1445 йил 18 Рамазон | 2024 йил 28 март, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Анфол сураси, 1-2

05:00 / 23.01.2017 6028 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

1. Сендан ўлжалар ҳақида сўрарлар. Сен: «Ўлжалар Аллоҳ ва Пайғамбарникидир. Бас, Аллоҳга тақво қилинглар ва ўз ораларингизни ислоҳ этинглар. Агар мўмин бўлсангиз, Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига итоат қилинглар», деб айт.


Бадр ғазоти ҳақидаги юқорида келтирилган маълумотларда таъкидланганидек, Анфол сурасининг кўпгина оятлари мазкур уруш сабабидан нозил бўлгандир. Хусусан, дастлабки оятлар жангдан кейин ўлжа устида мусулмонлар орасида жанжал чиққани сабабли тушгандир.

Аллоҳнинг ёрдами билан ғолиб бўлган мусулмонлар ғалаба нашидасида маст эканлар, ўлжа хусусида ўзаро ихтилофга тушиб қолдилар. Бу эса, инсон табиати ниҳоятда мурракаб эканини яна бир бор кўрсатади. Кофирлардан тушган ўлжани талашаётган инсонлар, аслида, бутун мол-мулкидан кечиб, Исломни танлаган зотлар эди. Уларнинг бир қисми молу дунёларини, қариндош-уруғларини, азиз ватанларини ташлаб, дину диёнат йўлида ҳижрат қилганлар.

Бошқалари эса, ҳижрат қилиб келган биродарларига ҳамма нарсаларни бериб, уларни ўзларидан устун кўрган ансорийлар эди. Улар Бадр урушига кираётиб, «ўлжа» деган нарсани хаёлларига ҳам келтирган эмаслар. Балки, тезроқ шаҳид бўлиб, жаннатга кириш иштиёқида ёнар эдилар. Улардан бири жаннатга киришга шошилганидан қўлидаги бир неча хурмони еб битиршга ҳам чидамаган. Аммо жанг тугаб, кўп йиллик машаққат ва қийинчиликлардан кейин дастлабки ғалаба қўлга киргач, дарҳол дунёга қизиқиш бошланди. Орада низо чиқди. Бу жуда ҳам  ҳам хатарли ҳол эди.

Ҳозирги кунда исломий ҳаракатлар еча олмаётган бош жумбоқ ҳам шундадир. Даъват йўлида, душманга қарши кураш йўлида мўъжизага ўхшаш ишлар қилинади-ю, биринчи ғалаба, бир оз мансаб ва мол-дунё қўлга киргач, ихтилоф, ўзаро келишмовчиликлар бошланади. Аллоҳ таоло саҳобалар авлодини ҳар хил ишларни бошларига солиб, тарбиялаб борган. Бадр уришидан кейин ўлжа талашиш ҳам шунга ўхшаш масалалардан биридир. Аллоҳ уларни амалий хато устида тарбиялади. Ўша ҳодисанинг бевосита иштирокчиси бўлмиш Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан шундай ривоят бор: «Бу оятлар биз ҳақимизда-Бадр соҳиблари ҳақида, ўлжа талашиб, ихтилоф қилганимизда, ахлоқларимиз бузилганида нозил бўлган. Аллоҳ ўлжани бизнинг қўлимиздан тортиб олиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга берди». 

Аллоҳ таоло ояти кариманинг аввалида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилмоқда:

«Сендан ўлжалар ҳақида сўрарлар».

Яъни, ўлжа устида талашиб, ҳар қайсиси ўзини бошқалардан кўра ҳақлироқ билиб, соҳиблик давосини қилганидан сўнг сўрайдилар. «Ўлжалар кимники « дейдилар.

«... Ўлжалар Аллоҳ ва Пайғамбарникидир, деб айт».

Ўлжалар сизники эмас. Сиз шошилиб, уни ўзингизники қилиб олмоқчисиз. Йўқ. Ўлжалар Аллоҳники.

Аллоҳ сизни кофирлар устидан ғолиб қилди.

Бу ғалабани сиз келтирганингиз йўқ. Аллоҳ келтирди.

Мушрикларни сиз ўлдирганингиз йўқ, балки Аллоҳ ўлдирди.

Кофирларни сиз асир олганингиз йўқ, Аллоҳ асир олди.

Ўлжани сиз қўлга киритганингиз йўқ, Аллоҳ киритди.

Ўлжалар сизники эмас, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламники. Ўша зот туфайли сизга Аллоҳнинг ёрдами келди.

Сиз бўлса, ҳаққингиз бўлмаган нарсани талашиб, бир-бирингизни хафа қилиб, ўртадаги дўстликка путур етказиб юрибсиз. Бундай қилиш сизларга ҳеч муносиб эмас.

«Бас, Аллоҳга тақво қилинглар ва ўз ораларингизни ислоҳ этинглар».

Қалбда тақво бўлгандагина инсон дунёнинг ўткинчи матоҳини талашиб юрмайди. Молу дунё деб ўз биродарлари билан орани бузмайди. Қалбидан тақво жой олган инсонгина Аллоҳга ва Пайғамбарга итоат қилади.

«Агар мўмин бўлсангиз Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига итоат қилинг».

