Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 20 жумадис сони | 2025 йил 11 декабрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Имом адашса, қавм тасбеҳ айтиб, уни огоҳлантириши | Ҳадис дарслари (357-дарс)

19:00 / 10 декабрь 194 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ عَبْدِ الرَّحْمَنِ بْنِ عَوْفٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِذَا سَهَا أَحَدُكُمْ فِي صَلَاتِهِ فَلَمْ يَدْرِ وَاحِدَةً صَلَّى أَوْ اثْنَتَيْنِ فَلْيَبْنِ عَلَى وَاحِدَةٍ، فَإِنْ لَمْ يَدْرِ ثِنْتَيْنِ صَلَّى أَوْ ثَلَاثًا فَلْيَبْنِ عَلَى ثِنْتَيْنِ، وَإِنْ لَمْ يَدْرِ ثَلَاثًا صَلَّى أَوْ أَرْبَعًا فَلْيَبْنِ عَلَى ثَلَاثٍ وَلْيَسْجُدْ سَجْدَتَيْنِ قَبْلَ أَنْ يُسَلِّمَ. رَوَاهُ أَحْمَدُ وَالتِّرْمِذِيُّ وَصَحَّحَهُ.

Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бирортангиз намозида унутиб, бир ракъат ўқидими, икки ракъат ўқидими, била олмай қолса, бир ракъат ўқидим, деб олсин. Агар икки ракъат ўқидими, уч ракъат ўқидими, била олмай қолса, икки ракъат ўқидим, деб олсин. Агар уч ракъат ўқидими, тўрт ракъат ўқидими, била олмай қолса, уч ракъат ўқидим, деб олсин ва салом беришидан олдин иккита саҳв саждаси қилсин», дедилар».

Аҳмад ва Термизий ривоят қилганлар.

Аввало ҳадиси шарифнинг ровийcи Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик.

Абдурраҳмон ибн Авф Зуҳарий ал-Қураший, кунялари Абу Муҳаммад.

Абу Бакр розияллоҳу анҳу воситаларида саккизинчи бўлиб Исломга кирган, Ҳабашистон ва Мадинага ҳижрат қилган, жаннатга киришларига башорат берилган ўнта саҳобийларнинг бири.

У киши Бадр, Уҳуд, Хандақ, Ризвон байъати ва бошқа бир қанча ғазотларда иштирок этган, Уҳуд жангида йигирма бир жойидан жароҳатланган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам воситаларида Саъд ибн Абу Робеъ билан исломий биродар бўлган, бадавлат ва саҳий саҳоба эдилар.

Бу зот кўп мол соҳиби эдилар. Бир куннинг ўзида ўттизта қул озод қилганликлари ва бир карвонни Аллоҳ йўлида эҳсон этганликлари тўғрисида китобларда ёзилган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Абдурраҳмон ибн Авф осмонда ҳам, ерда ҳам аминлардандир», деб марҳамат қилганлар.

Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан 65та ҳадис ривоят қилганлар. У кишидан Ибн Аббос, Ибн Умар, Жобир, Анас ибн Молик, Жубайр ибн Мутъим, Абу Салама, Мусъаб ибн Умайр, ўғиллари Иброҳим ва Хумайд ва тобеъинлардан бир нечалари ривоят қилганлар.

Абдурраҳмон ибн Авф ҳижратнинг 32-йили Мадинада вафот этдилар ва Бақиъ қабристонига дафн қилиндилар.

Юқоридаги ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам намозда ракъатларнинг сонини унутиб қўйишнинг уч тури ва шундай ҳолатларда нималар қилиш кераклигини баён этиб бермоқдалар.

Кўриниб турибдики, неча ракъат ўқиганини билмай, иккиланиб қолган одам эҳтиёт маъносида оз томонини ушлагани маъқул. Шунда саҳв саждаси қилиш билан камчилик тўғриланиб кетаверади.

Ўтган ҳадислар ва ушбу ҳадисни далил қилиб, Шофеъий мазҳаби «Саҳв саждаси саломдан олдин бўлади», дейди.

