Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 19 муҳаррам | 2025 йил 14 июль, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Ислом ва Қуръон туфайли бутун дунё тинч бўлади | Қуръони Карим дарслари (153-дарс)

19:00 / 19 май 782 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Таъвил» сўзи «бирор сўз ёки тушунчани сиртқи маъносидан бошқа маънога кўчириш» деган маънони англатади.

Қалбларида ҳидоятдан оғиш бор бўлган мазкур кишилар муташобиҳ оятларни ўзларига қурол қилиб олиб, фитна қўзиш учун ўз ҳавою нафсларига мувофиқ таъвил қиладилар. Ҳолбуки, муташобиҳ оятларнинг таъвилини ҳамма ҳам билавермайди:

«Унинг таъвийлини Аллоҳдан бошқа ўзга билмас».

Муташобиҳ оятларнинг ҳақиқий таъвилини фақат Аллоҳ таолонинг Ўзигина билади. Шунинг учун мўмин-мусулмон кишилар муташобиҳ оятларнинг таъвилига машғул бўлмасдан, уни Аллоҳ таолонинг Ўзига ҳавола этишлари керак.

«Илмда мустаҳкам бўлганлар эса: «Унга иймон келтирдик, барчаси Роббимиз ҳузуридандир», дерлар».

«Илмда мустаҳкам бўлганлар» – бандалар ичида илмнинг олий даражасига етган, илмда собит бўлган уламолардир.

Улар илмда собит бўлганлари учун кўп нарсадан хабардор бўладилар ва шу боисдан ҳам «Муташобиҳга иймон келтирдик, барчаси (яъни, оятларнинг барчаси) – муҳками ҳам, муташоҳиби ҳам Роббимиз ҳузуридандир», дейдилар.

Дарҳақиқат, олимлар ўзларининг илмий чегараларини аниқ тушуниб етадилар, Аллоҳнинг илми чегарасиз эканини яхши биладилар. Ҳамда ўрни келганда ҳеч иккиланмай, ўзларининг ожиз жойларини эътироф қиладилар.

Аммо ҳақиқий илмдан бебаҳра, чаласавод кишилар эса ўзлари билган озгина нарсани, дунёдаги бор илм шу, деб тушунадилар ва ундан бошқа ҳамма нарсани инкор этиб, ўзини ҳам, ўзгаларни ҳам овора қиладилар. Ушбу ҳақиқатларни:

«...ва фақат ақл эгаларигина эслатма олурлар». Бундай нарсалардан ақл эгаларигина ваъз-насиҳат ва ибрат оладилар.

Аллоҳ таоло:

«Қуръонни тадаббур этиб кўрмайдиларми?! Агар у Аллоҳдан бошқанинг ҳузуридан бўлганида, батахқиқ унда кўп ихтилофлар топар эдилар», деган («Нисо» сураси, 82-оят).

Қуръонни тадаббур қилиш, яъни уни чуқурроқ англашга интилиш жуда зарур ишдир. Исломни билмоқчи бўлган одам, ҳақиқатни англамоқчи бўлган киши бевосита Қуръони Каримга мурожаат қилмоғи керак. Қуръонга мурожаат этиб, уни тадаббур қилиб кўрган одам ҳақиқатни англаб етади.

У илоҳий Китобдир, унинг илоҳийлигини тадаббур қилган одам буни дарҳол англайди. Чунки Қуръонни жиддий ўрганишга киришган одам унда ҳеч қандай зиддият йўқлигини пайқайди.

«Агар у Аллоҳдан бошқанинг ҳузуридан бўлганида, батахқиқ унда кўп ихтилофлар топар эдилар».

Албатта, инсон ақли етганича ўрганади. Ҳеч ким:

«Мен Қуръонни охиригача фаҳм этдим, бундан бошқа тушунча бўлиши мумкин эмас», дея олмайди.

Қуръон илоҳий мўъжиза, инсон эса унинг қаршисида ожиздир. Ўша ожиз инсон ўзининг ожизона ақли ила кўпгина қуръоний ҳақиқатларни кашф этади. Бу эса унинг ҳидоятига сабаб бўлади.

Тажрибада собит бўлишича, баъзи инсонларнинг ҳидоят йўлига тушишларига биргина қуръоний оятни тадаббур қилиш ҳам кифоя қилмоқда.

Аллоҳ таоло яна:

«Бу – одамлар учун баён ҳамда тақводорлар учун ҳидоят ва мавъизадир», деган («Оли Имрон» сураси, 138-оят).

Яъни, бу Қуръон ҳамма учун баёнотдир.

Қуръони Карим ўтмишни ҳозир, ҳозирни келажак билан боғлаб турувчи, ҳамма нарсани баён қилувчидир. Шу билан бирга, «тақводорлар учун ҳидоят ва мавъизадир».

Қуръони Карим ҳамма одамларга баёнот бўлиб келаверади, аммо ундан фойда олиш тақводорларгагина насиб этади. Мўминлар ва тақводорларгина ундан ҳидоят топадилар ва мавъиза, ибрат оладилар. Маълумки, иймон билан тақво бир-бирига боғлиқ нарсалардир.

