Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 11 шаввол | 2024 йил 20 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Қуръони Карим дарслари (36-дарс). «Сабаби нузул» илмининг фойдалари

13:30 / 08.06.2019 4281 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Сабаби нузул» илмининг фойдалари кўп бўлиб, улардан баъзилари қуйидагилардан иборат:

Биринчи фойда: Аллоҳ Қуръони каримда нозил қилган нарсанинг муайян ҳикматини билиш мўминга ҳам, мўмин эмасга ҳам манфаатлидир. Сабаби нузулни билган мўминнинг иймони мустаҳкам бўлади, Аллоҳнинг Китобига амал қилишга рағбати кучаяди. Чунки у сабаби нузулни билиш орқали оятларнинг маъноларини яхшироқ, аниқроқ ҳамда тўлиқроқ тушуниш имконига эга бўлади. Бинобарин, оятларга амал қилиши ҳам осонлашади, кучаяди.

Мўмин бўлмаган шахснинг эса бундаги ҳикматларни кўриб, иймонга келиши умид қилинади. 

Иккинчи фойда: Оятнинг маъносини тушунишга ва уни тушу-нишдаги қийинчиликни кетказишга ёрдам беради.

Ҳатто Воҳидийга ўхшаш олимлар: «Оятнинг тафсирини унинг қиссаси ва сабаби нузулини билмасдан англаш қийин», деганлар. Бошқалари эса: «Сабаби нузулни билиш оятнинг маъносини тушунишга ёрдам беради», дейишган.

Ушбу маънони тўлиқроқ англаб етиш учун баъзи мисоллар келти-райлик.

1. Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади:

«Машриқу мағриб Аллоҳникидир, қаёққа юзлансангиз, Аллоҳнинг юзи ўша ерда. Албатта, Аллоҳ қамрови кенгдир, ўта билувчидир» (115-оят).

Ушбу оятнинг сиртқи маъносига қараладиган бўлса, намоз ўқийдиган одам қаёққа қараб ўқиса ҳам бўлавериши келиб чиқади. Қиблага қараб намоз ўқиш шарт бўлмай қолади. Аммо саҳобаи киромлардан қилинган ривоят бу оятнинг ҳақиқий ва тўғри маъносини англаб етишга ёрдам беради.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«У киши: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам нафл намозни уловлари устида у қаёққа юзланса, ўша ёққа қараб ўқир эдилар. Ўзлари Маккадан Мадинага келаётган эдилар, деди. Сўнгра Ибн Умар «Машриқу мағриб Аллоҳникидир» оятини қироат қилди ва: – Ушбу оят мана шу ҳақда нозил бўлган», деди».

Омир ибн Рабиъа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан зулматли кечада сафарда эдик. Қибла қайси тарафда эканини била олмадик. Биздан ҳар бир киши ўз қаршисига қараб намоз ўқиди. Тонг оттирганимиздан кейин буни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга зикр қилдик. Бас, «...қаёққа юзлансангиз, Аллоҳнинг юзи ўша ерда» ояти нозил бўлди».

Иккаласини Термизий ривоят қилган.

Мана шу ривоятлар билан оятнинг маъноси тўғри тушунилди ва ҳақиқати аён бўлди.

Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасида марҳамат қилади:

«Қилганларига хурсанд бўлиб, қилмаганларига мақталишни суядиганларни азобдан нажотда деб ҳисоблама. Уларга аламли азоб бор!» (188-оят)

Ушбу ояти кариманинг сиртқи маъносига қараладиган бўлса, қилган ишига хурсанд бўлиб, қилмаган ишига мақталишни хуш кўрадиганларнинг ҳаммаси аламли азобга учраши муқаррар бўлади. Марвон ибн Ҳакамга ҳам бу маъно ноаниқ бўлиб қолганда, одам юбориб, Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан сўратган.

«Марвон ўз эшикоғасига: «Эй Рофеъ, Ибн Аббосга бориб, «Агар қилганига хурсанд бўлиб, қилмаганига мақталишни суядиган ҳар бир одам азобланадиган бўлса, албатта, ҳаммамиз азобланар эканмиз-да?» дегин», деди. Шунда Ибн Аббос: «Сизларнинг бунга нима дахлингиз бор? Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам яҳудийларни чақириб, бир нарса ҳақида сўраган эдилар, улар уни у зотдан яширишди. У зотга бошқа нарсанинг хабарини беришиб, ҳузурларидан худди у зот сўраган нарсанинг хабарини бергандек бўлиб чиқишди. Шу билан бирга, бунинг учун мақтовталаб бўлишди. Беркитганларидан ўзларича хурсанд бўлишди», деди.

