Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1440 йил 6 рабиъус сони | 2018 йил 14 декабрь, жума
Минтақа:
UZ RU EN AR
Қуръон

Қуръони Карим дарслари (4-дарс). Ваҳийнинг даражалари

14:15 / 19 октябрь 1067 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга келган ваҳийнинг бир неча турлари борлигини юқорида ўрганиб чиқдик. Уларнинг барчаси ҳам Аллоҳ таолонинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга зудлик билан юборган, бошқалардан махфий тутилган хабаридир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга келган ваҳийларнинг барчаси ҳам Қуръони карим бўла олмаслигини яхши англашимиз керак. Бу борадаги шаръий матнларни яхшилаб ўрганиб чиқсак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳ таолодан келган ваҳийларнинг даражаси уч хил экани маълум бўлади:

1. Ҳадиси набавий.

2. Ҳадиси қудсий.

3. Қуръони карим.

Ушбу турлардан биринчиси – «ҳадиси набавий» одатда шунчаки «ҳадис» деб юритилади.

Ҳадис, ҳадиси қудсий ва Қуръон

Аллоҳ таолодан Муҳаммад алайҳиссаломга келган ваҳийнинг уч тури – ҳадис, ҳадиси қудсий ва Қуръон орасидаги фарқни тушуниб етиш ниҳоятда аҳамиятли ишлардан бири ҳисобланади. Шунинг учун ҳам Улуми Қуръон олимлари ушбу мавзуга алоҳида эътибор қаратадилар. Биз ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзидан ёрдам сўраган ҳолда бу фарқни билиб олиш учун ҳаракат қилиб кўрамиз.

I. Ҳадис.

«Ҳадис» сўзи араб тилида «сўз» деган маънони англатади. Демак, ҳадис деганда Набий алаҳиссаломнинг айтган гап-сўзлари кўзда тутилади ва тушунилади.

Уламолар истилоҳида эса «ҳадис» қуйидагича таърифланади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан осор бўлиб қолган гап, иш, тақрир, халқий сифатлар, хулқий сифатлар ҳамда таржимаи ҳолга тегишли маълумотлар «ҳадис» дейилади».

Ушбу таъриф Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан осор бўлиб қолган ва ишончли манбалар орқали ривоят қилинган бир неча хил нарсаларни ўз ичига олмоқда. Таърифда зикри келган нарсаларга биттадан мисол келтирайлик.

1. «Гап». Бунга Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг турли ҳолат ва муносабатларда айтган гаплари киради.

Мисол учун, «Албатта, амаллар ниятга боғлиқдир».

Мана шу муборак гапни эшитган одамлар омонат тариқасида уни эшитмаганларга етказганлар. Шу тарзда авлоддан-авлодга ўтиб, муҳаддис олимгача етиб келган. Муҳаддис эса илмий йўллар билан текшириб, унинг ҳадис эканига ишонч ҳосил қилганидан сўнггина китобига киритган. Бу «қавлий (гап) суннат» дейилади.

2. «Иш». Бунда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қилган иш-амаллари тушунилади. Айтайлик, таҳорат қилишлари, намоз ўқишлари, ҳаж ибодатини адо этишлари ва ҳоказо. Шунга ўхшаш амалларини кўрганлар кўрмаганларга айтиб, кўрсатиб берганлар. Бундай маълумотлар шу тариқа ҳадис олимига етиб келган ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қилган ишлари сифатида асар бўлиб қолган. Бу «амалий (иш) суннат» дейилади.

3. «Тақрир». Бу сўз бир нарсага иқрор бўлиш, унинг тўғрилигини тасдиқлаш, маъқуллаш маъносини англатади. Суннатдаги тақрир эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаи киромлар томонидан содир бўлган баъзи нарсаларни маъқуллашларидан иборат. Биргина мисол:

Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз алайҳиссалом юборган бир тўп лашкарга бош эди. Борган жойида жунуб бўлиб қолди ва совуқдан қўрқиб, ғусл қилмасдан, таяммум билан намоз ўқиди. Унинг шериклари буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етказдилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Холид ибн Валид розияллоҳу анҳунинг қилган ишини маъқулладилар.

Маъқуллаш «маъқул», деб айтиш билан ёки инкор қилмай, индамай қўяқолиш билан ҳам бўлади. Бу «тақририй суннат» дейилади.

