Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарслари (158-дарс). Илм талаб қилиш улуғ даража

17:00 / 27.10.2021 2554 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ أَبِي الدَّرْدَاءِ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم يَقُولُ: مَنْ سَلَكَ طَرِيقًا يَبْتَغِي فِيهِ عِلْمًا سَهَّلَ اللهُ لَهُ طَرِيقًا إِلَى الْجَنَّةِ، وَإِنَّ الْمَلَائِكَةَ لَتَضَعُ أَجْنِحَتَهَا رِضَاءً لِطَالِبِ الْعِلْمِ، وَإِنَّ الْعَالِمَ لَيَسْتَغْفِرُ لَهُ مَنْ فِي السَّمَوَاتِ وَمَنْ فِي الْأَرْضِ حَتَّى الْحِيتَانُ فِي الْمَاءِ، وَفَضْلُ الْعَالِمِ عَلَى الْعَابِدِ كَفَضْلِ الْقَمَرِ عَلَى سَائِرِ الْكَوَاكِبِ، إِنَّ الْعُلَمَاءَ وَرَثَةُ الْأَنْبِيَاءِ إِنَّ الْأَنْبِيَاءَ لَمْ يُوَرِّثُوا دِينَارًا وَلَا دِرْهَمًا إِنَّمَا وَرَّثُوا الْعِلْمَ فَمَنْ أَخَذَ بِهِ أَخَذَ بِحَظٍّ وَافِرٍ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ وَلَهُ الْلَّفْظُ.

Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ким илм талаб қилиш йўлига юрса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди. Албатта, фаришталар толиби илмни рози қилиш учун қанотларини қўядилар. Албатта, олимга осмондаги зотлар, ердаги зотлар, ҳатто сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтадилар. Олимнинг обиддан фазли худди ойнинг бошқа юлдузлардан фазлига ўхшайди. Албатта, олимлар анбиёларнинг меросхўрларидир. Албатта, анбиёлар динорни ҳам, дирҳамни ҳам мерос қолдирмаганлар. Албатта, улар илмни мерос қолдирганлар. Ким ўшани олса, улуғ насибани олибди», деганларини эшитдим, деган эканлар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят ривоят қилганлар.

Лафз Термизийники.

Шарҳ: 

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бу ҳадисларида илм талаб қилиш билан бирга, илмнинг ва олим одамнинг фазлини баён қилиб бермоқдалар.

Абу Дардо розияллоҳу анҳу умрларининг охирида Дамашқда яшаган эканлар. Бир куни ҳузурларига мадиналик бир одам келибди. Абу Дардо розияллоҳу анҳу унга: «Сени бу ерга нима келтирди?» дебдилар. У киши: «Мени фақатгина сендан эшитган бир ҳадисим келтирди», деб жавоб берибди. Ана шунда Абу Дардо розияллоҳу анҳу ушбу ҳадисни айтибдилар:

«Ким илм талаб қилиш йўлига юрса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди».

«Албатта, фаришталар толиби илмни рози қилиш учун қанотларини қўядилар».

Баъзи таъвилларда «уларнинг оёқ остиларига қанотларини қўядилар», дейилган. Бошқа бир таъвилда эса «фаришталар учишдан тўхтаб, илм билан машғул кишиларни ўраб оладилар, уларнинг раҳматлари ва нурларидан иқтибос олишга уринадилар», дейилган. Нима бўлганда ҳам, ушбу жумла толиби илмларнинг Исломда қадрлари баландлиги ва илм талаб қилиш улуғ даража эканлигини кўрсатади.

«Албатта, олимга осмондаги зотлар, ердаги зотлар, ҳатто сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтадилар».

«Осмонлардаги зотлар»дан мурод – фаришталар. «ердаги зотлар»дан мурод – инсу жин ва ҳайвонлар. Истиғфор айтиш эса бировнинг ҳаққига дуо қилишдир. Олим киши илм олганлиги учун, одамларни Аллоҳнинг йўлига чақирганлиги ва ҳидоятга бошлаганлиги учун Аллоҳ таоло уни яхши кўради. Шунинг учун ҳам унинг муҳаббатини фаришталарга, бутун махлуқотларга солади. Шу муҳаббат туфайли улар олимнинг ҳаққига дуо қиладилар. Бу эса дийний илмлар олими бўлиш нақадар фазл эканлигини кўрсатади.

