1447 йил 19 жумадис сони | 2025 йил 10 декабрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсир

Неъматга шукр қилиш

19:00 / 09 декабрь 31 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

ﯟ ﯠ ﯡ ﯢ ﯣ ﯤ ﯥ ﯦﯧ ﯨ ﯩ ﯪ ﯫ ﯬ ﯭ ﯮ ﯯ ﯰ ﯱ

«У (Қуръон) билан Роббларига тўпланишларидан қўрқадиганларни огоҳлантир. Уларга Ундан ўзга валий ҳам, шафоатчи ҳам йўқ. Шоядки, тақво қилсалар» (Анъом сураси, 51-оят).

Қиёмат кунидан қўрқадиганлар Робблари ҳузурида тўпланишдан қўрқадиганлардир.

«У билан Роббларига тўпланишларидан қўрқадиганларни огоҳлантир».

Қуръони Карим билан қиёмат куни Робблари ҳузурида тўпланишдан қўрқадиганларни огоҳлантир. Ўшалар сенинг огоҳлантиришингни ихлос билан тинглайдилар ва ундан фойда оладилар. Чунки қиёмат куни:

«Уларга Ундан ўзга валий ҳам, шафоатчи ҳам йўқ».

Ҳа, уларга Аллоҳдан ўзга валий ҳам, шафоатчи ҳам бўлмаслигини ўзлари яхши биладилар.

«Шоядки, тақво қилсалар».

Шоядки, улар бу огоҳлантиришингдан манфаат олиб, ҳақ йўлини қаттиқ ушлаб, тақводор бўлсалар.

Юқоридаги ояти карималарда Ўз Пайғамбарига мушрик-кофирлар билан қандай муомала қилишни ўргатиб бўлган Аллоҳ таоло энди келадиган ояти карималарда мўмин-мусулмонлар билан қандай муомалада бўлишни баён этади.

ﯲ ﯳ ﯴ ﯵ ﯶ ﯷ ﯸ ﯹ ﯺﯻ ﯼ ﯽ ﯾ ﯿ ﰀ ﰁ ﰂ ﰃ ﰄ ﰅ ﰆ ﰇ ﰈ ﰉ ﰊ ﰋ ﰌ

«Эртаю кеч Роббларига Унинг юзини ирода қилиб дуо этаётганларни ҳайдама! Уларнинг ҳисоб-китобидан сенинг зиммангда ҳеч нарса йўқ. Сенинг ҳисоб-китобингдан уларнинг зиммасида ҳеч нарса йўқ. Уларни ҳайдаб, золимлардан бўлиб қол­ма» (Анъом сураси, 52-оят).

Ушбу ояти кариманинг нозил бўлиш сабаби ҳақида Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Асбот ибн Муҳаммаддан, у зот Ашъасдан, у зот Кирдавсдан, у эса Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан қуйидагиларни ривоят қиладилар:

«Қурайш зодагонларидан бир гуруҳи Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларидан ўтиб кетаётиб, у кишининг ҳузурларида Суҳайб, Билол, Аммор, Хаббоб ва бошқа заифҳол мусулмонларни кўриб қолдилар ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга:

«Эй Муҳаммад! Ўз қавминг ичидан шуларга рози бўлдингми? Орамиздан Аллоҳ неъмат берганлар шуларми? Энди биз шуларга эргашишимиз керакми? Уларни ҳайда! Уларни ҳайдасанг, эҳтимол, биз сенга эргашармиз», дейишди. Ана шунда «Эртаю кеч Роббларига Унинг юзини ирода қилиб дуо этаётганларни ҳайдама!» ояти каримаси нозил бўлди».

Жоҳилият қонуни одамларнинг молу мулки, бойлигига қараб ҳукм чиқаради. Бой-зодагонлар камбағаллар билан муомалада бўлиш ёхуд бирга ўтириш у ёқда турсин, мискин бечоралар кирган динга киришни ҳам истамайдилар. Ҳатто камбағаллар билан мулоқот қилган пайғамбарлар билан гаплашишни, бирга ўтириб-туришни ўзларига раво кўрмайдилар. Ҳамма нарсани пул-мол билан ўлчайдиган бўлиб қолган одамлар мол-дунёси йўқ камбағални одам ўрнида кўрмайдилар.

Аммо Исломда инсон Аллоҳга бўлган иймони ва ихлосига қараб баҳоланади.