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ بُحَيْنَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: إِنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَامَ مِنَ اثْنَتَيْنِ مِنَ الظُّهْرِ لَمْ يَجْلِسْ بَيْنَهُمَا، فَلَمَّا قَضَى صَلَاتَهُ سَجَدَ سَجْدَتَيْنِ ثُمَّ سَلَّمَ بَعْدَ ذَلِكَ، وَسَجَدَهُمَا النَّاسُ مَعَهُ مَكَانَ مَا نَسِيَ مِنَ الْجُلُوسِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.

Абдуллоҳ ибн Буҳайна розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Пешинни ўқиётиб, икки ракъатдан кейин ўтирмай, туриб кетдилар. Намозни тамомлаганларида икки марта сажда қилдилар. Ундан кейин салом бердилар. У икки саждани у зот билан одамлар ҳам қилдилар. Бу унутган ўтириш ўрнига эди».

Бешовлари ривоят қилганлар.

Аввало ҳадиси шарифнинг ровийcи Абдуллоҳ ибн Буҳайна розияллоҳу анҳу билан танишиб олайлик:

Абдуллоҳ ибн Молик ибн Буҳайна, кунялари Абу Муҳаммад, Оналари Буҳайна бинти Ҳорис ибн Мутталиб. Оталари Молик ибн Ҳишом Аздуманда қабиласидан. Бу зот умр бўйи рўза тутган фозил кишилардан эдилар. Мутталиб Абдуманоф қабиласининг бошлиқларидан бўлганлар.

Абдуллоҳ ибн Буҳайна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суҳбатларида бўлдилар ва улардан бир нечта ҳадислар ривоят қилдилар. Мадинадан 30 мил узоқликда бўлган «Батну рийм» деган жойда истиқомат қилдилар.

Ушбу ривоятда икки ракъатдан кейин биринчи қаъдага ўтиришни унутиб, ташаҳҳудни ўқимаслик саҳв саждасининг сабабларидан эканлиги ва имом саҳв саждаси қилса қавм ҳам қилиши зарурлиги маълум бўлмоқда.

عَنِ الْمُغِيرَةِ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِذَا قَامَ الْإِمَامُ فِي الرَّكْعَتَيْنِ فَإِنْ ذَكَرَ قَبْلَ أَنْ يَسْتَوِيَ قَائِمًا فَلْيَجْلِسْ، فَإِنِ اسْتَوَى قَائِمًا فَلَا يَجْلِسْ وَيَسْجُدْ سَجْدَتَيِ السَّهْوِ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَأَحْمَدُ وَالْبَيْهَقِيُّ.

Муғийра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Имом икки ракъатдан кейин туриб кетса, агар ғоз туриб олишдан олдин эслаб қолса, ўтирсин. Агар ғоз туриб олган бўлса, ўтирмасин, икки марта саҳв саждаси қилиб олади», дедилар».

Абу Довуд, Аҳмад ва Байҳақийлар ривоят қилганлар.

Ким икки ракъатдан кейин биринчи ташаҳҳудга ўтирмай, туриб кетса ёки тик турганлик ҳолига яқинлашиб қолса, намозини давом эттиради. Охирида икки марта саҳв саждасини қилиб олиши билан намози тугал бўлади.

Агар энди ҳаракат қилаётганда ёки тик тургандан кўра, ўтирган ҳолга яқин ҳолатда эслаб, ўтириб олса, намозини давом эттираверади.

عَنْ زِيَادِ بْنِ عِلَاقَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: صَلَّى بِنَا الْمُغِيرَةُ فَلَمَّا صَلَّى رَكْعَتَيْنِ قَامَ وَلَمْ يَجْلِسْ، فَسَبَّحَ بِهِ مَنْ خَلْفَهُ فَأَشَارَ إِلَيْهِمْ أَنْ قُومُوا، فَلَمَّا فَرَغَ مِنْ صَلَاتِهِ سَلَّمَ وَسَجَدَ سَجْدَتَيِ السَّهْوِ وَسَلَّمَ وَقَالَ: هَكَذَا صَنَعَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَأَبُو دَاوُدَ.

