Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
«(Бу) сенга у ила огоҳлантиришинг учун ва мўминларга эслатма этиб нозил қилинган китобдир. Кўксингда ундан танглик бўлмасин», деган («Аъроф» сураси, 2-оят).
Аллоҳ таоло Пайғамбари ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳеч нарсага эътибор бермай, Қуръони Карим ила кофирларни огоҳлантираверишни ва мўминларга эслатма беришни амр қилмоқда. Чунки одамларга Қуръон билан мурожаат қилиш осон эмас. Бу йўлда кўпгина қийинчиликлар келиб чиқади.
Қуръони Каримни одамларга етказишга уринган киши уларнинг ҳавойи нафсларига, шаҳватларига, мансабларига, ижтимоий ўринларига, урфларига ва кўнгилларига ёқадиган бошқа нарсаларга қарши гапириши керак бўлади.
Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари ёлғиз ёки бир қисм иймонли кишилар билан бирга бутун оламдан турли хил танглик кўрганлар.
Шундай бўлса ҳам, Аллоҳ таоло у зотнинг кўнгилларида танглик бўлмаслиги зарурлигини таъкидламоқда. У зоти бобаракот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматлари кўнглида ҳам ҳеч қандай танглик бўлмаслиги керак. Улар Қуръонга жазм ила амал қилишга ўтмоқлари лозим.
Аллоҳ таоло яна:
«Батаҳқиқ, уларга Биз илм асосида муфассал қилган китобни иймон келтирадиган қавмлар учун ҳидоят ва раҳмат қилиб келтирганмиз», деган («Аъроф» сураси, 52-оят).
Яъни, «Биз одамларга Қуръонни келтирдик. У илм ила муфассал қилинган Китобдир. Бу азим Китобда иймон келтирганлар учун ҳидоят бор. Ким иймон келтирса, ўшанга икки дунёнинг раҳмати бўлади».
Аллоҳ таоло яна:
«Қачон Қуръон ўқилса, унга қулоқ солинглар ва жим туринглар, шояд, раҳм қилинсангиз», деган («Аъроф» сураси, 204-оят).
Уламоларимиз ушбу оятдан Қуръони Карим тиловат қилинганда унга жим туриб қулоқ осиш вожиблиги ҳақидаги ҳукмни чиқарганлар.
Ҳанафий мазҳаби уламолари эса «Намозда имом қироат қилганида иқтидо қилувчилар жим қулоқ осиши лозим», деб ҳукм чиқарганлар.
Умуман, Қуръон Аллоҳнинг каломи, уни ўқиш, тинглаш, ўрганиш ва унга амал қилиш зарурий ишдир. Ҳар бирининг ўзига яраша зарурати ва ҳаловати бор.
Ушбу ояти каримани ўрганар эканмиз, беихтиёр кейинги пайтларда Қуръони Карим бўйича ўтказилган илмий текширишлар ҳақидаги маълумотлар эсга тушади.
Илм тараққий этган юртлардан бирида инсондаги руҳий ўзгаришларни ўрганаётган олимлар қизиқарли бир тажриба ўтказганлар.
Улар тажриба учун тўрт кишини танлаганлар.
Уларнинг бири араб бўлиб, ўз тилини яхши биладиган эътиқодли мусулмон эди.
Иккинчиси ўз тилини яхши биладиган араб, аммо мусулмон эмас эди.
Учинчиси эътиқодли мусулмон, аммо араб тилини билмас эди.
Тўртинчиси араб тилини ҳам билмасди, мусулмон ҳам эмас эди.
Тажриба ўтказувчи олимлар буларнинг тўртовларига ҳам Қуръони Карим тиловатини эшиттириб, уларда содир бўлаётган руҳий ўзгаришларни кузатганларида, ҳаммаларида ажойиб бир ўзгариш содир бўлаётганини кашф қилганлар.
Бундан бир минг тўрт юз йил аввал ҳам араб мушрикларининг одамларни Қуръон эшитишдан қаттиқ ман қилиб қўйишлари, эшитган одамнинг унга эргашиб кетишидан қўрқишлари бежиз эмас экан.
Одамларни Қуръон тинглашдан ман қилган Қурайш зодагонларининг бир-биридан беркиниб, тунлари Қуръон тиловатига қулоқ осишлари ҳам бежиз эмас экан.
