1447 йил 10 шаъбон | 2026 йил 29 январь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

“Ҳаёт ва мамотим Аллоҳ учундир”

22:51 / 01.05.2018 4983 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Айтгин: «Албатта, намозим, ибодатларим, ҳаёт ва мамотим оламларнинг Робби Аллоҳ учундир.

Унинг шериги йўқ. Мана шунга буюрилганман. Ва мен мусулмонларнинг биринчисиман».

Бу оятлар мусулмон одам бутунлай Аллоҳга ажралиб чиқиши лозимлигини кўрсатади. У намозни фақат Аллоҳ учун ўқийди. Бошқа зот учун ёки бадантарбия, ахлоқий машқ, ота-онасини хурсанд қилиш, жамоатчиликка маъқул келиш учун эмас. У ибодатларини фақат Аллоҳ учун адо этади. Ҳаж қилса, рўза тутса, закот берса, Аллоҳ учун қилади. Бировнинг гапи, мақтови ёки эҳтироми учун қилмайди. Мусулмон киши тириклигининг ҳамма соҳаси, барча тарафлари фақат Аллоҳ учун бўлади. Ҳатто мусулмон кишининг миллати ҳам Аллоҳ учун бўлади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам, у кишининг умматлари бўлмиш биз мусулмонлар ҳам шунга буюрилганмиз. Бошқа нарсага эмас.

Айтгин: «Аллоҳдан ўзгани Робб қилиб олайми? Ҳолбуки, У ҳамма нарсанинг Роббидир. Ҳар бир жон ёмон касб қилса, зиёни фақат ўзигадир. Ҳеч бир юкли жон бошқанинг юкини кўтармас. Сўнгра қайтишингиз Роббингизгадир. Бас, У сизларга ихтилоф қилган нарсаларингизнинг хабарини берур.

Дунёдаги барча нарсаларнинг Робби – Тарбиячиси, Йўлловчиси, Ризқ берувчиси ва Ҳукм қилувчиси бўлган Аллоҳ туриб, Унинг махлуқларидан бирини Роббим, дейинми?!

«Ҳолбуки, У ҳамма нарсанинг Роббидир».

Ҳамма нарсанинг Роббини қўйиб, ўзгани Роббим, десам, ҳолим нима бўлади? Ҳолим хароб бўлади-ку, ахир?!

«Ҳар бир жон ёмон касб қилса, зиёни фақат ўзигадир».

Шундай экан, Аллоҳдан ўзгани Роббим, десам, ёмон касб қилган бўламан. Ўзимга зиён қилган бўламан. Нима учун билиб туриб ўзимга зиён қилишим керак экан?!

«Ҳеч бир юкли жон бошқанинг юкини кўтармас».

Агар мен Аллоҳдан ўзгани Роббим, деб, оғирлик – гуноҳ касб қилсам, бу оғирликни ўзим кўтаришим керак. Нима учун ўзимга оғир бўлишини билиб туриб, оғирлик юклашим керак?!

«Сўнгра қайтишингиз Роббингизгадир».

Мўмину кофир, муваҳҳиду мушрик – ҳамма-ҳамма Роббига қайтиши муқаррардир. Шундай бўлганидан кейин Аллоҳдан ўзгани Роббим, дейиш аҳмоқлик-ку?!

«Бас, У сизларга ихтилоф қилган нарсаларингизнинг хабарини берур».

У ҳолда ҳамма нарса очиқ-ойдин бўлар экан. Хўш, шундай бўлса, нима учун Аллоҳдан ўзгани Роббим, дейишим керак?!

У сизларни ер юзида халифалар қилган ва Ўзи берган нарсаларда сизни синаш учун даражаларда баъзингизни баъзингиздан устун қилган Зотдир. Албатта, Роббинг иқоби тездир ва албатта, У ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир».

Аллоҳ таоло ер юзида сизларни халифаси қилиб яратди. Авлоддан-авлодга ўтиб, ер юзини обод қилиб, унда Аллоҳнинг иродаси ва ҳукми, ибодати, иймон-Исломи собит бўлиши учун ҳаракат қиласизлар.

Аллоҳ таоло бу дунёда сизларни турли даражаларда қилиб қўйиши ҳам сизларни синаш учундир. Ким шу синовдан яхши ўта олмаса, билсинки:

«Албатта, Роббинг иқоби тездир...»

Имтиҳондан яхши ўтганлар эса билсинларки:

«ва албатта, У ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир».


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Тафсири Ҳилол китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қуръони Карим суралардан, суралар эса оятлардан иборатдир. Уларнинг ўзига яраша тартиби бор. Оят ва сураларнинг тартиби ҳақида батафсил сўз юритишдан аввал бу давоми...

6628 20:11 / 24.12.2019
Мадинада нозил бўлган. 5 оятдан иборат.Ушбу сураи кариманинг номи ҳам ўзининг биринчи оятидаги .Қадр, калимасидан олинган, тўғрироғи .Лайлатул Қадр,дан олинган. Бу давоми...

34102 05:00 / 23.01.2017
Маълумки, Қуръонсиз Ислом ҳам йўқ, иймон ҳам йўқ. Ҳамма нарса Қуръонга боғлиқ. Нималарга ва қандоқ қилиб иймон келтириш ҳам, нималарга ва қандоқ қилиб амал қилиш давоми...

4855 05:00 / 19.01.2017
Имом Нофеъ алМаданий қироати1 Имом Нофеъ алМаданийдан Ийсо Қолун орқали келган санадУндан Ийсо Қолун қилган ривоят ҳақида бизга Аҳмад ибн Умар ибн Муҳаммад давоми...

5470 13:30 / 19.01.2021