Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 24 жумадис сони | 2025 йил 15 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Ким Аллоҳга тақво қилса, унинг йўлини очиб қўяди | Тазкия дарслари (259-дарс)

19:00 / 10.12.2023 3534 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ أَبِي أُمَامَةَ لَهُ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَخْطُبُ فِي حَجَّةِ الْوَدَاعِ، فَقَالَ: «اتَّقُوا اللهَ، وَصَلُّوا خَمْسَكُمْ، وَصُومُوا شَهْرَكُمْ، وَأَدُّوا زَكَاةَ أَمْوَالِكُمْ، وَأَطِيعُوا ذَا أَمْرِكُمْ، تَدْخُلُوا جَنَّةَ رَبِّكُمْ». رَوَاهُ التَّرْمِذِيُّ.

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг видолашув ҳажида хутба қилиб:


«Аллоҳга тақво қилинглар, беш намозингизни ўқинглар, ойингиз рўзасини тутинглар, молларингизнинг закотини беринглар ва ишбошингизга итоат қилинглар, Роббингизнинг жаннатига кирурсизлар», деганларини эшитдим».


Термизий ривоят қилган.


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларига хитоб қилиб, қуйидаги амалларни ихлос билан бажаришни амр қилмоқдалар:


1. «Аллоҳга тақво қилинглар».


Аллоҳга тақво қилиш Унинг амрларини бажо қилиш ва қайтарганларидан қайтиш билан бўлади. Тақвонинг энг аввалги ўринларида ушбу ҳадисда зикр қилинган амаллар туради.


2. «Беш намозингизни ўқинглар».


Яъни фарз қилинган беш вақт намозингизни ўқинглар.


3. «Ойингиз рўзасини тутинглар».


Яъни сизга фарз қилинган Рамазон ойининг рўзасини тутинглар.


4. «Молларингизнинг закотини беринглар».


Ҳар бир турдаги молдан қандай ва қанча закот бериш аниқ, ана шунга қараб, ҳар ким ўзига фарз бўлган закотни берсин.


5. «Ишбошингизга итоат қилинглар».


Яъни шаръий маънода сизга бошлиқ бўлган одамга Аллоҳнинг амрига мувофиқ бўлган ишида итоат қилинглар. Аллоҳга маъсият бўладиган ишда бандага итоат қилиб бўлмайди.


6. «Роббингизнинг жаннатига кирурсизлар».


Демак, инсон жаннатга кириши учун ушбу зикр қилинган нарсаларнинг ҳар бири адо этилиши зарур.

عَنْ أَبِي سَعِيدٍ الْخُدْرِيِّ لَهُ رَضِي اللهُ عَنْهُ ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «مَنْ كَانَ لَهُ ثَلَاثُ بَنَاتٍ، أَوْ ثَلَاثُ أَخَوَاتٍ، أَوِ ابْنَتَانِ، أَوْ أُخْتَانِ، فَأَحْسَنَ صُحْبَتَهُنَّ، وَاتَّقَى اللهَ فِيهِنَّ، فَلَهُ الْجَنَّةُ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَأَبُو دَاوُدَ.


Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:


«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:


«Кимнинг учта қизи бўлса, ёки учта синглиси бўлса, ёхуд икки қизи ёки икки синглиси бўлса, у уларнинг суҳбатини яхши қилган бўлса ва уларнинг ҳақида Аллоҳга тақво қилган бўлса, унга жаннат берилур», дедилар».


Термизий ва Абу Довуд ривоят қилишган.


عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ لَهُ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: سُئِلَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَنْ أَكْثَرِ مَا يُدْخِلُ النَّاسَ الْجَنَّةَ، فَقَالَ: «تَقْوَى اللهِ، وَحُسْنُ الْخُلُقِ»، وَسُئِلَ عَنْ أَكْثَرِ مَا يُدْخِلُ النَّاسَ النَّارَ، فَقَالَ: «الْفَمُ وَالْفَرْجُ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:


«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан одамларни кўпроқ жаннатга киритадиган нарса ҳақида сўралди.


«Аллоҳга тақво қилиш ва ҳусни хулқ», дедилар.


Яна ул зотдан одамларни кўпроқ дўзахга киритадиган нарса ҳақида сўралди.


«Оғиз ва фарж», дедилар».


Термизий ривоят қилган.


Аллоҳга тақво қилиш нима эканини ва у билан банда қандай олий даражаларга етишишини ҳаммамиз яхши биламиз.


Банда ўзининг ҳусни хулқи билан ҳам худди Аллоҳга тақво қилиш орқали эришгандек, олий даражаларга эришиши мумкин экан.


Аллоҳга тақво қилишга ҳусни хулқ ҳам қўшилса, қанчалар улуғ иш бўлар эди. Зотан, бу икки нарса ўзаро чамбарчас боғлангандир.


