Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 2 жумадул аввал | 2024 йил 03 ноябрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Қуръони Карим дарслари (93-дарс). «Муҳкам» ва «муташобиҳ» уламолар истилоҳида

10:51 / 07.07.2020 4048 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(иккинчи мақола)

«Насс» сўзи луғатда бир нарсанинг охирига ва ғоясига етганини билдиради. Уламолар истилоҳида эса ўз маъносига далолат қилган ҳамда ундан ифода олинган ва бошқа маънонинг эҳтимоли бўлмаган нарса нассдир. Унинг далолати равшан ва маъноси чегараланган бўлади.

Нассга Ихлос сурасидаги Аллоҳ таолонинг «Аллоҳ биттадир» деган сўзи мисол бўла олади. Яна бошқа бир мисол:

Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади:

«Ким топа олмаса, уч кун ҳажда, етти кун қайтганингизда рўза тутиш (вожиб)» (196-оят).

Ҳамма нарса очиқ-ойдин, тушуниш осон, таъвилга, уринишга ҳожат йўқ. Ислом уммати ушбу оятлар муҳкам эканига ижмоъ қилган.

«Зоҳир» сўзи бир маънога далолат қилиб, бошқа маънонинг кучсиз эҳтимоли бор лафздир.

Мисол учун, «солат» сўзи луғат илми уламолари ҳузурида «дуо» маъносини ифода этади ва шу билан бирга, «намоз»нинг кучсиз маъноси ҳам бор. Шариат уламолари ҳузурида эса бу сўз «намоз»га далолат қилади ва шу билан бирга, унда «дуо»нинг кучсиз маъноси эҳтимоли бор.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади:

«Пок бўлмагунларича уларга яқинлашманглар» (222-оят).

Ушбу жумладаги «пок бўлиш»дан мурод ҳайздан кейин ғусл қилишдир. Ҳайзи тўхтаган аёл ғусл қилганидан кейин пок бўлади. Аммо шу сўзнинг иккинчи, кучсиз маъноси ҳам бор. У ҳам бўлса, ҳайзнинг тўхташи. Аёл кишининг ҳайзи тўхташини ҳам «пок бўлди» дейилади. Аммо ушбу иккинчи маъно кучсиздир.

Демак, насснинг маънога қиладиган далолати бошқа маънони ман қилувчидир. Зоҳирнинг далолати кучли, аммо бошқа маънони ман қилувчи эмас. Ўша эҳтимоли бор бошқа маъно кучсиздир. Шунинг учун ҳам насс ва зоҳир иккиси муҳкам дейилади, чунки уларнинг иккисининг далолати равшан ва маънолари чегаралангандир.

«Мужмал» – далолати маъносига равшан бўлмаган нарсадир. Зоҳирий мазҳабидан бошқалар Қуръони Каримда мужмал бор, дейдилар.

Мужмалнинг бир неча сабаблари бўлиб, улар қуйидагилардан иборат:

1. Лафздаги муштараклик.

Бунда лафз икки ёки ундан ортиқ маънони англатадиган бўлади. Мисол учун, Бақара сурасидаги қуйидаги оятни олайлик:

«Талоқ қилинган аёллар ўзларича уч қуръу кутарлар» (228-оят).

Ушбу оятдаги қуръу сўзи бир-бирига зид иккита маънони англатади. «Қуръу» бир маънога кўра ҳайзни англатса, иккинчи маънога кўра унинг тескарисини – ҳайздан покланиш маъносини англатади. Шу боис таржимада ҳам «қуръу» сўзи айнан олинади, таржима қилинмайди. Чунки бу сўз арабларда икки бир-бирига зид маънода ишлатиладиган сўз бўлганидан уни араб тилидан бошқа тилга таржима қилишнинг умуман иложи йўқ. Тафсирчиларимиз ҳам, фиқҳий мазҳаблар бошлиқлари, яъни имомларимиз ҳам бу масалада иккига бўлинганлар.

Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи қуръуни ҳайз деб тушунтирганлар. Шунга биноан, «Талоқ қилинган аёллар ўзларича уч қуръу кутарлар» жумласидаги «уч қуръу кутарлар» бирикмасининг маъноси «уч ҳайз кутадилар» демакдир. Бундан келиб чиқадики, эри билан бирга яшаган ҳайз кўрадиган аёлни эри талоқ қилса, у аёл ўзича идда санаб, кетма-кет уч ой ҳар ойнинг ҳайзини тўлиқ кўргунча ўтиради. Шу муддат ичида иддадаги аёл нима қилиши керак бўлса, шуни қилади.

Шофеъий мазҳабида эса «қуръу»ни поклик деб тушунганлар. Шунга кўра уларда талоқ қилинган аёл уч поклик ўтгунча кутади.

Иккинчи мисол Бақара сурасидаги қуйидаги оят:

«Агар уларга қўл теккизмай туриб талоқ қилсангиз ва маҳрни белгилаб қўйган бўлсангиз, белгиланганнинг ярмини берасиз, магар улар афв қилсалар ёки никоҳ тугуни қўлида бўлган киши афв қилса, (бермайсиз)» (237-оят).

Ушбу оятдаги «никоҳ тугуни қўлида бўлган киши» деган жумла мужмал маънодир. У талоқ қилувчи эрнинг ўзи бўлиши ҳам ёки талоқ қилинаётган аёлнинг валийси бўлиши ҳам мумкин. Эрнинг афв қилиши маҳрнинг ҳаммасини беришдан иборат. Валийнинг афв қилиши эса маҳрнинг ярмини ҳам олмасликка қарор қилишидир.

2. Ҳазф.

Бунда жумладан бир сўз тушиб қолган бўлиб, унинг ўрнига икки нарсани қўйиш эҳтимоли бўлади.

Аллоҳ таоло Нисо сурасида марҳамат қилади:

«Сендан аёллар ҳақида фатво сўрарлар. «Аллоҳ сизга улар ҳақида ҳамда сиз улар учун фарз қилинган нарсани бермайдиган ва никоҳларига рағбат қиладиган етим аёллар ҳақида фатво берадир», деб айт» (127-оят).

Ушбу оятдаги битта ҳарф ҳазф қилинган – тушиб қолган. Ўша тушиб қолган ҳарф икки ҳарфдан бири бўлиши эҳтимоли бор. Ё «عَنْ» ҳарфи, ёхуд «فِي» ҳарфи. Араб тили қоидаси иккисини ҳам кўтаради. Ушбу икки ҳарфнинг ҳар бирини «تَرْغَبُونَ» («тарғобуна») феълидан кейинги ҳарф тушиб қолган жойга қўйилса, маъно аввалгисидан тескари маънога айланади. «تَرْغَبُونَ عَنْهُ» («тарғобуна ъанҳу») жумласида «унга рағбат қилмайсиз» маъноси бўлса, «تَرْغَبُوَن فِيهِ» («тарғобуна фиҳи»)да «унга рағбат қиласиз» деган маъно англанади.

Араб тилида «рағбат» сўзи ўзи билан бирга келадиган боғловчиларнинг ҳолатига қараб, ўзаро қарама-қарши икки хил маънони беради. Агар «рағбат» сўзи «фи» боғловчиси билан келса, «қизиқиш» маъносини билдиради, «ъан» боғловчиси билан келганда эса «совиш», «хоҳламаслик» маъноларини англатади. Ушбу оятда мазкур икки боғловчидан ҳеч бири келмаган. Чунки умумий маънода мазкур икки хил маъно ҳам бор. Яъни ҳолатга қараб, етим қизни ўз қарамоғига олган одам, агар у чиройли бўлса, никоҳлаб олишга қизиқиши ҳам мумкин, агар у хунук бўлса, унинг никоҳига қизиқмаслиги ҳам мумкин. Демак, оят икки хил маънони ҳам кўтарадиган бўлиб келган. Бу Қуръоннинг мўъжизаларидан ҳисобланади.

