўлиб-бўлиб тушириб, кишиларга осонлик ҳам яратди. Энди бу ёғи одамларнинг ўзига ҳавола, икки дунё бахт-саодатини хоҳласалар, ушбу Қуръонга эргашсинлар, икки дунё бадбахтлигини хоҳласалар, эргашмасинлар.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 30-жузи

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 23 январдаги 03-07/362-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Кўпчилик бу одамни танимайди. Бу киши Мисрнинг кўзга кўринган қориларининг тиловатларини ёзиб олган ва Қуръони Каримнинг овозли шаклини жамлаган инсондир.Бу давоми...

15433 15:00 / 03.01.2022
иккинчи мақола1924 йил август ойида Ислом жамияти раиси Шайх Муҳаммадхўжа, муфтий Заҳириддин Аълам, ҳукумат вакили Саидқосим Хўжаев ва бошқалар Уфа Диний давоми...

5343 17:50 / 17.12.2019
24. Қачонки, уларга .Роббингиз нимани нозил қилди,, дейилса, улар .Аввалгиларнинг афсоналарини,, дерлар.Ушбу ояти карима Макка мушрикларининг Исломга, Муҳаммад давоми...

4163 05:00 / 23.01.2017
Маккада нозил бўлган. 8 оятдан иборат. Ушбу сураи кариманинг номи ҳам ўзининг биринчи ояти охиридаги келган .Баййина, сўзидан олингандир. .Баййина, сўзи луғатда давоми...

7743 05:00 / 23.01.2017
Аудиолар

213071 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132296 14:35 / 11.08.2021