Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 8 жумадул аввал | 2024 йил 10 ноябрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Қуръони Карим дарслари (29-дарс). Қуръони каримнинг тарқоқ нозил бўлиши ҳикматлари (давоми)

20:10 / 15.04.2019 4923 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

3. Кишиларнинг ҳолини эътиборга олиш, ҳаётдаги ҳодисаларга ҳамоҳанг равишда умматни тарбиялаб бориш, ҳукмларнинг ҳаётийлигини таъминлаш.

Қуръони каримнинг тарқоқ ҳолатда нозил бўлишида мусулмон умматини аста-секинлик билан тарбиялаб бориш ҳам кўзда тутилган эди. Қуръони каримнинг нозил бўлиши мусулмон умматининг воқеъликдаги ҳаётига алоқадор бўлган. Баъзан бир иш содир бўлиб, уммат ўзаро бир қарорга келиб, у ишни амалга оширса-ю, ушбу қарор нотўғри бўлса, оят нозил бўлар эди-да, уларни тўғри йўлга йўллаб қўярди. Гоҳида уммат орасида бир савол пайдо бўлиб, унинг ечимини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрашса, оят нозил бўлиб, унга жавоб берарди. Уммат бирор қийин аҳволга тушиб, йўл тополмай қолса, оят нозил бўлиб, уларга йўл кўрсатарди. Қуръони каримнинг оятлари жамиятдаги оилавий-ижтимоий масалалардан сиёсий-иқтисодий масалаларгача аралашиб, йигирма уч йиллик рисолат даврида энг тўғри ечимларни келтирди. Шунинг учун инсоният тарихида ушбу йигирма уч йиллик муддат энг саодатли давр, яъни «Саодат асри» деб номланади. 

Қуръон нозил бўлиб турган давридаги воқеалар ривожи ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошчиликларидаги саҳобаларнинг саъй-ҳаракатлари ҳақидаги маълумотларнинг тўлалигича сақланиб қолиши бебаҳо ҳодисадир.

Қуръон оятлари кишиларга яхшироқ сингиши ва қалбларга мустаҳкам жо бўлиши учун атроф-муҳитни, содир бўлаётган воқеаларни эътиборга олган ҳолда нозил бўлар эди. Мана шу ҳолда унинг одамлар устидан ҳужжат бўлиши кучаяр, мўъжизакорлик қуввати ҳам ортар эди.

Мусулмонлар ҳаётида турли ҳодисалар бўлиб турарди. Баъзан тушунмовчиликлар, динимизда бу ишнинг ҳукми қандай экан, деган саволлар пайдо бўлиб турарди. Шундай ҳолатларда оят тушиб, бу ишларга аралашар, уларни тўғри йўлга солиб юборар ва саволларга жавоб берарди. Бу эса Қуръоннинг ҳаётга янада сингиб кетишига сабаб бўларди.

Қуръони каримнинг тарқоқ ҳолда нозил бўлишининг яна бир ҳикмати:

4. Шариат таълимотларини даражама-даража ҳаётга татбиқ қилиш. 

Кишиларни ота-боболаридан қолган урф-одатлардан ва ўзлари кўникиб қолган тузумларидан бирданига ажратиб бўлмас эди. Шунинг учун Қуръон аста-секин тушди ва юқорида зикр қилинган урф-одатларни бирин-кетин Ислом келтирган тартиб ва қоидаларга алмаштирди.

Абу Толиб Маккий «Ан-Насих вал-Мансух» номли китобида Қуръоннинг нозил бўлиши хусусидаги мулоҳазаларида шунга ишора қилади:

«Агар (оятлар) босқичма-босқич нозил бўлса, уларни қабул қилиш муваффақиятли кечади. Аксинча, агар улар бир йўла нозил қилинганида, унда фарзлар ва қайтариқлар кўплиги сабабли аксар инсонлар уни қабул қилишдан қочар эдилар. Имом Бухорий Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадис бу маънони равшанлаштиради. Оиша онамиз шундай деди:

«Албатта, Қуръондан аввало жаннат ва жаҳаннам зикр этилган суралар нозил бўлди. Ниҳоят, кишилар Исломга оқиб кира бошлагач, ҳалол ва ҳаром(га тегишли оятлар) нозил бўлди. Агар дастлаб нозил бўлган нарса «хамр ичманглар» бўлганида, албатта улар: «Хамрни ҳеч қачон тарк қилмаймиз», дейишарди, «зино қилманглар» бўлганида, албатта улар: «Зинони ҳеч қачон ‎тарк қилмаймиз», дейишарди».

Агар Қуръон тарқоқ ҳолда тушмаганида, одамларга баҳона топилиб, «Биз бунчалик кўп нарсани бажара олмаймиз», дейишлари мумкин эди. Аввал бир ёки бир неча оят нозил бўлиб, сўнг маълум фурсат ўтгач, бошқаси нозил бўлса, албатта, улар юқоридаги баҳонани қила олмас эдилар.

Маълумки, Исломдан олдин ароқхўрлик жуда кенг ёйилган эди. Кишилар ароқхўрлик билан фахрланишар, бу борада мусобақалашиб, бир-бирларидан ўтишга ҳаракат қилишарди. Хамр шоирларнинг шеърида, муғаннийларнинг қўшиқларида бош ўринда турарди. Кишилар ароқсиз ҳаётни тасаввур ҳам қила олмас эдилар. Албатта, бундай жамиятни ароқхўрлик иллатидан тозалаш осон эмас эди. Шуларни эътиборга олиб, бу муаммони муолажа қилишда Қуръони карим аста-секинлик билан, даражама-даража ҳаракат йўлини тутган. 

