Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис 198-дарс. Турли ҳайвонлар ичиб турадиган сув пок ёки нопоклиги ҳақида

19:00 / 02.09.2022 4315 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: سُئِلَ النَّبيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَنِ الْمَاءِ يَكُونُ فِي الْفَلَاةِ وَمَا يَنُوبُهُ مِنَ الدَّوَابِّ والسِّبَاعِ، فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: إِذَا كَانَ الْمَاءُ قُلَّتَيْنِ لَمْ يَحْمِلِ الْخَبَثَ. رَوَاهُ أَصْحَابُ السُّنَنِ.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан очиқ жойдаги, турли ҳайвонлар, йиртқичлар келиб-кетиб (ичиб турадиган) сув ҳақида сўралди. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Вақтики, сув икки қуллага етса, нажас бўлмайди», дедилар».

«Сунан» эгалари ривоят қилганлар.

Саҳобаи киромлар ўз одатлари бўйича иштибоҳли бир масала хусусида, яъни очиқ жойда қоладиган, турли ҳайвонлар ва йиртқичлар тегиб кетиши мумкин бўлган сувнинг пок ёки нопоклиги ҳақида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрамоқдалар.

Унга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Вақтики, сув икки қуллага етса, нажас бўлмайди», деб жавоб бердилар. Бу саволнинг айнан ўзига берилган эмас, балки умумий қоида бўладиган жавоб, яъни нима бўлишидан қатъи назар, сув икки қулла миқдорига етса, нажас бўлмайди, дегани эди.

«Қулла» катта сув меши бўлиб, унинг биттасига ўша даврнинг ўлчови билан бағдодий ҳажмда 250 ратл сув сиққан. Бир бағдодий ратл 408 граммга тенг бўлиб, икки қулла сув 204 литрни ташкил қилади. Ана шу миқдордаги сув очиқ жойда бўлса-ю, унга турли ҳайвон ва йиртқичлар тегиб кетса ҳам, унда таҳорат қилса бўлаверади.

Аммо сув икки қулла ёки ундан ортиқ бўлса-ю, рангими, ҳидими, таъмими, бирортаси ўзгариб қолса, поклиги йўқолади.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Иштибоҳли масалани биладиган одамдан сўраб олиш зарурлиги.

2. Муайян бир нарса сўралганда умумий қоида бўладиган жавоб беришнинг яхшилиги.

3. Икки қулла миқдоридаги сувга турли ҳайвон, йиртқич, нажас нарса теккани билан (агар асосий сифатларидан бири ўзгармаса) нопок бўлиб қолмаслиги.

4. Икки қулла миқдоридан оз сувга нажас нарса тегса, нопок бўлиб қолиши.

Шу ўринда эътиборингизни бир нарсага қаратмоқчиман. Ҳанбалий ва Шофеъий мазҳаблари шу ҳадисга амал қилиб, нажас нарса тегса, нопок бўлмайдиган сувнинг энг оз миқдори икки қулла, деб белгилашган.

Аммо Ҳанафий мазҳаби уламолари бошқача йўл тутганлар. Улар бу ҳадиси шарифни ҳукм учун қабул қила олмасликларига узр айтганлар.

Аввало бу ҳадис изтиробли ҳадис. Чунки бир ривоятда «икки қулла», иккинчи ривоятда «бир қулла», учинчи ривоятда эса «уч қулла» деб келган. Қайси бири ҳақиқий эканлиги номаълум.

Иккинчидан, «Қуллаларнинг ҳажми бир хил эмас. Улар доимо катта-кичик ва ҳар хил бўлади», деганлар.

Ҳанафий мазҳаби уламолари «Нажас нарса тегиши ёки тушиши билан нопок бўлиб қолмайдиган сувнинг энг оз миқдори – эни ўн аршин, бўйи ўн аршинли ҳовузнинг сувига тенг», деганлар. Аршин деганда, ўртача одамнинг панжаси учидан тирсагигача бўлган узунлик тушунилади. Бу 61,2 см деб олинган. Демак, эни ва бўйи 6 метру 12 смдан бўлган ҳовузнинг суви Ҳанафий мазҳаби бўйича нажас нарса тушса, нопок бўлмайдиган энг оз сув ҳисобланади.

Кўриниб турибдики, ҳар бир мазҳаб ўз шароитидан келиб чиққан. Ҳанбалий ва Шофеъий мазҳаби уламолари яшаган саҳро шароити бошқача, Ҳанафий уламолари яшаган серсув жойларнинг шароити бошқача бўлган. Шу билан бирга, ҳайвонлару йиртқичлар ва бошқа нарсалар ҳам, албатта, эътиборга олинган. Ҳозирги шароит тамоман бошқача бўлиб кетди. Бу масала ҳаётда учраши қийин, учраганда ҳам, жуда нодир бўлади.

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Таяммум, сўзи луғатда .қасд қилиш, маъносини билдиради. Шариатда эса .Аллоҳга қурбат ниятида покловчи тупроқ моддасини махсус сифат ила икки қўл ҳамда юзга давоми...

2737 19:00 / 16.11.2023
. . . Абдулвоҳид ибн Сулайм розияллоҳу анҳумодан ривоят давоми...

5441 13:09 / 08.07.2020
Бу илмий иш қандай олиб борилганини яхшироқ тушуниб, тузукроқ англаб етиш учун оддий ва содда мисолдан сўз бошлай қолайлик. Бунинг учун Қуръондан кейинги энг давоми...

8024 11:29 / 17.10.2018
. . . . Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Сизлардан бирортангизнинг идишини ит яласа, ундаги давоми...

5319 00:00 / 10.11.2022