Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарслари (165-дарс) Ҳозир бўлган ғойибга етказсин

17:00 / 22.12.2021 2530 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ أَبِي سَعِيدٍ الْخُدْرِيِّ رَضِي اللهُ عَنْهُ ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: لَنْ يَشْبَعَ الْمُؤْمِنُ مِنْ خَيْرٍ يَسْمَعُهُ حَتَّى يَكُونَ مُنْتَهَاهُ الْجَنَّةَ. رَوَى هَذِهِ الْخَمْسَةَ التِّرْمِذِيُّ.

Абу Саъийд ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мўмин интиҳоси жаннат бўлгунча ўзи эшитган яхшиликдан зинҳор тўймайди», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг ушбу ҳадиси шарифларида мўмин киши умрининг охиригача яхшилик – илм талаб қилиб бориши зарурлигини, ана шунда жаннатга дохил бўлишини таъкидламоқдалар. Исломдаги бешикдан қабргача илм талаб қилиш зарурлигига ишора бу ҳадисда ўзига хос услуб билан айтилмоқда. Мўмин киши доимо илм талаб қилиши, ўзи, дини, биродарлари, эл-юрти учун фойдали бўлган нарсаларни ўрганиб юриши лозим.

Бу қоидага ҳаммамиз тўлиқ амал қилсак, улкан бахту саодатга эришган бўламиз.

عَنْ أَبِي بَكْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: لِيُبَلِّغِ الشَّاهِدُ الْغَائِبَ فَإِنَّ الشَّاهِدَ عَسَى أَنْ يُبَلِّغَ مَنْ هُوَ أَوْعَى لَهُ مِنْهُ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ.

Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ҳозир бўлган ғойибга етказсин. Шояд, ҳозир бўлувчи уни ўзидан кўра кўпроқ англовчига етказса», дедилар.

Икки Шайх ривоят ривоят қилганлар.

Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз илмий мажлисларида ўтирган кишиларга «Ҳозир бўлган ғойибга етказсин», демоқдалар. Яъни, илмий мажлисда ҳозир бўлганлар унда эшитганларини кейин келадиганларга етказсин, деб амр қилмоқдалар. Шу билан бирга, ҳадиснинг давомида ушбу етказишнинг ҳикматларидан бирини ҳам баён қилиб:

«Шояд, ҳозир бўлувчи уни ўзидан кўра кўпроқ англовчига етказса», дедилар.

Яъни, шояд, илмий суҳбатда ҳозир бўлган одам илмни ўзидан кўра яхшироқ фойда оладиган кишига етказса, демоқчилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу амрлари саҳобалар учун қонун бўлган. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суҳбатларида бўлиб, эшитган ҳадисларини суҳбатда ҳозир бўлмаганларга етказиш учун бор имкониятларини ишга солганлар. Улар ўз ҳабиблари – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак оғизларидан чиққан ҳар бир сўзни омонат билан бошқаларга ўз вақтида етказиб, ўз зиммаларидаги бурчни шараф билан адо этганлар. Саҳобаларнинг бу ҳислатлари уларнинг шогирдлари – тобеъинларга ҳам ўтган. Улар ҳам ўз устозлари – саҳобаи киромлардан эшитганларини, олган илмларини бошқаларга етказишда қўлларидан келган барча ишни қилганлар.

Шундай қилиб, Ислом уммати бири-бирига устоз, бири-бирига шогирд бўлиб келган. Илм ўргатиш ва ўрганиш мусулмонларни бошқалардан ажратиб турувчи асосий фазилатларидан бўлган. Ҳар бир мусулмон билган нарсасини бошқа бировга ўргатишни ўзининг муқаддас бурчи деб билган.

Шу тариқа Ислом оламида ўз-ўзидан илм тарқалган. Аммо вақт ўтиши билан бу руҳ йўқолди. Кишиларда масъулият ҳисси камайди. Илмга уриниш озайди. Сўнгра ушбу ҳолатларни эътиборга олиб, авваллари «Илм ўргатгани учун ҳақ олиб бўлмайди», деган уламолар «Илм зое бўлмаслиги учун кишиларга илм ўргатувчи устозлар ҳақ олса бўлади», дея фатво бердилар.

Бизнинг вақтимизга келиб, исломий руҳ ўта заифлашганидан устозлару шогирдлар ҳақ оладиган бўлсалар ҳам илмга уринадиганларни топиш қийин бўлиб қолди. Оқибат нима бўлганини ва бўлаётганини кўриб турибмиз.

Агар биз аждодларимиз каби дунёнинг илғор ва етакчи халқи бўлишни истасак, илмга бўлган муносабатларимизни дийнимиз асосида мусулмонча қилишимиз лозим. Ҳар бир киши илм талабида бўлишни ўзи учун фарз деб билиши керак. Ҳар бир билимли киши ўзидаги илмни ўзгаларга ўргатишни ўзининг бурчи деб билмоғи лозим. Айниқса диний саводсизликка барҳам бериш учун мана шу ишни қилиш ниҳоятда зарурдир.

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. Абу Айюб алАнсорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Бирортангиз қазои ҳожатга борса, қиблага юзланмасин ва давоми...

1964 11:42 / 08.02.2023
. . Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Мендан бир оят бўлса ҳам етказинглар. Бани Исроил давоми...

2608 16:30 / 29.12.2021
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан .Исломнинг нимаси яхши, деб сўради. .Таом бермоғинг ҳамда таниган давоми...

3969 14:30 / 04.09.2019
. . Абу Саъд ибн Абу Фазола розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Қачонки Аллоҳ қиёмат кунида ndash давоми...

2413 19:30 / 06.10.2021