Аллоҳ таоло бу масаланинг муолажаси бўйича биринчи нозил қилган оятлар Наҳл сурасида бўлиб, уларда қуйидагилар баён қилинган.

ﭶﭷﭸﭹﭺﭻﭼﭽﭾﭿﮀﮁﮂﮃ ﮄ ﮅﮆ

«Ва хурмо ва узумларнинг меваларидан маст қилувчи нарса ва гўзал ризқ олурсиз. Албатта, бунда ақл юритгувчилар учун оят (белги) бордир» (67-оят).

Ушбу ояти карима Қуръони каримда маст қилувчи ичимлик ҳақида нозил бўлган тўрт оятнинг биринчисидир. Кўриниб турибдики, бу оятда маст қилувчи ичимлик ҳақида муайян бир ҳукм йўқ. Аммо унинг яхши ризққа қиёсан ёмон эканига ишора бор. Бу ишора мусулмонлар ичида маст қилувчи ичимликка қарши Қуръоний тарғиботнинг бошланишидир.

Хамр ҳақидаги ушбу илк оят нозил бўлгандаёқ, кишилар уларнинг вақтинчалик эканини, кейинроқ ниҳоий ҳукм тушиши муқаррарлигини сезиб туришар эди. Бу ҳақда баъзи ибратли ривоятлар ҳам келган.

Наҳл сурасидаги ушуб оят нозил бўлганидан кейин бўлса керак, ишончли ҳадис китобларида ривоят қилинишича, ҳазрати Умар ибн Хаттоб: «Аллоҳим! Бизга хамр тўғрисида шифо бўладиган баён бергин!» деган эканлар. 

Вақти келиб, Бақара сурасидаги қуйидаги ояти карима нозил бўлди

ﯣﯤﯥﯦﯧﯨﯩﯪﯫﯬﯭﯮ ﯯ ﯰ ﯱ

«Сендан хамр ва қимор ҳақида сўрарлар. Сен: «Иккисида катта гуноҳ ва кишилар учун манфаат бор ва гуноҳлари нафларидан каттадир», деб айт...» (219-оят).

«Хамр» сўзи умумий бўлиб, истеъмол қилган кишининг ақлини тўсувчи, яъни бир оз бўлса-да, таъсир ўтказувчи барча нарсага нисбатан ишлатилади. Бунинг ичига барча спиртли ичимликлар ҳамда наша, қорадори, кўкнори ва бошқалар ҳам киради.

Хамр ва қимор ҳақидаги саволга жавоб беришни Аллоҳ таоло Пайғамбар алайҳиссаломга:

«Иккисида катта гуноҳ ва кишилар учун манфаат бор ва гуноҳлари нафларидан каттадир», деб айт», деб ўргатмоқда. 

Хамрнинг ҳам, қиморнинг ҳам катта гуноҳ экани аввалдан таъкидланмоқда. Шу билан бирга, ўша вақтдаги кишиларнинг эътиқоди бўйича, манфаатлари ҳам борлиги эслатиб ўтилмоқда. Улар хамр сотиб пул топишни манфаат деб тушунишган. Шунингдек, қиморда пул ютишни, ундан одамларга чўтал беришни ҳам манфаат деб тушунишган. Лекин бунга ўхшаш манфаатлари уларнинг гуноҳи олдида ҳеч нарса эмаслиги ҳам уқдирилмоқда. 

Бу оят хамр ҳақидаги ўзидан аввалги Наҳл сурасида келган оятни қўллаб-қувватлади. Одамларнинг Пайғамбар алайҳиссаломдан ароқ ҳақида сўрашлари ҳам бежиз эмас эди. Чунки кишиларда исломий жамиятда ноўрин, гуноҳ ишларни идрок этиш ҳисси кучайиб бораётган эди. Бу оят нозил бўлганидан кейин мусулмонларда ароққа нисбатан нафрат ҳисси яна ҳам кучайди. Кўпчилик ичишни ташлади. Лекин бу ароқни тамомила ҳаром этиш, дегани эмас эди.

(давоми бор)

«Қуръон илмлари» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
25. Батаҳқиқ, Аллоҳ сизларга кўп жойларда нусрат берди. Ҳунайн кунида ҳам. Ўшанда сизни кўплигингиз мағрур қилган эди. Бас, сизга ҳеч фойда бермади ва кенг ер сизга давоми...

4333 05:00 / 23.01.2017
Имом Забон ибн Алоъ ибн Аммор ибн Урён Мозаний Басрий. У киши ҳижрий 68 санада туғилиб, 154 санада вафот этган. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ва бошқалардан ҳадис давоми...

4716 15:00 / 15.12.2020
103. Сен .Сизга амаллари юзасидан энг зиёнкорларнинг хабарини берайми104. Улар бу дунё ҳаётидаёқ сайъиҳаракатлари ботил бўлган, ўзлари эса, гўзал иш қиляпман, деб давоми...

12226 05:00 / 23.01.2017
islom.uz middot 062. Муташобиҳ сифатларга оид оятлардан намуналар1биринчи мақолаМаълумки, .истиво, сўзи, хусусан Қуръони Каримда келган .истиво, лафзи ҳақида жуда кўп давоми...

3906 13:06 / 22.09.2020
Аудиолар

134021 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

54363 14:35 / 11.08.2021