«Олимнинг обиддан фазли худди ойнинг бошқа юлдузлардан фазлига ўхшайди».

Олим – дийний илмларни яхши билувчи шахс. Обид – ибодат қилувчи, доимо ўзи учун ибодат билан машғул киши. Осмонга қараган одамга ой катта билиб кўринади, у ер юзига нур сочади. Юлдузлар эса кичкина бўлиб кўринади, уларнинг нури ўз атрофини зўрға ёритаётгандек кўринади. Қоронғу кечада осмонга боққан инсон ойнинг юлдузлардан қанчалик афзал эканлигини дарҳол мулоҳаза қилади. Олим кишининг фазли ҳам шундайдир. Обидлар юлдузлар каби фақат ўзлари учун ёруғлик чиқарсалар, олим киши қоронғу кечада нур сочган ой каби жоҳилият зулматида юрган одамларга Ислом ҳидояти нурини сочади. Обиднинг манфаати фақат ўзи учун бўлса, олимнинг манфаати ҳамма учун бўлади.

«Албатта, олимлар анбиёларнинг меросхўрларидир».

Мана шу жумла бу ерда гап дийний олимлар ҳақида кетаётганига далолатдир. Демак, уламоларимиз оддий кишилар эмас, пайғамбарларнинг меросхўрларидир.

«Албатта, анбиёлар динорни ҳам, дирҳамни ҳам мерос қолдирмаганлар».

Чунки уларга Аллоҳ таоло молу дунё эмас, илм берган эди. Шунинг учун ҳам:

«Албатта, улар илмни мерос қолдирганлар».

Жумладан, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам фақат илмни мерос қилиб қолдирганлар.

«Ким ўшани олса, улуғ насибани олибди».

Яъни, қайси бир одам ўша пайғамбарлардан мерос қолган илмни олса, улуғ насибани олган бўлади. Пайғамбарлар меросидан ҳам улуғ насиба бўлиши мумкинми?!

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдаларимиз:

1. Илм талаб қилиш йўлида юриш лозимлиги.

2. Илм талаби йўлидагиларга Аллоҳ таоло жаннат йўлини осон қилиши.

3. Фаришталар толиби илмни рози қилиш учун қанотларини унинг оёғи остига қўйишлари, учишдан тўхтаб, толиби илмларни қуршаб, уларни ўраб турган раҳматдан баҳраманд бўлишга уринишлари.

4. Олим кишига осмондаги зотлар – фаришталарнинг дуо қилишлари.

5. Олим кишига ердаги зотлар – одамлардан ўзини билган, одам васфини йўқотмаганлари, жинлар ва ҳайвонларнинг дуо қилиши.

6. Олим кишига ҳаттоки сувдаги балиқлар ҳам дуо қилиши.

7. Олим кишининг обид кишидан кўп марта афзаллиги.

8. Дийний олимлар пайғамбарларнинг меросхўрлари эканлиги.

9. Пайғамбарларнинг динор ёки дирҳам мерос қолдирмаганликлари.

10. Пайғамбарлар илмни мерос қолдирганлари.

11. Пайғамбарлар мероси бўлмиш дийний илмни олган кишилар улуғ насибани олган бўлишлари.

 

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Қачонки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қулоқ осиш ва итоат қилиш ҳақида байъат қилсак, сизга, давоми...

3496 13:30 / 20.01.2021
. . Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозларининг миқдори ёзда уч қадамдан беш қадамгача, давоми...

312 19:00 / 24 апрель
. Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Таҳорат учун Валҳон деб айтиладиган шайтон бор. Сув давоми...

2279 19:00 / 29.03.2023
биринчи мақолаАллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади.Албатта, Биз ҳар бир нарсани қадар ила яратдик,, деган .Қамар, сураси, 49оят.Муаллиф бу ояти давоми...

3730 15:30 / 15.04.2020