4. «Халқий сифатлар». Бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тана тузилишларидаги сифатлари киради. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрган кишилар у зотнинг бўй-бастлари, тана тузилишлари, сочлари, кўзлари ва бошқа аъзоларини батафсил васф қилиб берганлар. Бу маълумотлар ҳам ривоят бўлиб, муҳаддисларга, улар орқали Ислом умматига етиб келган. Масалан, имом Термизийнинг «Шамоили Муҳаммадийя» асари айнан шу масалага бағишланган алоҳида китобдир. Барча муҳаддисларимиз ҳам алоҳида китоб таълиф қилмасалар-да, бу маънодаги ҳадиси шарифлардан ўзларига етганларини ривоят қилиб қолдирганлар.

5. «Хулқий сифатлар». Саҳобаи киромлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сабрлари, ҳилмлари, шижоатлари, сахийликлари каби барча ахлоқий фазилатларини ҳам ривоят қилиб қолдирганлар. Бу ҳақдаги маълумотлар ҳам суннатга киради.

6. «Таржимаи ҳол». Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳаётлари, у зот таваллуд топганларидан бошлаб, то Робблари даргоҳига етгунларича бўлган таржимаи ҳоллари ўта аниқлик ва бутун тафсилотлари билан ривоят қилинган. Бу бобга тегишли ривоятлар тўплами «Сийрат» дейилади.

Муҳаддис уламоларимиз мана шу олти бандга тегишли ҳар битта маълумотни атрофлича, чуқур ўрганиб, ўз китобларига киритганлар.

II. Ҳадиси қудсий.

«Ҳадис» лафзининг луғавий маъносини олдин ўргандик. «Қудсий» сўзи эса «муқаддас» деган маънони англатади.

Уламолар ҳадиси қудсийни қуйидагича таърифлайдилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолодан ривоят қилган нарса ҳадиси қудсийдир».

Ҳадиси қудсийга мисол келтирамиз.

عَنْ أَبِي سَعِيدٍ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ، عَنِ النَّبِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: «يَقُولُ اللهُ تَعَالَى: مَنْ شَغَلَهُ الْقُرْآنُ وَذِكْرِي عَنْ مَسْأَلَتِي أَعْطَيْتُهُ أَفْضَلَ مَا أُعْطِي السَّائِلِينَ، وَفَضْلُ كَلَامِ اللهِ تَعَالَى عَلَى سَائِرِ الْكَلَامِ كَفَضْلِ اللهِ عَلَى خَلْقِهِ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Аллоҳ таоло айтади: «Кимни Қуръон ва Менинг зикрим Мендан (нималарнидир) сўрашдан тўсган бўлса, унга сўровчиларга берганимнинг афзалини бераман. Аллоҳнинг каломининг бошқа каломлардан фазли худди Аллоҳнинг Ўз махлуқотларидан фазли кабидир».

Термизий ривоят қилган.

Ушбу ҳадис ҳадиси қудсий ҳисобланади. Чунки унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг айтган гапларини ўз иборалари билан нақл қилмоқдалар.

 

«Қуръон илмлари» китобидан


Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Маккада нозил бўлган. 83 оятдан иборат. Аввалидаги .йа, ва .син, муқаттаот ҳарфларидан ташкил топган .йасин, калимаси сурага ном бўлиб қолган. Бу сураи шарифанинг давоми...

1835 05:00 / 23.01.2017
Ва агар бандамизга нозил қилган нарсамиздан шубҳада бўлсангиз, унга ўхшаш бир сура келтиринг ва Аллоҳдан ўзга гувоҳларингизни чақиринг, агар ростгўйлар давоми...

1671 17:05 / 16.10.2017
42. Сен ҳаргиз, Аллоҳ золимлар қилаётган нарсадан ғофил, деб гумон қилма. Фақатгина уларни кўзлар қотиб қоладиган кунгача қўйиб қўядир, холос.43. Улар бошларини давоми...

740 05:00 / 23.01.2017
14. Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлган қавмни дўст тутганларни кўрмайсанми Улар сизлардан ҳам эмас, улардан ҳам эмас. Билиб туриб, ёлғонга қасам ичарлар.Аллоҳ таоло бу давоми...

675 05:00 / 23.01.2017
Топ рейтинг www.uz Openstat