Муъаввал  луғатда «аввала» феълидан олинган мафъул бўлиб, «борар жойга борган» ёки «қайтар жойга қайтган» деган маънони англатади.

Уламоларнинг истилоҳида ўзи далолат қиладиган маъноларнинг кучсизига қайтарилган лафз «муъаввал»дир.

Уларни таъвил қилиш кучли далил билангина бўлади.

Аллоҳ таоло Ҳадид сурасида марҳамат қилади:

«У қаерда бўлсангиз ҳам сиз билан бирга» (4-оят).

Ушбу жумладан одатда ҳиссий биргалик англанади. Аллоҳ таолога нисбатан эса жисм ҳақида сўз ҳам бўлиши мумкин эмас. Демак, ўта ишончли ақлий далил Аллоҳ субҳанаҳу ва таолони ҳиссий, кейин пайдо бўладиган ва маконга боғлайдиган сифатлар билан сифатлаш асло мумкин эмаслигига далолат қилди. Бас, шундай экан, мазкур матннинг маъносини бошқа тарафга буриш – таъвил қилиш тайин бўлди. Шунинг учун Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг Ўзи яратган махлуқотлари билан бирга бўлиши илми билан, уларнинг ҳолатлари ва тасарруфотларини қамраб олиши билан, уларга етадиган қудрати билан, риояси билан бўлади, дея таъвил қилинади.

Мушкил – луғатда «ўзидан бошқанинг шаклига кирувчи» деган маънони англатади. Бошқанинг тусига кириб, ҳақиқий маъносини англаш мушкул бўлиб қолгани учун ҳам бу турдаги оятлар шу ном билан аталган. Муташобиҳ оятларни мушкил оятлар деса ҳам бўлади.

Роғиб Асфиҳоний ўз тафсирида муташобиҳни қуйидагича таърифлайди: «Қуръондаги муташобиҳ лафз ёки маъно жиҳатидан ўзидан бошқага ўхшагани учун тафсири мушкул бўлган нарсадир».

Баъзи одамларда Қуръони Каримдаги тушуниш қийин бўлган оятларни мушкил деб аташ бор.

Хуллас, ушбу уч нарса – мужмал, муъаввал ва мушкилларнинг бир неча маънога далолат қилиш эҳтимоли борлиги мулоҳаза қилинади. Улар ўша маънолардан бирига бурилганда эса мазкур бурилган маъно кучли бўла олмайди.

(Тамом)

«Қуръон илмлари» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
2. Бу сенга у ила огоҳлантиришинг учун ва мўминларга эслатма этиб нозил қилинган китобдир. Кўнглингда ундан танглик бўлмасин.Аллоҳ таоло Пайғамбари Ҳазрати давоми...

3624 05:00 / 23.01.2017
Имом Аҳмад ибн Ҳанбалга шогирдларидан бири кечаси туриб бомдод намозигача Қуръон хатм қилишининг хабари етди. Ҳазрат эртаси куни унга айтдиndash Тунги ибодатинг давоми...

6739 14:59 / 26.02.2018
Имом Абу Амр ибн Ало алБасрий қироати1 Абу Умар адДурий ривояти .Бизга уни Абу Ийсо Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Абу Қатн1 318 санада хабар берган. Айтганки.Бизга Абу Халлод давоми...

1881 13:30 / 02.02.2021
биринчи мақолаМутахассис уламоларимиз, Қуръони Каримнинг .етти ҳарф,да нозил бўлиши Қуръони Каримнинг баъзи сўз ва ҳарфларини талаффуз қилишда ижозат берилган давоми...

5561 16:00 / 04.02.2020
Аудиолар

133320 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

53668 14:35 / 11.08.2021