Демак, мўминликнинг шарти ҳар бир нарсадан Аллоҳга ва Унинг Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилишдир. Иймон амалда кўринади. Иймонни кўрсатадиган амал эса, Аллоҳга ва  Унинг Пайғамбарига итоат қилишда зоҳир бўлади. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз  ҳадиси шарифларидан бирида: «Иймон қалбда виқор топган ва амал билан тасдиқ этилган нарсадир», деганлар.

Кейинги оятларда ҳақиқий мўминлар кимлар экани баён қилинади:


2. Албатта, Аллоҳ зикр қилинса, қалблари титрагувчи, оятлари тиловат этилса, иймонларини зиёда қилгувчи ва Роббиларига таваккул қилгувчиларгина мўминлардир.

Оятда мўминларнинг бир неча сифати зикр қилинган. Оят 

«Албатта», деган таъкид билан бошланаётгани диққатни тортади. 

«Аллоҳ зикр қилинса, қалблари титрагувчи»лар... мўминлардир.

Демак, мўминни ажратиш учун Аллоҳни зикр қилиш керак экан. Аллоҳ зикр қилинганда, қалбини титроқ босиб, ундан қўрқиб турган одам мўмин бўлади. Яъни, масалан, бирон ишни  Аллоҳ буюрган, қилиш керак, дейилса, Аллоҳдан қўрқиб, ўша ишни бажаришга киришган одам мўмин бўлади. Гапни эшитиб туриб, Аллоҳ зикр қилингандан кейин ҳам қўрқмай, у ишдан бўйин товлаган одам мўмин эмас.

Мисол учун, Аллоҳ намоз ўқишни фарз қилган, Унинг амрини бажариш ҳар бир мусулмонга фарздир, дейилса, қалбини титроқ босиб, дарҳол намоз ўқишни бошлаган одам мўмин. Мазкур ҳукмни эшитиб, яна ўқимай кетаверадиганлар эса, мўмин эмасдир.

Шунингдек, ароқ ичишни Аллоҳ ҳаром қилган, ким уни ичса, гуноҳкор бўлади, дейилса, Аллоҳдан қўрқиб, ароқ ичмай қўйган одам мўминдир. Аллоҳдан қўрқмай, яна ичаверган одам эса, мўмин эмас. Ушбу мисолни бошқа ҳар бир амрга ва қайтариққа солиштириб олаверинг.

«оятлари тиловат этилса, иймонларини зиёда қилгувчи» лар  ... мўминлардир.

Яъни, Аллоҳнинг оятлари тиловат қилинганда, иймони зиёда бўладиган инсон мўминдир. Қалбига Қуръон таъсир этадиган, иймонини бақувват қиладиган инсон мўминдир. Аммо Қуръони Карим оятлари қанчалик тиловат қилинса ҳам, иймони зиёда бўлмай тураверадиган инсон мўмин эмасдир.

«...ва Роббиларига таваккул қилгувчиларгина мўминлардир».

Яъни, фақат Аллоҳ таологагина қайтадиган, Унигина кўзлайдиган, Ундангина паноҳ тилайдиган, Ундангина ҳожатларини раво қилишни сўрайдиган, Унгагина рағбат қиладиган, У хоҳласа, бўлади, хоҳламаса, бўлмайди, деб эътиқод қиладиган кишиларгина мўминлардир. Бу дегани дунёдаги ишларга аралашмай, сабабини ахтармай туравериш керак, дегани эмас. Мўмин ҳар бир ишни режага солиб, пухта ўйлаб, турли сабабларни топиб, кейин қилади. Лекин ўша тадбирларнинг ўзигагина суяниб қолмайди. Фикр, режа ва тадбирлар натижа берди, ҳам демайди. Балки, Аллоҳга суянади. Натижани Аллоҳдан деб билади. Шундай тушунчага эга бўлмаган одам мўмин эмас.

Мулоҳаза қилинса, Қуръонда одамлар мўминлар ва мўмин эмасларга ажратилган. Баъзилар айтаётганидек, «ҳақиқий мўмин, оддий мўмин ва мўмин бўлмаганлар»га эмас. Мазкур сифатларга эга бўлганларгина мўминдир, бошқалари мўмин эмас. Учинчи тоифа йўқ. Агар бўлса Аллоҳ айтар эди.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
иккинчи мақолаСуннатнинг суннат билан насх қилиниши..Суннат Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан асар бўлиб қолган гап, иш, тақрирдир,.Суннат бизга етиб келиши давоми...

3494 15:00 / 21.04.2020
islom.uz middot 062. Муташобиҳ сифатларга оид оятлардан намуналар2иккинчи мақола 7. .Истиво, сўзининг араб тилида ифодаланадиган маъноларидан еттинчиси ndash .иқбол, давоми...

3347 13:30 / 29.09.2020
Қуръони Карим суралардан, суралар эса оятлардан иборатдир. Уларнинг ўзига яраша тартиби бор. Оят ва сураларнинг тартиби ҳақида батафсил сўз юритишдан аввал бу давоми...

4698 20:11 / 24.12.2019
Уларга оятларимизни берганимизда, улардан ўзини олиб қочган ва уни шайтон эргаштириб кетиб, иғвога учганлардан бўлган шахснинг хабарини тиловот қилиб берУшбу давоми...

4730 05:00 / 23.01.2017
Аудиолар

118720 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40689 14:35 / 11.08.2021