Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Таъкидланмаган суннатлар | Ҳадис дарслари (346-дарс)

19:00 / 17 сентябрь 878 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ مُغَفَّلٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: بَيْنَ كُلِّ أَذَانَيْنِ صَلَاةٌ مَرَّتَيْنِ ثُمَّ قَالَ فِي الثَّالِثَةِ لِمَنْ شَاءَ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا التِّرْمِذِيَّ.

Абдуллоҳ ибн Муғаффал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Икки азоннинг орасида намоз бор», деб икки марта айтдилар. Сўнгра учинчисида:

«Ким хоҳласа», дедилар».

Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.

Шарҳ: Ушбу ҳадисдаги икки азон – фарз намозга айтиладиган азон ва иқоматдир. Иккисини қўшиб, икки азон деб аташ урф бўлган. Бундан ҳар бир азондан кейин ва иқоматдан олдин икки ракъат қўшимча намоз ўқиб олиш яхшилиги келиб чиқади.

Аммо ўша амрдан кейин «ким хоҳласа», деб Пай­ғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан истисно қилиниши бу ишни таъкид қилинмаган суннат намоз ҳолига айлантиргандир.

عَنْ عَبْدِ اللهِ الْمُزَنِيِّ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: صَلُّوا قَبْلَ صَلَاةِ الْمَغْرِبِ، قَالَ فِي الثَّالِثَةِ لِمَنْ شَاءَ كَرَاهِيَةَ أَنْ يَتَّخِذَهَا النَّاسُ سُنَّةً. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَأَبُو دَاوُدَ.

Абдуллоҳ ал-Музаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Шом намозидан олдин намоз ўқинглар», деб айтдилар. Учинчи мартада одамлар уни суннат қилиб олишларини ёқтирмай, «Ким хоҳласа», дедилар».

Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ҳадиси шарифнинг ровийcи Абдуллоҳ ал-Музаний розияллоҳу анҳунинг тўлиқ исмлари Абдуллоҳ ибн Муғаффал ал-Музаний бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир нечта ҳадислар ривоят қилганлар.

Бу кишидан Абдуллоҳ ибн Бурайда, Абу Муаммар, Абдулворис, Ҳусайнул Муаллимлар ривоят қилдилар. Бу зот ривоят қилган ҳадисларни уч «Саҳиҳ» соҳиблари ўз китобларига киритганлар.

Абу Довуд қилган бошқа бир ривоятда:

«Шомдан олдин икки ракъат намоз ўқинглар», дейилган.

Бу юқоридаги ривоятни ўзига хос тарзда шарҳ қилади. Ушбу ҳадиснинг ҳукми ҳам худди олдинги ҳадис ҳукмига ўхшаб, таъкидланмаган суннатга айланиб қолгандир.

Ҳақиқатдан ҳам, Ҳанбалий мазҳаби ушбу ҳадисни суннат қилиб олган десак, муболаға қилмаган бўламиз. Уларнинг бугунги кундаги вакиллари доимий равишда Шомдан олдин икки ракъат намоз ўқийдилар. Шунинг учун Ҳарами шарифга борган кишилар бу ҳолни кўриб, ҳайрон бўлишлари керак эмас. Шофеъий мазҳабида бу намозни ўқиш ҳақида сўз борса ҳам, уларнинг ўқишлари кўп кузатилмайди.

Моликий мазҳаби эса «Вақт қисқалиги учун бу намозни ўқиш макруҳ», деганлар. Афтидан, уларга ушбу ҳадис саҳиҳ равишда етиб бормаган бўлса керак.

عَنْ أُمِّ حَبِيبَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ حَافَظَ عَلَى أَرْبَعِ رَكَعَاتٍ قَبْلَ الظُّهْرِ وَأَرْبَعٍ بَعْدَهَا حَرَّمَهُ اللهُ عَلَى النَّارِ. رَوَاهُ أَصْحَابُ السُّنَنِ.

Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким Пешиндан олдинги тўрт ракъатни ва ундан кейинги тўрт ракъатни муҳофаза қилса, Аллоҳ унга дўзах ўтини ҳаром қилади», дедилар».

«Сунан» эгалари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Пешиндан кейин икки ракъат суннат намози ўқиш таъкидланган қўшимча намозлар ичида ўтган эди. Энди таъкидланмаган қўшимча намозлар ичида унинг ўрнида тўрт ракъат зикр қилинмоқда.

عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: رَحِمَ اللهُ امْرَأً صَلَّى قَبْلَ الْعَصْرِ أَرْبَعًا. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Асрдан олдин тўрт ракъат намоз ўқиган одамни Аллоҳ раҳм қилсин», дедилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гапириш оҳангларининг ўзи бу намознинг таъкидланмаган, қўшимча намоз эканлигини кўрсатиб турибди. Ким рағбат қилиб, Асрдан олдинги тўрт ракъат суннатни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тавсиялари деб ният қилиб ўқиса, савоб олади, Аллоҳ таоло унга раҳм қилади.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ صَلَّى بَعْدَ الْمَغْرِبِ سِتَّ رَكَعَاتٍ لَمْ يَتَكَلَّمْ فِيمَا بَيْنَهُنَّ بِسُوءٍ عَدَلْنَ لَهُ بِعِبَادَةِ ثِنْتَيْ عَشْرَةَ سَنَةً. وَفِي رِوَايَةٍ: مَنْ صَلَّى بَعْدَ الْمَغْرِبِ عِشْرِينَ رَكْعَةً بَنَى اللهُ لَهُ بَيْتًا فِي الْجَنَّةِ. رَوَاهُمَا التِّرْمِذِيُّ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким Шомдан кейин олти ракъат намоз ўқиб, уларнинг орасида ёмон гап гапирмаган бўлса, бу унинг учун ўн икки йиллик ибодатга тенг бўлади», дедилар».

Бошқа бир ривоятда:

«Ким Шомдан кейин йигирма ракъат намоз ўқиса, Аллоҳ унинг учун жаннатда бир уй бино қилур», дейилган.

Икки ҳадисни Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Ушбу намоз ҳақида бошқа ҳадислар ҳам келган. Уларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ва саҳобаи киромлар бу намозни ўқиганликлари ҳақида сўз боради.

Ушбу намоз «ғафлат» номи билан машҳур бўлган намоздир. Чунки кўпчилик бу намозни ўқимай, ғафлатда қолади. Ушбу ғафлат намози ҳам таъкидланмаган қўшимча намозлардан ҳисобланади. Ким суннатга амални ният қилиб, уни ихлос билан ўқиса, иншааллоҳ, қилинган ваъдаларга эришади.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 5-жузи

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 23 январдаги 03-07/362-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Энди ушбу сатрлар ёзилаётган тилда сўзлашувчи халқлар юрти ndash Мовароуннаҳрдаги ҳадис илми тарихи, муҳаддислар ҳақида қисқача сўз юритиб ўтайлик. Бу борада аввал давоми...

6948 21:00 / 13.03.2019
. . Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ичингизда кечаси бир хил фаришталар, кундузи бир давоми...

3444 19:00 / 07.02.2024
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадис айтдилар. У зот содиқу масдуқдирлар .Сизнинг ҳар бирингизнинг давоми...

5968 13:00 / 27.05.2020
. Абу Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Токи рукуъда ва сужудда белини тўғри тутмагунича кишининг намози давоми...

1493 19:00 / 28 май