Зиёд ибн Илоқа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Муғийра бизга намозга ўтди. Икки ракъат ўқиганидан кейин ўтирмай, туриб кетди. Бас, орқасида турганлар тасбеҳ айтдилар. У эса уларга «туринглар», деб ишора қилди. Намоздан фориғ бўлганида салом берди ва икки саҳв саждасини қилди, кейин:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай қилганлар», деди».

Термизий ва Абу Довуд ривоят қилганлар.

Шарҳ: Аввало ҳадиси шарифнинг ровийcи Зайд ибн Илоқа розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик:

Зайд ибн Илоқа ибн Молик ас-Саълабий, кунялари Абу Молик Куфий. Ҳижратнинг 36-йилида таваллуд топдилар.

Ҳадис илмида ишончли бўлганлар. Ҳадис олимлари бу зот ривоят қилган ҳадисларни саҳиҳ, деб тан олганлар. Бу зот тобеъинлардан бўлиб, ҳадисларни амакиларидан, Усома ибн Шарик, Жарийр ибн Абдуллоҳ, Муғийра ибн Самуралардан ривоят қилдилар. Бу кишидан Суфён, Аъмаш, Симок ибн Ҳарб, Шайбонийлар ривоят қилганлар.

Зайд ибн Илоқа ҳижратнинг 135-йили вафот этдилар.

Имом адашиб, намозда хато қилса, унга эслатиш учун ортида иқтидо қилиб турган қавм «Субҳаналлоҳ!» деб тасбеҳ айтиб, огоҳлантиради. Ана шунда имом ўз хатосини тўғрилаб олади. Муғийра ибн Шўъба розияллоҳу анҳу қавм тасбеҳ айтган пайтда ғоз туриб, қайта ўтирса бўлмайдиган ҳолга етганлари учун ўтирмадилар. Қавм эса у кишининг ўтиришларини кутиб, ўтириб қолди. Шунда Муғийра розияллоҳу анҳу уларга «туринглар», деб ишора қилдилар. Намозни давом эттириб, салом бердилар ва кейин саҳв саждасини қилдилар.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Имом адашса, қавм тасбеҳ айтиб, уни огоҳлантириши.

2. Тик туриб олгандан кейин биринчи ташаҳҳудга қайтиб ўтириш мумкин эмаслиги.

3. Имом қавмга «туринглар», деб ишора қилиши мумкинлиги.

4. Саҳв саждасининг саломдан кейин қилиниши.

5. Имом қавм тушунмай қолган нарсани уларга баён қилиб бериши зарурлиги.

6. Муғийра розияллоҳу анҳунинг қилган ишлари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қилган ишларига мос эканлиги.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 5-жузи

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 23 январдаги 03-07/362-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .У киши .Эй Аллоҳнинг Расули, қиёмат куни сизнинг шафоатингиздан энг саодатманд давоми...

4587 17:30 / 07.07.2021
. Бани Абдул Ашҳаллик бир аёл деди.Эй Аллоҳнинг Расули, бизнинг масжидга борадиган йўлимиз сассиқ. Бас, ёмғирда қолсак, қандай қиламиз,..Ўшандан давоми...

3252 19:00 / 05.01.2023
.Ғусл, сўзи луғатда бирор нарсанинг устидан сув оқизиш деган маънони англатади. Шариатда эса Аллоҳ таолога қурбат ниятида баданнинг ҳаммасига сув оқизишга давоми...

4672 19:00 / 24.05.2023
Қазои қадарга бағишланган мазкур бобда бир ояти карима ва ўндан ортиқ ҳадиси шарифларни ўргандик. Албатта, бу қазои қадарга тегишли ҳамма оят ва ҳадислар шулардан давоми...

5441 13:04 / 04.11.2020