Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 18 шаввол | 2024 йил 27 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Қуръони Карим дарслари (92-дарс). «Муҳкам» ва «муташобиҳ» уламолар истилоҳида

13:00 / 30.06.2020 3870 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(биринчи мақола)

Юқорида 91 дарсимизда «муҳкам» ва «муташобиҳ» сўзлари Қуръони Каримнинг бир неча оятларида ўзининг луғатдаги маъноларини ифода қилган ҳолда келгани айтиб ўтилди. Шу билан бирга, яна Қуръони Каримнинг кўп оятлари муҳкам бўлиб, улар аслни ташкил этиши ва баъзи оятлари муташобиҳ экани ҳам Қуръони Каримнинг ўзида таъкидлаб айтиб ўтилгандир.

Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасида айтади:

«У сенга Китобни нозил қилган Зотдир. Унда муҳкам оятлар бор – улар Китобнинг аслидир – ва бошқалари муташобиҳлар…» (7-оят)

Ушбу ояти каримада Қуръони Каримнинг оятлари иккига – муҳкам ва муташобиҳга бўлиниши ҳақида сўз кетмоқда.

Қуръони Каримда келган муҳкам – ойдин оятларнинг маънолари равшан, тушунилиши ҳам осон. «Улар китобнинг аслидир», яъни ўша муҳкам оятлар Қуръоннинг аслини ташкил этади. Шу билан бирга, Аллоҳ ирода қилган ҳикмат учун Қуръонда муташобиҳ – бир-бирига ўхшаш маъноларни билдирадиган, турлича маънога буриш мумкин бўлган оятлар ҳам бор. Лекин булар жуда ҳам оз бўлиб, кишиларнинг иймонини синашга хизмат қилади.

Уламолар муҳкам ва муташобиҳнинг илмий ва аниқ маъноларини чегаралашда ҳамда уларнинг ҳар бири ўз ичига олган нарсаларни белгилашда кенг ва кўп ихтилоф қилганлар. Шу билан бирга, уларнинг бу икки нарсанинг таърифида айтган гаплари кўп бўлишига қарамай, мазкур таърифларни икки асосий йўналишга тақсимлаш мумкин.

Биринчи йўналишга кирган уламоларнинг таърифида «Муташобиҳ илми – Аллоҳ Ўзига хос қилиб олган ва инсонлардан ҳеч кимга билдирмаган нарса» дейилади. Бунга қиёмат ҳақидаги илм ҳамда сураларнинг аввалидаги кесик алифбо ҳарфлари илмига ўхшаш нарсалар мисол қилинади. Албатта, бу қисмдаги таърифлар муташобиҳнинг нозик маъносини ўз ичига олгандир.

Ушбу йўналишдаги таърифларга мисоллар:

1. Имом Қуртубий Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу, Шаъбий ва Суфён Саврийга нисбат берган таърифда қуйидагилар айтилади:

«Қуръоннинг муҳкам оятлари – таъвили маъруф бўлган, маъноси ва тафсири фаҳмланганларидир. Муташобиҳ эса уни билишга йўл бўлмаган, илмини Аллоҳ Ўзи хослаб олган ва халқига билдирмаган қиёмат қоим бўлиши вақти ва сураларнинг аввалидаги кесик алифбо ҳарфлари каби нарсалардир».

Имом Қуртубий бу таърифни мақтаган ва: «Бу муташобиҳнинг таърифида айтилганларнинг энг гўзалидир», деган.

2. Аҳли суннага нисбат берилган таърифда айтилади:

«Муҳкам – ундан кўзланган мурод очиқ-ойдин ёки таъвил ила билинган нарсадир. Муташобиҳ – илмини Аллоҳ таоло Ўзига хослаб олган, қиёматнинг қоим бўлиши, Дажжолнинг чиқиши ва сураларнинг аввалидаги кесик алифбо ҳарфлари каби нарсалардир».

3. Саййид Маҳмуд Олусий ҳанафийларга нисбат берган таърифда қуйидагилар айтилади:

«Муҳкам – далолати равшан бўлган ва насхни қабул қилмайдиган нарсадир. Муташобиҳ – ақл билан ҳам, нақл билан ҳам маъносини идрок этиб бўлмайдиган нарса бўлиб, илмини Аллоҳ таоло Ўзига хослаб олган, қиёматнинг қоим бўлиши ва сураларнинг аввалидаги кесик алифбо ҳарфлари каби нарсалардир».

Ушбу таърифлардан очиқ-ойдин кўриниб турибдики, таъриф эгаларининг фикрича, «муҳкам» инсон ўзининг идроки ва таъвил қилиш қудрати ила фаҳмлаш ҳамда таъвил қилишга қодир бўлган нарсадир. «Муташобиҳ» эса илмини Аллоҳ таоло Ўзига хослаб олган нарсадир.

Иккинчи йўналишга кирган уламоларнинг таърифида «муташобиҳ» кенг маънода олинган бўлиб, идрок қилиш қийин бўлган, маъносида енгиллик бўлмаган, тушуниш учун таъвил лозим бўлган, яъни маънони бошқа тарафга буриш керак бўлган ҳамда уни баён қилишда бошқа воситаларга эҳтиёж тушадиган оятларнинг барчаси муташобиҳ дейилган.

Бу қисмга оид таърифларнинг мисоли қуйидагилар:

1. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ва кўпчилик усулийларнинг таърифи:

«Муҳкам фақат битта таъвилни кўтарган нарсадир. Муташобиҳ эса бир неча таъвилни кўтарадиган нарсадир».

2. Имом Фахриддин Розийнинг таърифи:

«Муҳкам – далолати кучли бўлган насс ва зоҳирдан иборатдир. Чунки бу иккиси далолатнинг кучли бўлишида иштирок этадилар. Бунда насс бошқа нарсани ман қилади, зоҳир эса бошқа нарсани ман қилмайди.

Муташобиҳ эса далолати кучли бўлмаган нарса бўлиб, мужмал, муъаввал ва мушкиллардир. Уларнинг ҳар бири далолати кучли бўлмаган далиллардир».

Ушбу таърифда келган баъзи истилоҳларни кенгроқ шарҳ қилишга эҳтиёж бор.

(Давоми бор) 

«Қуръон илмлари» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
40. Албатта, оятларимизни ёлғонга чиқарганлар ва улардан кибр қилганларга осмон эшиклари очилмас ва улар туя игна тешигидан ўтмагунча жаннатга кирмаслар. давоми...

5067 05:00 / 23.01.2017
Бундан ташқари, ҳарфларнинг алмашиши, тушиб қолиши ёки қўшилиши, бир қоидани бир жойда бошқача, иккинчи жойда бошқача ифодаланиши, қироат тўғри бўлиши учун шарт давоми...

3014 17:00 / 05.12.2021
42. Сен ҳаргиз, Аллоҳ золимлар қилаётган нарсадан ғофил, деб гумон қилма. Фақатгина уларни кўзлар қотиб қоладиган кунгача қўйиб қўядир, холос.43. Улар бошларини давоми...

3365 05:00 / 23.01.2017
Қуръони Карим суралари тўрт қисмга бўлинади.1. Тивол Узун суралар.Бу қисмдаги суралар еттита Бақара, Оли Имрон, Нисо, Моида, Анъом, Аъроф суралари, Анфол билан Тавба давоми...

13645 15:21 / 14.01.2020