Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 9 шаъбон | 2026 йил 28 январь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Қуръони Карим дарслари (111-дарс). Қироатлар ва қорилар

13:20 / 17.11.2020 7092 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Қироат» сўзи арабча масдар бўлиб, луғатда «жамлаш» ва «қўшиш» деган маънони билдиради. Зотан, қироат қилган шахс ҳарфларни жамлаган ва бир-бирига қўшган бўлади. Қуръони Карим ҳам сураларни ва ўтган илоҳий китоблардаги маъноларни ўзида жамлагани учун Қуръон деб номланган. Буни биз китобнинг аввалги саҳифаларида айтиб ўтдик.

Уламолар истилоҳида, хусусан, Ибн Жазарийнинг таърифида эса: «Қироатлар Қуръон калималарини адо этиш кайфияти ҳақидаги ва уларнинг ихтилофларини нақл қилувчига нисбат берадиган илмдир».

Ибн Жазарий қорининг таърифида қуйидагиларни айтади: «Қори – қироат олими бўлиб, уни оғзаки ривоят қилган кишидир. Мисол учун, агар у «Тайсир» китобини ёд олган бўлса ҳам, агар ўша китобдаги нарсаларни силсилага асосан, оғизма-оғиз олмаган бўлса, уни бошқаларга ўқитишга ҳаққи йўқ. Чунки қироатлар фақатгина эшитиш ва оғзаки нақл қилиш билан ҳукм қилинадиган нарсадир».

«Тайсир» – қироат илмининг имомларидан бири Абу Амр Донийнинг етти қироатга бағишланган «Ат-Тайсир фил-қироатил-ашр» номли китобидир.

Ушбу таърифдан Қуръони Каримни китобдан ўқиб олган, овоз ёзиш воситаларига тақлид қилиб ўрганиб олганлар ва бошқа шу кабилар ҳеч қачон қори бўла олмаслигини англаб оламиз. Агар бир киши ўз ҳолича тажвид китобларини пухта ўрганса, сўнг қироатга оид бошқа китобларни ҳам ёдлаб, сув қилиб ичиб юборган бўлса, ўзи Қуръони Каримни энг машҳур қориларга ўхшатиб тиловат қилаётган бўлса ҳам, қори бўлмайди. Фақатгина Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етадиган силсилага аъзо бўлган қоридан оғзаки эшитиб, ёдлаб, ўша устозга қайта тиловат қилиб, ижозатини олган кишигина қори бўлади.

Уламоларимиз Қуръони Карим ва қироатлар ўзига хос икки алоҳида-алоҳида нарсалар эканини таъкидлаганлар. Бу борада имом Заркаший қуйидагиларни айтадилар:

«Билки, Қуръон ва қироатлар айри-айри икки ҳақиқатдир. Қуръон Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга баён ва эъжоз – ожиз қолдириш учун нозил бўлган ваҳийдир. Қироатлар эса ўша ваҳий лафзларининг ҳарфлар ёзилиши ёхуд енгил, оғир ва шу каби талаффуз кайфиятидаги турличалигидир».

«Қуръон илмлари» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Исро сурасида марҳамат қилади .Агар сени собит қилмаганимизда, батаҳқиқ, уларга бир оз бўлсада, мойил бўлишингга оз қолар эди. Шундай бўлган тақдирда давоми...

7377 21:40 / 31.12.2018
Г.Флюгель 1834 йили Олмониянинг Лейпциг шаҳрида ўзига хос Қуръонни чоп этди. Ушбу босманинг имлоси янги ва осон бўлгани сабабли оврупаликлар уни катта иштиёқ билан давоми...

4537 14:10 / 24.03.2020
129. Агар, роса ҳаракат қилсангиз ҳам, хотинлар ўртасида адолатли бўла олмассизлар. Бир йўла мойил бўлиб кетиб, баъзисини муаллақга ўхшатиб қўйманг. Агар ислоҳ ва давоми...

11615 05:00 / 19.01.2017
биринчи мақолаЮқорида 91 дарсимизда .муҳкам, ва .муташобиҳ, сўзлари Қуръони Каримнинг бир неча оятларида ўзининг луғатдаги маъноларини ифода қилган ҳолда келгани давоми...

6013 13:00 / 30.06.2020