Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 9 шаъбон | 2026 йил 28 январь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ўн тўртта сажда ояти | Ҳадис дарслари (363-дарс)

19:00 / 21 январь 536 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ سَجَدَ بِالنَّجْمِ وَسَجَدَ مَعَهُ الْمُسْلِمُونَ وَالْمُشْرِكُونَ وَالْجِنُّ وَالْإِنْسُ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَالتِّرْمِذِيُّ.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ван-нажм»да сажда қилдилар. У зот билан мусулмонлар, мушриклар, жин ва инслар ҳам сажда қилдилар».

Бухорий ва Термизий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бу ривоят жин ва инслар ҳам сажда қилганликлари таъкидланмоқда.

Ушбу икки ривоятдаги мушрикларнинг сажда қилганларидан баъзи бир кишилар «Тиловат саждасини таҳоратсиз қилса бўлади», деган фикрни ҳам айтишган. Аммо жумҳур уламолар «Тиловат саждаси худди намоз каби ибодат бўлганлиги учун унга ҳам таҳорат, ҳам сатри аврат, ҳам қибла шарт» дейдилар.

عَنْ أَبِي رَافِعٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: صَلَّيْتُ مَعَ أَبِي هُرَيْرَةَ الْعَتَمَةَ فَقَرَأَ: (إِذَا السَّمَاءُ انْشَقَّتْ)،  فَسَجَدَ فَقُلْتُ: مَا هَذَهِ؟ قَالَ: سَجَدْتُ بِهَا خَلْفَ أَبِي الْقَاسِمِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَلَا أَزَالُ أَسْجُدُ فِيهَا حَتَّى أَلْقَاهُ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا التِّرْمِذِيَّ.

Абу Рофеъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу билан Хуфтон намозини ўқидим. Бас, у киши «Изас самааун шаққот»ни қироат қилди ва сажда қилди.

Мен:

«Бу нима?» дедим.

У киши:

«Бу саждани Абул Қосим соллаллоҳу алайҳи васалламнинг орқаларидан қилганман ва токи у зотга йўлиққунимча қилавераман», деди».

Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.

Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Иншиқоқ сурасида сажда ояти борлиги.

2. Абу Рофеъ розияллоҳу анҳунинг ушбу ҳадисгача Иншиқоқ сурасида сажда ояти борлиги ёки у намозда ўқилганда сажда қилиш кераклигини билмаганлиги.

3. Сажда ояти намозда тиловат қилинганда унинг учун сажда қилиш кераклиги.

4. Намоз ва бошқа ибодатларда ўзи билмаган нарсани мулоҳаза қилган одам сўраб олиши лозимлиги.

5. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга бу ишда бир умр эргашиш лозимлиги. Чунки Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг «Токи у зотга йўлиққунимча қилавераман» деганлари, ўлгунимча шу саждани қилавераман, деганларидир.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَجَدْنَا مَعَ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ اقْرَأْ بِاسْمِ رَبِّكَ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا الْبُخَارِيَّ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга «Изас самааъун шаққот» ва «Иқроъ бисми Роббика»да сажда қилганмиз».

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Шарҳ: Бу ривоятдан «Иншиқоқ» ва «Алақ» сураларида сажда оятлари борлигини билиб оламиз.

عَنْ عَمْرِو بْنِ الْعَاصِ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَقْرَأَهُ خَمْسَ عَشْرَةَ سَجْدَةً فِي الْقُرْآنِ، مِنْهَا ثَلَاثٌ فِي الْمُفَصَّلِ، وَفِي سُورَةِ الْحَجِّ سَجْدَتَانِ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَابْنُ مَاجَهْ.

Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига Қуръондаги ўн бешта сажда оятини ўқитган эканлар. Улардан учтаси «Муфассал»да ва иккитаси «Ҳаж» сурасида экан».

Абу Довуд ва Ибн Можа ривоят қилганлар.

Шарҳ: «Муфассал»даги учтаси: Нажм, Иншиқоқ ва Алақ сураларидир.

Ушбу ривоятда зикр қилинган ўн бешта сажда ояти қуйидаги сураларда келган:

Аъроф, Раъд, Наҳл, Исро, Марям, Ҳаж, Фурқон, Намл, Сажда, Сод, Фуссилат, Нажм, Иншиқоқ ва Алақ.

Ҳанафий мазҳабида ушбу ўн тўртта сурада биттадан ўн тўртта сажда бор, дейилади.

Ҳаж сурасида иккита сажда борлиги ҳақидаги ривоят улар наздида кучли эмас.

Шофеъий ва Ҳанбалий мазҳаби уламолари эса ўн бешта сажда бор, дейдилар.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 5-жузи

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 23 январдаги 03-07/362-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Эй Абу Зарр, шўрва пиширсанг, сувини кўпроқ қилиб, қўшниларингдан ҳабар ол,, давоми...

8950 18:21 / 14.08.2017
. . Абу Жуҳайм розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Биъри Жамал томондан юриб келдилар. Бас, у зотга бир давоми...

3472 19:00 / 21.12.2023
биринчи мақола Авф алМузаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Билол ибн алҲорисга .Билгин, дедилар. .Нимани билай, эй давоми...

5324 19:00 / 08.06.2022
Нафс одоби ҳақида 18тавсияЗайдулхойр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳ яхши кўрган кишининг қандай сифатлари бор, У Зот яхши кўрмаган давоми...

6517 17:04 / 08.01.2017