Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 23 жумадис сони | 2025 йил 14 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Тазкия дарслари (118-дарс). Кимнинг мазаҳи кўпайса, ҳайбати йўқолади

13:00 / 09.01.2021 3812 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бешинчи офат – мазаҳ

«Мазаҳ» арабча сўз бўлиб, аслида ҳазил-мутойибани англатади. Бинобарин, ҳазил-мутойиба учун рост гапларни гапириб, озроқ мазаҳ қилиш жоиз.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ҳақ гаплардан четламаган ҳолларида ҳазил қилар эдилар. Ул зотнинг бир кишига: «Эй икки қулоқли», бошқа бировга: «Сени туянинг боласига миндирамиз», деганлари ривоят қилинган.

Қари кампирга: «Кампирлар жаннатга кирмайдилар», деганлар ва сўнгра Воқиъа сурасидаги «Албатта, Биз у(ҳур)ларни дафъатан, махсус яратдик. Бас, уларни бокиралар қилиб қўйдик», оятларини ўқиганлар.

Бошқа бир кампирга: «Кўзида оқи бор эрингми?» деганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳазил-мутойибаларида уч нарса мужассам бўлган:

1. Ҳақ бўлган.

2. Аёллар, болалар ва заиф кишилар билан бўлган.

3. Нодир бўлган.

Бу ҳолатлар доимий равишда мазах қилиб юришга далил эмас. Нодир нарсанинг ҳукми доимий нарсанинг ҳукмига ўхшамайди. Мисол учун, бир одам ҳабашларнинг ўйинини кечаю кундуз томоша қилиб, «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам уларни томоша қилганлар», дея ҳужжат келтириши нотўғри бўлади.

Ҳазил-мутойибада ҳаддан ошиш ва бардавом бўлиш ман қилинган. Чунки бу иш одамнинг виқорига футур етказади. Турли гина ва кўнгил қолиши ҳолатларини келтириб чиқаради.

عَنْ أَبِي لَيْلَى الْأَنْصَارِيِّ قَالَ: خَرَجَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فِي بَعْضِ غَزَوَاتِهِ، فَأَخَذَ بَعْضُ أَصْحَابِهِ كِنَانَةَ رَجُلٍ فَغَيَّبُوهَا لِيَمْزَحُوا مَعَهُ، فَطَلَبَهَا الرَّجُلُ فَفَقَدَهَا فَرَاعَهُ ذَلِكَ، فَجَعَلُوا يَضْحَكُونَ مِنْهُ، فَخَرَجَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: مَا أَضْحَكَكُمْ؟ قَالُوا: لَا وَاللهِ إلَّا أَنَّا أَخَذْنَا كِنَانَةَ فُلَانٍ لِنَمْزَحَ مَعَهُ فَرَاعَهُ ذَلِكَ، فَذَلِكَ الَّذِي أَضْحَكَنَا، فَقَالَ: لَا يَحِلُّ لِمُسْلِمٍ أَنْ يُرَوِّعَ مُسْلِمًا

Абу Лайло Ансорийдан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам баъзи ғазотларига чиқдилар. Ул зотнинг саҳобаларидан бирлари бир кишининг ўқдонини олиб, ҳазил учун беркитиб қўйди. Эгаси уни излаб тополмасдан хавфга тушди. Ундан кула бошладилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқиб:

«Нимага куляпсизлар?» дедилар.

«Йўқ. Аллоҳга қасам. Фақат Фалончининг ўқдонини ҳазиллашиб беркитиб қўйган эдик, у қўрқиб кетди. Мана шунга куляпмиз», дейишди.

«Мусулмонга мусулмонни қўрқитиш ҳалол эмас», дедилар.

Умар ибн Абдулазиз: «Мазаҳдан сақланинг. У кек пайдо қилувчи аҳмоқликдир», деган.

Ҳакимлардан бири шундай дейди: «Мазаҳ сўкиш-у, аммо эгаси кулдиради, холос».

Иброҳим Нахаъий: «Мазаҳ тентаклик ва кибрдир», деган.

«Мунсурул ҳикам»да: «Мазаҳ худди олов ўтинни егандек, ҳайбатни ейди», дейилган.

Ҳакимлардан баъзиси: «Кимнинг мазаҳи кўпайса, ҳайбати йўқолади», деган.

«Руҳий тарбия» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қайтақайта дуо қилиб сўрашинг билан бирга бериш муддатининг кечикиши ноумид бўлишинга сабаб бўлмасин. Чунки, У зот сен учун ўзи ҳохлаган нарсада ва ўзи ҳохлаган давоми...

4657 05:00 / 01.03.2017
Руҳий тарбия илмида .риёзат, деб нафсни чиниқтириш мақсадида нафсни Аллоҳнинг тоатида чиниқтиришга айтилади.Гўзал хулқ анбиёлар ва сиддиқларнинг сифатидир. Ёмон давоми...

5533 13:11 / 17.10.2020
Роббликда ширк келтириш Аллоҳ таоло Қуръони Каримда .hellipва ўз Роббимизга ҳеч кимни ширк келтирмасмиз,, деб мараҳамат қилган. Жин сураси, 2оят. Аллоҳ давоми...

3619 17:00 / 10.07.2021
Алҳамдулиллаҳи Роббил аламийн, вассолату вассаламу алан Набиййил амийн ва ала олиҳи ва асҳабиҳи ажмаъийн. Аммо баъд. Албатта, қалб танадаги барча аъзоларнинг давоми...

5470 05:00 / 01.03.2017
Аудиолар

213439 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132653 14:35 / 11.08.2021