Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 9 шаъбон | 2026 йил 28 январь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарслари (211-дарс) Ёққа тушган сичқон ҳақида

19:00 / 28.12.2022 4176 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ مَيْمُونَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ سُئِلَ عَنْ فَأْرَةٍ سَقَطَتْ فِي سَمْنٍ فَقَالَ: أَلْقُوهَا وَمَا حَوْلَهَا وَكُلُوا سَمْنَكُمْ. وَفِي رِوَايَةٍ: إِذَا وَقَعَتِ الْفَأْرَةُ فِي السَّمْنِ فَإِنْ كَانَ جَامِدًا فَأَلْقُوهَا وَمَا حَوْلَهَا وَإِنْ كَانَ مَائِعًا فَلاَ تَقْرَبُوهُ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا مُسْلِمًا.

Маймуна розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ёққа тушган сичқон ҳақида сўралди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Уни ва атрофидаги (ёғ)ни олиб ташланг-да, ёғингизни еяверинг», дедилар».

Бошқа бир ривоятда:

«Сичқон ёққа тушиб қолса, агар у қотган бўлса, у(сичқон)ни ва атрофидаги (ёғ)ни олиб ташланг. Агар у суюқ бўлса, бас, унга яқинлашманг», дедилар».

Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаган.

Мўминларнинг онаси Маймуна бинти Ҳорис ибн Ҳазн ал-Ҳилолия.

Бу фозила аёл жоҳилият даврида Масъуд ибн Амр ибн Умайр Сақафий билан турмуш қурган эдилар. Сўнг у кишидан ажрашиб кетдилар ва Абу Руҳм ибн Абдулизза ибн Абу Қайсга турмушга чиқдилар. Кўп ўтмай, Абу Руҳм вафот этиб, ҳазрати Маймуна бева қолдилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккани фатҳ қилганларидан Маймуна ниҳоятда хурсанд эдилар. Бир куни опалари Умму Фазлга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган чексиз муҳаббатлари ҳақида сўзладилар. Улар Хадича онамиздан сўнг Исломни қабул қилган аёллар эдилар. Умму Фазл Аббосга:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бориб, «Маймуна сизга қўлини беряпти», деб айтинг», дедилар. Аббос бундай совчилик қилишга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан тортиниб, ўзлари бормай, акаларининг ўғлини юбордилар. Шундан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маймуна онамизга тўрт юз (беш юз, деганлар ҳам бор) дирҳам маҳр бериб, уйландилар. Бу иш еттинчи ҳижрий санада содир бўлди.

Маймуна онамиз Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг охирги уйланган аёллари эдилар.

Ибн Шиҳоб айтадилар: «Маймуна онамиз ўзларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳиба қилган эдилар. Шунингдек, Қатода ҳам «Аллоҳ таоло Маймуна ҳақида «Мўмина аёл ўзини Пайғамбарга ҳиба қилди» деган ояти каримани нозил қилди», дейдилар.

Ҳазрати Маймуна Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламдан 76та ҳадиси шариф ривоят қилдилар. Шулардан биттасига Имом Бухорий ва бештасига Имом Муслим якка ҳолда, еттитасига биргаликда иттифоқ қилишди. Маймуна онамиздан опа-сингилларининг ўғиллари: Абдуллоҳ ибн Аббос, Язийд ибн Мадад ибн ал-Ҳад, Абдурраҳмон ибн ас-Саиб ал-Халамий, Язийд ибн ал-Асом ва Убайдуллоҳ ал-Жавланий, Сулаймон ибн Ясар, Иброҳим ибн Абдуллоҳ ибн Маъбад, Кариб Мавлии ибн Аббос, Убайда ибн ас-Сибоқ ва Олия бинти Собиъ ва бошқалар ривоят қилганлар. 

Маймуна онамизнинг вафот этган йиллари тўғрисида ихтилоф бор. Ибн Саъд ва ал-Ҳакимнинг айтишларига қараганда, у киши вафот этганларида ёшлари саксон бирда эди.

Бу ҳадиси шарифдан олинадиган ҳукм ҳадиснинг ўзида очиқ-ойдин айтилмоқда:

1. Агар сичқон қаттиқ ёққа тушса, сичқоннинг ўзи ва ёғдан у теккан жой атрофи билан олиб ташланади. Қолган ёғни еса бўлаверади.

2. Агар сичқон суюқ ёққа тушса, ҳаммасини ҳаром қилади. У ёғни ейиш учун яқин ҳам келиб бўлмайди. Сичқонга бошқа унга ўхшаш ҳайвонлар ҳам қиёс қилинади. Шунингдек, ёққа бошқа унга ўхшаш асал, сув каби нарсалар ҳам қиёс қилинади.

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таолонинг раҳмати ғазабидан ғолибдир. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда .Раҳматим эса ҳамма нарсадан кенгдир,, деган .Аъроф, сураси, 156оят.4714. Яна ўша кишидан давоми...

5836 17:45 / 02.04.2018
. Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига .Эй Али, уч нарсани ортга сурмагин. Намозни вақти кирганда, давоми...

3027 19:00 / 08.05.2024
Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Халилим соллаллоҳу алайҳи васаллам менга етти нарсани тавсия қилдилар мискинларни яхши кўриш ва уларга яқин бўлиш давоми...

6397 17:19 / 15.09.2017
. . . Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, Абу Бакр, Умар ва Усмон розияллоҳу анҳум билан намоз давоми...

2268 19:00 / 19.02.2025