«Эртаю кеч Роббларига Унинг юзини ирода қилиб дуо этаётганлар» ижтимоий ҳолатлари қандай бўлишидан қатъи назар, ҳатто дунёдаги энг фақир, камбағал одам бўлсалар ҳам, олиймақом инсон ҳисобланадилар. Шунинг учун ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бойларнинг гапига кириб, уларни ўз ҳузурларидан ҳайдашга ҳақлари йўқ. Уларнинг камбағалликлари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг зиммаларига қўшимча вазифа юкламайди. Камбағалликлари – ўзларига. Уларнинг ризқини Аллоҳ беради. Шунингдек, улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ризқларидан масъул эмаслар. У кишига ҳам ризқни Аллоҳ беради. Ёки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам улар билан ўтирсалар, камбағал, уларни ҳузурларидан ҳайдаб, бойларга юз бурсалар, бой бўлиб қолмайдилар. Шу боисдан Аллоҳ таоло бу ояти каримада у кишига:

«Уларнинг ҳисоб-китобидан сенинг зиммангда ҳеч нарса йўқ. Сенинг ҳисоб-китобингдан уларнинг зиммасида ҳеч нарса йўқ», – демоқда.

Шундай экан, камбағал бўлсалар-да, қалблари иймону ихлосга бой кишиларни ҳузурларидан ҳайдаш Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга зинҳор-базинҳор тўғри келмайди. Аллоҳ таоло у кишига хитоб қилиб:

«Уларни ҳайдаб, золимлардан бўлиб қолма», – демоқда.

Кишиларнинг бой ёки камбағалликлари уларнинг инсоний қадрларини ўлчаш, динга муносабатларини аниқлаш ёки Пайғамбар билан бирга ўтиришга ҳақли эканликларини белгилаш учун эмас, балки бу ҳолнинг бошқа ҳикмати бор. Бу ҳикмат келаси оятда баён қилинади:

ﭑ ﭒ ﭓ ﭔ ﭕ ﭖ ﭗ ﭘ ﭙ ﭚ ﭛﭜ ﭝ ﭞ ﭟ ﭠ ﭡ

«Орамиздан Аллоҳ марҳамат кўрсатганлар шуларми?» – дейишлари учун баъзиларни баъзилари ила ана шундай синадик. Аллоҳнинг Ўзи шукр қилувчиларни яхши билувчи эмасми?» (Анъом сураси, 53-оят).

Демак, бойларнинг бой, камбағалларнинг камбағал бўлиши синов экан. Синов бўлганда ҳам, бирларини бошқалари билан синаш экан. Бой шукр қиладими, йўқми – синалади. Камбағал ҳам сабр қиладими, йўқми – синалади. Айниқса, бойлар кўпроқ синаладилар. Чунки одатда улар мол-дунёларидан ғурурланиб, ҳамма нарсани бойлик билан ўлчайдиган бўлиб кетадилар. Жумладан, диндорликни ҳам. Бундай кимсалар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суҳбатларига мушарраф бўлишга ҳам бойлик сабаб бўлиши керак, деб ҳисоблайдилар. «Муҳаммад келтирган дин ҳақ бўлганида, унга камбағал-ялангоёқлар биздан олдин кирмас эди», – дейдилар. Набий алайҳиссаломга:

«Орамиздан Аллоҳ марҳамат кўрсатганлар шуларми?» – дейдилар.

Яъни «Ҳидоят-иймон неъмати берилганлар шуларми?» – деб сўрайдилар. Лекин улар Аллоҳ кимга ушбу иймон неъматини берса, шукр қилишини билмайдилар-ку?

Аллоҳ ҳидоят неъматини бандаларнинг бойлиги ёки камбағаллигига қараб бермайди. Балки неъматга шукр қиладиган бандаларига беради. Бой бўлсин, камбағал бўлсин – ҳидоят неъматига эришса, шукр қилсин. Ким шукр қилишини бой-зодагонлар эмас, Аллоҳнинг Ўзи билади.

«Аллоҳнинг Ўзи шукр қилувчиларни яхши билувчи эмасми?»

«Тафсири Ҳилол» китоби асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 22 октябрдаги 02-07/6395-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади .Сен .Мен билан сизнинг орамизда гувоҳликка Аллоҳнинг Ўзи кифоядир. Албатта, У Ўз бандаларидан хабардор ва уларни кўриб давоми...

1797 19:00 / 06.08.2024
Мусодан кейинги Бану Исроилдан бўлган зодагонларни билмадингми Ўшанда улар ўз набийларига .Бизга бир подшоҳ тайин қилгин, Аллоҳнинг давоми...

4906 17:07 / 22.03.2020
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади.Муҳаммад ҳам бир Расул, холос. Ундан олдин ҳам расуллар ўтган. Агар у ўлса ёки қатл қилинса, орқангизга давоми...

4084 17:00 / 04.01.2022
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади .Унда уларга жонга жон, кўзга кўз, бурунга бурун, қулоққа қулоқ, тишга тиш ва жароҳатларда қасос фарз қилдик. давоми...

1427 19:00 / 01.10.2024
Видеолар

432 14:42 / 08 декабрь
Аудиолар

212231 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

131468 14:35 / 11.08.2021