Бугунги куннинг худосизларининг ҳам одамлар маъносини тушунмасалар-да, уларнинг қўлларидан Қуръонларини тортиб олишлари, Қуръон тиловатини бутунлай ман қилишлари ҳам бежиз эмас кўринади.
Аллоҳ таоло яна:
«Алиф Лаам Ро. Ушбулар – ҳикматли китобнинг оятларидир», деган («Юнус» сураси, 1-оят).
Қуръон Аллоҳ таолонинг ҳикмат тўла Китобидир. Унинг ҳар бир сўзи, ҳар бир ояти чексиз ҳикматдан иборатдир. Ундан бошқа китобдан бунчалик ҳикматни қидирган одам адашади.
Аллоҳ таоло яна:
«Қачонки уларга очиқ-ойдин оятларимиз тиловат қилинганида, Бизга рўбарў бўлишдан умид қилмайдиганлар: «Бундан бошқа Қуръон келтир ёки уни алмаштир», дедилар. Айт: «Уни ўзимча алмаштира олмасман. Ўзимга ваҳий қилинган нарсагагина эргашаман, холос. Албатта, мен агар Роббимга осий бўлсам, буюк кун азобидан қўрқаман», деган («Юнус» сураси, 15-оят).
Ушбу ояти каримада мушрикларнинг ваҳийга нисбатан бўлган нотўғри муносабатлари баён қилинмоқда. Уларга Аллоҳ таолонинг очиқ-ойдин оятлари тиловат қилинган чоғда мазкур ояти карималарга иймон келтириб, уларга амал қилиш ўрнига Пайғамбар алайҳиссаломга ножўя гапларни айтдилар.
«Қачонки уларга очиқ-ойдин оятларимиз тиловат қилинганида, Бизга рўбарў бўлишдан умид қилмайдиганлар: «Бундан бошқа Қуръон келтир ёки уни алмаштир», дедилар».
Бу гапни ўтакетган жоҳилларгина айтиши мумкин. Улар ваҳий нима эканини билишни ҳам хоҳламайдилар. Унинг кимдан чиққанини ҳам, унинг инсоният учун аҳамиятини ҳам билмайдилар.
Қуръони Карим Аллоҳнинг каломи, мусулмонларнинг ҳаёт дастури. Уни ўзгартириш, алмаштиришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Ким шундай бўлиши мумкин деб эътиқод қилса, ўйласа, кофир бўлади.
Оятда бундай кимсалар «Бизга рўбарў бўлишдан умид қилмайдиганлар», яъни «қиёматдан умиди йўқлар» дейилмоқда.
Сўнгра Аллоҳ таоло ўз Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга мусулмонларнинг ҳаёт дастури бўлган Қуръоннинг ўрнига бошқа дастур келтиришга ёки уни алмаштиришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ эканини баён этишни амр қилмоқда:
«Уни ўзимча алмаштира олмасман».
Ҳа, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мартабалари қанча юқори бўлмасин, Қуръонни, ҳатто унинг бирор ҳарфини алмаштиришга ҳақлари йўқ. У зотнинг вазифалари Аллоҳ таоло томонидан келган ваҳийни, Қуръонни қабул қилиб олиб, шундайлигича кишиларга етказишдир.
«Ўзимга ваҳий қилинган нарсагагина эргашаман, холос».
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳоллари шу бўлганидан кейин бошқа одамлар ваҳийни маҳкам тутиб, ундан қилча ҳам четга чиқмасликлари керак.
«Айт: «Албатта, мен агар Роббимга осий бўлсам, буюк кун азобидан қўрқаман».
Яъни «Қуръоннинг ўрнига бошқа нарса келтириб ёки уни алмаштириб, Роббимга осийлик қилсам, улуғ қиёмат кунининг азобига дучор бўлишдан қўрқаман».
Пайғамбар бўла туриб, у зот шунчалик қўрқсалар, Қуръоннинг ўрнига бошқа дастур келтираётган ва унинг оятлари ёки ҳукмларини алмаштираётган оддий одамларни нима деса бўлар экан?!
«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 30-жузи
Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 23 январдаги 03-07/362-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.