عَنْ أَبِي ذَرٍّ لَهُ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ لِي رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «اتَّقِ اللهِ حَيْثُمَا كُنْتَ، وَأَتْبِعِ السَّيِّئَةَ الْحَسَنَةَ تَمْحُهَا، وَخَالِقِ النَّاسَ بِخُلُقٍ حَسَنٍ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.


Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:


«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга:


«Қаерда бўлсанг ҳам, Аллоҳга тақво қил. Ёмонликка яхшиликни эргаштир. Бу уни ўчиради. Одамларга ҳусни хулқ ила муомала қил», дедилар».


Термизий ривоят қилган.


Шарҳ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бу ҳадиси шарифларида лозим тутиш зарур бўлган учта улкан ишнинг биринчиси ўлароқ, тақвони зикр қилмоқдалар:


«Қаерда бўлсанг ҳам, Аллоҳга тақво қил».


Банда қай маконда бўлса ҳам, қандай ҳолда бўлса ҳам Аллоҳ таолога тақво қилишни ҳеч қачон тарк этмаслиги лозим.


عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ لَهُ رَضِي اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَجُلًا قَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ، إِنِّي أُرِيدُ السَّفَرَ فَأَوْصِنِي، قَالَ: «عَلَيْكَ بِتَقْوَى اللهِ، وَالتَّكْبِيرِ عَلَى كُلِّ شَرَفٍ»، فَلَمَّا وَلَّى الرَّجُلُ، قَالَ: «اللَّهُمَّ اطْوِ لَهُ الْأَرْضَ، وَهَوِّنْ عَلَيْهِ السَّفَرَ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:


«Бир киши:


«Эй Аллоҳнинг Расули! Сафар қилмоқчиман, менга насиҳат қилинг», деди.


«Аллоҳга тақво қилишни, ҳар баландликда такбир айтишни ўзингга лозим тут», дедилар. Ҳалиги одам ортига қайтганидан кейин яна: «Аллоҳим! Унга ерни яқин қилгин ва сафарни унга осон қилгин», дедилар».


Термизий ривоят қилган.


Тақво ҳақида айтилган гаплардан намуналар:


Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳуга юборган аҳдномада жумладан қуйидагилар бор эди:


«Аммо баъд: албатта, мен сени ва сен билан бўлган жангчиларни ҳар қандай ҳолда ҳам Аллоҳга тақво қилишга чақираман. Албатта, Аллоҳга тақво қилиш душманга қарши афзал тайёргарлик ва урушдаги энг кучли ҳийладир».


Ибн Асокир раҳматуллоҳи алайҳи Салама ибн Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:


«Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга мол келди. Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу унинг олдига келиб:


«Эй мўминларнинг амири! Ушбу молдан бирор қора кун ёки воқе бўладиган иш учун байтулмолда тутиб турсангиз!» деди. Умар унга:


«Бу гапни шайтондан бошқа ориз қилмаган. Аллоҳ таоло унинг ҳужжатини менга талқин қилди ва унинг фитнасидан мени сақлади. Келаси йилдан хавфсираб, бу йили Аллоҳга осий бўламанми?!


Улар учун Аллоҳнинг тақвосини тайёрлаб қўяман! Аллоҳ таоло: «Ким Аллоҳга тақво қилса, унинг йўлини очиб қўядир. Ва унга ўзи ўйламаган тарафдан ризқ берур», деган. Мендан кейин келадиганга фитна бўлиши учунми?» деди».


Руҳий тарбия» китобининг 2-жузи асосида тайёрланди


Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 14 апрелдаги 03-07/2439-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло бундай деб марҳамат қилади .Бас, улар айтаётган нарсаларга сабр қил. Қуёш чиқишидан олдин ва ботишидан олдин Роббингни ҳамд ила поклаб ёд эт. давоми...

2886 19:00 / 18.03.2023
Ким сени икром қилса, У Зотнинг сендаги гўзал сатрини икром қилади. Бас, мақтов сени сатр қилган Зотгадир, сени икром қилган ва сенга ташаккур айтган шахсга давоми...

6115 20:38 / 05.07.2017
Аввал ҳам айтиб ўтганимиздек, ҳар бир тариқатнинг ўз шайхидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб борадиган силсиласи бор. Мазкур силсилага кирувчи давоми...

5930 21:09 / 10.11.2018
.Ҳалийм, сифати .ҳилм, сўзидан олинган бўлиб, луғатда .шошмасдан оқилона иш тутиш, ва .ёмонлик қилганга ёмонлик қайтармаслик, маъноларини билдиради.Уламолар ҳилмни давоми...

4399 05:00 / 28.02.2017
Аудиолар

213628 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132833 14:35 / 11.08.2021