Аллоҳ таоло яна:

«...Батаҳқиқ, сизларга Аллоҳдан нур ва очиқ-ойдин Китоб келди. Аллоҳ у билан Ўз розилигини истаганларни салом йўлларига бошлар ва Ўз изни ила уларни зулматлардан нурга чиқарар ҳамда тўғри йўлга ҳидоят қилар», деган («Моида» сураси, 15-16-оятлар).

Ушбу ояти каримада зикр қилинган «нур»дан мурод, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Ислом дини, «ойдин Китоб»дан мурод эса Қуръони Каримдир.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам инсониятга келтирган нарса нурдир. Буни иймон насиб этган кишилар биладилар. Исломга киришлари билан жоҳилият зулматидан иймон нурига чиққанларини ҳис этадилар.

Қуръони Каримни иймон ва ихлос билан ўрганганларида унинг ойдин Китоб эканини тушунадилар.

Бу ойдин Китоб нималар қилишини кейинги оят баён қилади:

«Аллоҳ у билан Ўз розилигини истаганларни салом йўлларига бошлар ва Ўз изни ила уларни зулматлардан нурга чиқарар».

Ўша ойдин Китоб – Қуръон билан Аллоҳ таоло ўз розилигини истаб, мусулмон бўлган бандаларини салом (тинчлик) йўлларига бошлайди.

Ислом – тинчлик дини.

Ислом туфайли, Қуръон туфайли инсоннинг кўнгли тинч бўлади, ўзи тинч бўлади, оиласи, шаҳар-қишлоғи, жамияти, давлати ва бутун дунё тинч бўлади.

Ислом туфайли, Қуръон туфайли мусулмон инсоннинг ҳаёти тинч бўлади. У ўзи яшаётган борлиқ билан тинч алоқада бўлади. Атроф-муҳит тинч бўлади. Умуман, шомил ва комил тинчлик бўлади.

Фақат мусулмон бўлган, унинг розилигини истаган бандаларгина Аллоҳ томонидан тинчликнинг барча йўлларига ҳидоят қилинадилар.

Шунинг учун ҳам инсоният ҳақиқий тинчликни хоҳлайдиган бўлса, мусулмон бўлиши шарт.

«…Ўз изни ила уларни зулматлардан нурга чиқарар».

Ушбу жумладаги «зулматлар» сўзига алоҳида эътибор бериш керак. «Зулматлар» кўплик сонида келмоқда, «нур» эса бирликда.

«Нур»дан мурод – Ислом, «зулматлар»дан мурод эса Исломдан бошқа динлар.

Исломдан ўзга ҳар қандай дин, у қайси ном билан аталишидан қатъи назар, зулматдир. Ким уларни ихтиёр қилса, нурни қўйиб, зулматни ихтиёр этган бўлади. Адашувга, хасоратга юрган бўлади.

Кимки Қуръонга иймон келтирса, Исломга кирса, қоронғуликдан нурга чиққан бўлади. Нурга соҳиб бўлганлар эса адашмайдилар. Чунки Аллоҳнинг Ўзи уларни зулматдан нурга чиқаради:

«…ҳамда тўғри йўлга ҳидоят қилар».

Тўғри йўлга бошлайди. Бинобарин, аҳли китоб­лар ҳам ўзларининг бузуқ ақийда ва шариатларини қўйиб, Аллоҳ уларга юборган Пайғамбар Муҳаммад алайҳиссаломга, Қуръонга иймон келтиришлари ҳамда Исломга амал қилиб, куфр ва жоҳилият зулматларидан иймон нурига чиқишлари лозим. Сироти мустақим шудир.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 30-жузи

«Қуръон фазилатлари» китоби асосида тайёрланди.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Вақт ўтиши билан .Араб тилини билмайдиган мусулмонлар Қуръони Карим маъноларини қандай ўрганадилар, деган савол пайдо бўлди. Гап таржимага бориб тақалди. Лекин давоми...

3769 17:00 / 13.07.2021
Бу маънодаги далилларни яна бир неча саҳифа давом эттириш мумкин. Аммо мана шу далилларнинг ўзиёқ иймон ва инсофи бор киши учун етарли бўлса керак. Шу билан бирга, давоми...

3843 13:30 / 02.12.2021
.Бас, қачонки инсонни зарар тутса, Бизга дуо қилур. Сўнгра унга Ўзимиздан неъмат берсак, .Албатта, бу менга илмим туфайли берилди,, ndash дер. Йўқ У синовдир. Лекин давоми...

5170 21:20 / 12.05.2018
88. Куфр келтирган ва Аллоҳнинг йўлидан тўсганларга фасод қилганлари учун азоб устига азоб зиёда қилдик.Ўзи кофир бўла туриб, бошқаларни Аллоҳнинг йўлидан тўсган давоми...

4504 05:00 / 23.01.2017