1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Қуръони Карим дарслари (131-дарс) Ат-Тафсир бир-раъй (биринчи мақола)

20:00 / 06.04.2021 2767 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бу қисмда муфассир ўз фикри ва ижтиҳоди ила тафсир қилади ва мазкур қисм иккига – жоиз ва жоиз эмасга бўлинади.

Жоиз бўлган раъй билан тафсир қилишда муфассир ишончли масдарларга суянган ҳолда жаҳолат ва залолатдан узоқ туриб, тафсир қилади. 

Жоиз бўлмаган қисмда эса муфассир жаҳолат, бидъат ва залолат билан тафсир қилади, шунинг учун ҳам барча алломалар бу навдаги тафсирни ман қилганлар. 

Раъй билан қилинган тафсирнинг мақбул бўлиши учун уламолар қуйидаги шартларни қўйганлар:

1. Муфассир тафсирида ҳавойи нафсига берилиб, тафсирни ўз мазҳаби ёки ақийдасига мослаштириб олмаслиги шарт.

2. Тафсир араб тили қоидаларига хилоф бўлмаслиги керак. Зотан, бу ишда араб тили асосдир.

3. Тафсир ояти кариманинг сиёқига – оқимига қарши бўлмаслиги шарт.

4. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қилинган саҳиҳ ривоятга хилоф бўлмаслиги шарт. 

Жоиз бўлган раъй билан қилинган тафсирлардан машҳурлари қуйидагилар: 

1. Имом Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Умар ибн Ҳусайн Фахриддин Розийнинг «Мафатийҳул-ғойб» тафсири. 

Имом Фахриддин Розий 554 ҳижрий санада, Рай шаҳрида туғилди. У кишининг отаси Зиёуддин олим киши бўлиб, «Рай хатиби» лақабини олган эди. Имом Фахриддин Розий дастлабки сабоқларни отасидан олди. Кейин замонасининг кўзга кўринган алломаларидан дарс олиб, олим бўлди ва шуҳрати етти иқлимга таралди. Имом Фахриддин Розий ўз асрининг пешқадам алломасига айланди. Тафсир, калом, ақлий илмлар ва луғат илмида «имом» деб тан олинди. Шу билан бирга, у киши ўта моҳир хатиб ҳам бўлган. Араб ва ажам тилларида ваъз қилар эди.

Имом Фахриддин Розий ўзидан кейин турли соҳаларга оид кўплаб асарларни қолдирди. У кишининг таълифотларидан жуда кўплаб одамлар фойда олдилар ва олмоқдалар.

Имом Фахриддин Розий 606 ҳижрий санада, Рай шаҳрида вафот этди. 

Имом Фахриддин Розийнинг «Мафатийҳул-ғойб» тафсирида илмий, фалсафий масалалар, хусусан, илми ҳайъатга ва муаллифнинг ҳаётлиги даврида тарқалган бошқа турли илмларга оид маълумотлар ҳам келган. Катта ҳажмдаги бу китоб саккиз жилддан иборатдир. 

Имом Розий тафсирни батафсил қилган. Сураи «Фотиҳа»нинг тафсирининг ўзини алоҳида бир китоб дейиш мумкин. Кейинги суралар ҳам шунга ўхшаб кетган. Баъзи сураларнинг тафсири охирида мазкур суранинг тафсири қачон ниҳоясига етгани ҳам қайд этилган.

Имом Фахриддин Розий ўз тафсирида оят билан оят ва сура билан суранинг бир-бирига боғланишини баён қилишга алоҳида эътибор берган.

Имом Розий ўз тафсирида фалсафага кенг ўрин берган. У киши Аҳли сунна мазҳабида бўлгани учун тафсирида бу мазҳабнинг қавлини қўллаб, мухолифларнинг, хусусан, мўътазилийларнинг фикрларини қаттиқ танқид қилган. 

Бу зот ўз тафсирида кези келганда фиқҳ, усул, наҳв ва балоғат илмларига ҳам алоҳида аҳамият берган. 

Имом Фахриддин Розийнинг танқидчилари у кишини кўп илмларга берилиб кетиб, тафсирни чўзиб юборганликда айблайдилар.

Имом Розий ўзининг «Мафатийҳул-ғойб» деб номланган тафсири билан тафсир ёзиш ишининг муҳаддис ва адиблар тоифасидан усули фиқҳ ва усули дин уламоларига ўтишини бошлаб берган. Шундан кейин тафсир илми янги йўналишга тушди ва ривожланиб кетди. 