Сўнг Ибн Аббос «Аллоҳ: «Уни одамларга албатта баён қилгайсиз ва беркитмассиз», деб, китоб берилганларнинг аҳду паймонларини олганини эсла» ва «Қилганларига хурсанд бўлиб, қилмаганларига мақталишни суядиганларни азобдан нажотда деб ҳисоблама» оятларини қироат қилди». 

Бухорий ва Термизий ривоят қилганлар.

Улуғ саҳобий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу одамларнинг маълум бир оятнинг маъносини тушунмаганларини эътиборга олиб, уларга оятни унинг нозил бўлиш сабаби билан англатмоқдалар. Ушбу ривоятда келган биринчи ояти каримада аҳли китобларнинг, хусусан, яҳудийларнинг аҳдни бузиб, хиёнат қилишлари ўзига хос услубда баён этилган. 

«Аллоҳ: «Уни одамларга албатта баён қилгайсиз ва беркитмассиз» деб, китоб берилганларнинг аҳду паймонларини олганини эсла».

Аслида, Аллоҳ уларга китоб бераётган пайтда «Бу китобни одамларга албатта баён қиласиз ва беркитмайсиз», деб аҳд олган эди. Жумладан, улар ўз китобларида Муҳаммад алайҳиссаломнинг келишлари, у зотнинг васфлари ва у киши ҳақидаги кўпгина маълумотлар зикр қилинганлигини беркитмасдан, одамларга баён қилишлари керак эди. Улар рози бўлиб, аҳд бериб олган бўлсалар ҳам, аҳдни буздилар. 

Ҳадиси шарифда келган оятнинг давомида: 

«Бас, уни ортларига қараб отдилар ва озгина баҳога сотдилар», дейилади. 

Яъни аҳли китоблар аҳдни ортларига қараб отдилар ва ўша аҳднинг ўрнига бу дунёнинг арзимас матоҳини олдилар. 

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам яҳудийлардан Тавротда ўзлари ҳақида келган оятларни сўраганларида, улар у кишидан мазкур нарсани беркитишди ва гапни чалғитиб, бошқача маълумотларни келтиришди. У зотнинг ҳузурларидан худди сўраган нарсаларининг хабарини бергандек бўлиб чиқишди. Шу билан бирга, бу ишлари учун мақталишни исташди. Пайғамбар сўраган нарсани беркитганларидан ўзлари хурсанд бўлдилар.

Шунда қуйидаги ояти карима нозил бўлди:

«Қилганларига хурсанд бўлиб, қилмаганларига мақталишни суядиганларни азобдан нажотда деб ҳисоблама. Уларга аламли азоб бор!»

Бу ояти каримада Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга хитоб қилинмоқда. Яҳудийлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам сўраган нарсани беркитиб, ўрнига бошқа нарсани айтиб, қилмишларига хурсанд бўлиб, қилмаган ишлари учун эса мақталишни истаб юрганлари билан улар азобдан қочиб қутула олмайдилар. Улар албатта аламли азобларга учрайдилар.

Ана энди мазкур оятнинг маъноси равшан бўлди. Унинг равшан бўлишига «Сабаби нузул» илми ёрдам берди. 

(давоми бор) 

«Қуръон илмлари» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Маълумки, Қуръони карим оятлари маккий ва маданийга тақсимланади. Бу борадаги илм ҳам Қуръон илмларидан бири бўлиб танилган. Уламоларимиз бу илмга ҳам алоҳида давоми...

5041 14:52 / 14.05.2019
42. Балки ҳийла кўрсатишни хоҳларлар Бас, кофирлар ҳийлаларининг жазосини тортарлар.Мушриклар Пайғамбар алайҳиссаломга, Исломга, мусулмонларга қарши турли давоми...

3581 05:00 / 23.01.2017
15. Қачонки, уларга очиқойдин оятларимиз тиловат қилинганида, Бизга мулоқот бўлишдан умиди йўқлар .Бундан бошқа Қуръон келтир ёки уни алмаштир,, дедилар. Сен .Мен давоми...

3344 05:00 / 23.01.2017
42. Сен ҳаргиз, Аллоҳ золимлар қилаётган нарсадан ғофил, деб гумон қилма. Фақатгина уларни кўзлар қотиб қоладиган кунгача қўйиб қўядир, холос.43. Улар бошларини давоми...

3355 05:00 / 23.01.2017
Аудиолар

120149 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41811 14:35 / 11.08.2021