1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Қуръони Карим дарслари (132-дарс) Ат-Тафсир бир-раъй (иккинчи мақола)

13:30 / 13.04.2021 3654 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

3. Имом Жалолуддин Муҳаммад Маҳаллий ва имом Жалолуддин Абдурраҳмон Суютийнинг «Тафсирул Жалалайн» тафсирлари. 

Ушбу китобнинг номини ўз тилимизга таржима қиладиган бўлсак, «Икки Жалолнинг тафсири» деган маъно чиқади. Зотан, бу тафсирни икки олим ёзган. Биринчилари Жалолуддин Муҳаммад ибн Аҳмад Маҳаллий бўлиб, у киши ҳижрий 791-864 йиллар орасида яшаб ўтган. У киши ўз асрининг кўзга кўринган алломаларидан бўлган. 

Имом Жалолуддин Маҳаллий қатъиятли ва бир сўзли одам бўлган. Аллоҳнинг йўлида маломатчининг маломатидан қўрқмаган. Пухта ва шиддатли ваъзхон бўлган. 

Иккинчилари Жалолуддин Абдурраҳмон ибн Абу Бакр ибн Муҳаммад Суютий ҳижрий 849-911 саналарда яшаб ўтган. Ўзига тақдим қилинган мансабларнинг ҳеч бирини қабул қилмаган. Фақат дарс бериш ва китоб ёзиш билан машғул бўлган. Тафсир, фиқҳ, калом, балоғат, наҳв, усул ва мантиқ каби илмларда машҳур бўлган. У кишининг ёзган китоблари кўпчилик уламоларнинг таҳсинига сазовор бўлган. 

Имом Жалолуддин Муҳаммад ибн Аҳмад Маҳаллий тафсир ёзмоқчи бўлганларида ўзининг қариб қолганини эътиборга олиб, Қуръони Каримнинг иккинчи ярми – Каҳф сурасидан Наас сурасигача тафсир қилишни ният қилган ва уни амалга оширган. Сўнгра Фотиҳа сурасини ҳам тафсир қилганидан кейин вафот этган. Шунинг учун бу тафсирнинг баъзи нашрларида Фотиҳа сураси китобнинг охирида келади.

Кўпчилик имом Жалолуддин Муҳаммад ибн Аҳмад Маҳаллийнинг бу тафсирларини ўқиб, қойил қолади ва унинг тўлиқ бўлишини таклиф қилади. Шу билан бирга, имом Жалолуддин Муҳаммад ибн Аҳмад Маҳаллийнинг услублари сақланиб қолиши ҳам мулоҳаза қилинади. Бу ишга ўн саккиз ёшли олим Жалолуддин Абдурраҳмон ибн Абу Бакр ибн Муҳаммад Суютий раво кўрилади. У киши ўзининг муқаддимасида айтишича, тафсирнинг иккинчи ярмини қирқ кунда ёзиб битиради.

Шундан кейин бу тафсир «Тафсирул Жалалайн» (икки Жалолуддиннинг тафсири) деб номланади.

Бу тафсир жуда ҳам фойдали манбадир. Унда қисқа иборалар билан улкан маънолар ифода этилган. «Тафсирул Жалалайн» энг кўп тарқалган ва энг кўп фойда берган тафсир сифатда жуда ҳам машҳурдир. Бу китоб ҳозиргача турли ҳажм ва услубларда кетма-кет нашр қилиниб келмоқда. 

4. Алоуддин Алий ибн Муҳаммад ибн Иброҳим Бағдодийнинг «Тафсирул Хозин» тафсири.

Бу киши ҳижрий 678 санада Бағдодда туғилган бўлиб, лақаблари Хозин бўлган. «Хозин» сўзининг маъноси «хазиначи» деганидир. Имом Алоуддин Алий ибн Муҳаммад ибн Иброҳим Бағдодийга бундай лақаб берилишининг сабаби, у кишининг Дамашқ шаҳридаги Симайсотия хонақоҳи кутубхонасининг хазинадори бўлганликларидир. 

Имом Хозин ёшлигидан катта уламолардан сабоқ олди. Хусусан, Дамашққа кўчиб келганидан кейин катта уламоларнинг мажлисларида бўлиб, уларнинг илм булоқларидан фойдаланди. Ўз замонасининг кенг тарқалган илмларини эгаллади. Кейинчалик турли соҳаларда муҳим китобларни таълиф қилди. Имом Хозин ўзидан кейин ажойиб китобларни қолдирди. Бу улуғ олим 701 ҳижрий санада Ҳалаб шаҳрида вафот этган. 

У кишининг тафсири «Тафсирул Хозин» номи билан машҳур бўлса ҳам, аслида китобнинг номи «Лубабут-таъвил фи маъанит-танзил»дир. Бу китоб машҳур тафсирлар сирасига киради. Унда муфассир кўплаб ривоятларни келтирган бўлса ҳам, санадини зикр қилмаган. Қиссаларга берилиб кетгани ҳам мулоҳаза қилинган. Аммо яхши жиҳати шуки, агар қисса ботил бўлса, кўп ўринда ортидан унинг ботиллигини ҳам қайд этиб қўйган.

Мутахассисларнинг таъкидлашларича, имом Алоуддин Алий ибн Муҳаммад ибн Иброҳим Бағдодий ўз тафсирини ёзишда имом Бағавийнинг тафсиридан кенг фойдаланган. 

Имом Хозин ўзининг бу тафсирига беш фаслдан иборат катта муқаддима ёзган. 

Уламолар «Лубабут-таъвил фи маъонит-танзил»нинг тафсирида исроилиёт қиссалари ҳам борлигини афсус билан айтадилар. Шунингдек, бу тафсирда фиқҳий, тарихий масалаларга ва ваъзга алоҳида эътибор берилгани таъкидланади.

(Тамом)

«Қуръон илмлари» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
...Шунда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам .Бирортангиз ҳам .Алҳакумут такасуру,ни ўқишга қодир эмасмисиз, деган эканлар...Маккада нозил бўлган. 8 оятдан давоми...

68606 05:00 / 23.01.2017
18. Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиган кимсадан ҳам золимроқ одам борми Ана ўшалар Роббиларига рўбарў қилинурлар ва гувоҳлар .Анавилар Роббилари шаънига ёлғон давоми...

3806 05:00 / 23.01.2017
Имом Ибн Касир қироати1 Ундан Муҳаммад ибн Қунбул қилган ривоят ҳақида бизга Абу Муслим Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Алий алБағдодий хабар берган. У айтганки.Бизга Ибн давоми...

6449 13:30 / 26.01.2021
Маълумки, Қуръони карим оятлари маккий ва маданийга тақсимланади. Бу борадаги илм ҳам Қуръон илмларидан бири бўлиб танилган. Уламоларимиз бу илмга ҳам алоҳида давоми...

7392 14:52 / 14.05.2019
Аудиолар

211048 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130308 14:35 / 11.08.2021