2. Имом Насриддин Абдуллоҳ ибн Умар ибн Муҳаммад ибн Алий Байзовийнинг «Анварут-танзил ва асрорут-таъвил» тафсири.

Имом Байзовий форс диёрида туғилиб, ўсган. Турли илмларда пешқадам бўлган. Шерозда қозилик қилган. Ёзган асарлари кўпчилик уламоларнинг таҳсинига сазовор бўлган. Имом Байзовий 691 ҳижрий санада Табриз шаҳрида вафот топган. 

У киши ўз замонасида кенг тарқалган илмларда пешқадам бўлган. Имом Байзовий калом илми, усули фиқҳ, Шофеъий мазҳаби фиқҳи, ҳадис ва бошқа соҳаларда китоблар ёзган. Айниқса, усули фиқҳ бўйича ёзган «Ал‑Минҳаж» китоби ва унинг шарҳи, усулуд‑дин бўйича ёзган «Ат-Товалиъ» китоби ва тафсир бўйича ёзган «Анварут-танзил ва асрорут-таъвил» китоби жуда ҳам машҳур китоблардир. Ушбу уч китобни кўпчилик уламолар ўқиганлар. 

Имом Байзовийнинг «Тафсирул Байзовий» номи ила машҳур бўлган «Анварут-танзил ва асрорут-таъвил» тафсири катта шуҳрат қозонган. Муаллиф ўзининг бу китобида араб тили қонуни асосида тафсир ва таъвилни жамлаган. Далилларни Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби асосида келтирган. Ҳар бир суранинг тафсири охирида унинг фазли хусусида собит бўлган ривоятларни келтирган. Аммо бу борадаги келтирилган ривоятлар ичида саҳиҳ эмаслари ҳам мавжуд. 

Мутахассис олимларнинг таъкидлашларича, имом Байзовий «Анварут-танзил ва асрорут-таъвил» тафсирида ўзидан аввалги икки катта ва машҳур тафсирлар – Замахшарийнинг «Кашшоф» ва Розийнинг «Мафатийҳул-ғойб» тафсирларидан кенг фойдаланган. Кўпчилик уламолар ушбу китоб ила тафсирдаги илмий йўналиш чўққисига етганини таъкидлайдилар. 

«Анварут-танзил ва асрорут-таъвил» тафсири ўзидан олдинги тафсирларнинг фазилатларини ўзида жамлаган, улардаги нуқсонларни четлаб ўтган бўлгани учун кўпчилик томонидан жуда яхши қабул қилинган ҳамда асрлар оша аҳли илмларнинг тақдири ва таҳсинига сазовор бўлиб келган.

Аҳли илмлар бу тафсирни катта аҳамият билан ўрганганлар ва уларнинг ичида «Анварут-танзил ва асрорут-таъвил» тафсирига ҳошия ёзганлар ҳам кўп. Мазкур ҳошияларнинг сони қирқдан ортиқ бўлиб, уларнинг ичида Қозизода ва Хафочиларнинг ҳошиялари энг яхшиларидан ҳисобланади.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, «Анварут-танзил ва асрорут-таъвил» тафсири энг мўътабар тафсирлардан бўлиб, Аллоҳнинг каломини фаҳмлашда ва унинг сирларини англашда беқиёс хизмат қилгандир. 

(Давоми бор)

«Қуръон илмлари» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло .Ана шундай, сенга Ўз амримиздан бир руҳни ваҳий қилдик. Сен китоб нима, иймон нима, идрок қилмас эдинг. Лекин, уни бир нур давоми...

1892 19:00 / 29 апрель
14. Ва, .Биз насоролармиз,, деганларнинг ҳам аҳдномасини олдик. Бас, улар ўзларига эслатма бўлган нарсадан кўп насибани унутдилар. Биз улар орасида адоват ва ёмон давоми...

9878 05:00 / 23.01.2017
Маккада нозил бўлган. 8 оятдан иборат. Ушбу сураи кариманинг номи ҳам ўзининг биринчи ояти охиридаги келган .Баййина, сўзидан олингандир. .Баййина, сўзи луғатда давоми...

7709 05:00 / 23.01.2017
36. Батаҳқиқ, Биз ҳар бир умматга .Аллоҳга ибодат қилинг ва тоғутдан четланинг,, деб Пайғамбар юборганмиз. Бас, улардан баъзиларини Аллоҳ ҳидоят қилди. Баъзиларига давоми...

4159 05:00 / 23.01.2017
Аудиолар

211026 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130285 14:35 / 11.08.2021