
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Бирон-бир хавф-хатар юзага келганда қушлар қандай ҳаракат қилади ва бошқа турдаги қушлар билан ўзаро қандай хабарлашади?
Табиатдаги таҳликаларни олдиндан тахмин қилиш мушкул бўлгани учун ҳам қушларнинг бундай ҳолатдаги ҳаракатларини қайд этишда баъзи қийинчиликларга дуч келинади. Бундай муаммони ҳал этишнинг энг осон йўли эса хавф-хатарларни сунъий равишда пайдо қилишдир.
Рокфеллер (Rockefeller) университети профессори Петер Марлер (Peter Marler) бойқуш билан ана шу усулда тадқиқот ўтказди. Бойқуш ёки қарғага ўхшаш сайроқи қушлар, йиртқич ҳайвонлар томонидан бирор хавф туғилганда, одатдагидан ўзгача овоз чиқариб, ёрдам сўрашади ва тўдалашиб, душман устига ҳужум қилишади. Бу овозни эшитган бошқа турдаги сайроқи қушлар дарҳол ёрдамга ошиқиб, ҳодиса рўй берган жойга етиб келадилар.
Тўрт хил турга мансуб қушлар устида ўтказилган тадқиқотлар бундай овозларнинг бир-бирига жуда ўхшашини кўрсатди. Ёрдам овозини эшитган ҳар хил турдаги қушлар унинг маъносини тушуниб, кўмаклашишга ошиқиш билан бирга, ўзлари ҳам шундай қатъий ва давомли сайраш билан бошқа қушларнинг ҳам ҳодиса рўй берган жойни топишини осонлаштирадилар.
Профессор Марлернинг фикрига кўра, сайроқи қушлар турли ҳолатларда турлича огоҳлантириш овозларини чиқаришади. Мисол учун, кўпгина қуш бургут (ёки лочин)ларнинг ҳужуми асносида енгилдан то энг баланд пардагача кўтарилувчи ва шунингдек, ўз навбатида секинлашувчи кескин овоз чиқарадилар. Бу овозларни тасмаларга ёзиб олган ҳолда ўтказилган текширишлар қушларнинг тури бошқа бўлса-да, овозларининг бир-бирига жуда ўхшашини ва ёрдам овозлари тўпланганда, сайраганда чиқарадиган овозларидан ўзгачалигини кўрсатди.
Қушларнинг хавф-хатардан огоҳлантириш овозлари, фалокат ҳақида хабар бериши энг муносиб шаклда бажарадиган пардада яратилган. Кескин ва ўзгарувчан овозларда содда ва бир хил пардадаги овозларга нисбатан қандайдир мардоналик ҳисси сезилади. Марлер олиб борган тажрибалари асосида қуш боласи 7 ҳафталик бўлмасидан олдин бирор нағмани ўрганиши учун яхшигина тингловчилик босқичини ўтказиши кераклигини таъкидлайди. Фақат қиш келгандагина сайрашни ўрганишга муваффақ бўлган қушлар кейинги баҳоргача узоқ муддат кутиб қолишларига тўғри келади. Улар бир ёки икки ҳафта гуруҳ бўлиб қилинган машқлардан кейин ёлғиз ҳолда ҳам нағма қила оладиган ҳолга келадилар.
Ҳайвонлар ҳам нағма қиладилар
Қушлар маълум сабаблар туфайли сайрайди. Масалан, ўз ҳамжинсини чақириш ва хавфдан огоҳ этиш, жойлашган чегара майдонларини эълон қилиш ёки «Мен борман», дейиш учун. Бошқа ҳайвонлар ҳам деярли худди шу сабаблар туфайли ўзларига хос овоз чиқаради. Уларнинг овозларида қушларникидек мусиқий оҳанг бўлмаса-да, ўзаро хабарлашишлари учун бу асосий восита ҳисобланади.
«Ҳидоят далиллари» китобидан
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 30 декабр03-07/8108-сонли хулосаси асосида тайёрланди.