Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 18 шаввол | 2024 йил 27 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарслари (98-дарс). Аллоҳ ва набийлар лаънатлаган амаллар

13:30 / 12.08.2020 5162 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизнинг тепамизга келдилар. Биз қадар ҳақида низо қилаётган эдик. Бас, у зот ғазабландилар. Ҳатто юзлари қизариб, икки ёноқларида анор ёрилгандек бўлди. Сўнг у зот:

«Сизлар шунга амр қилинганмисизлар?! Ёки мен сизларга шу билан юборилганманми?! Сизлардан олдин ўтганлар ҳам мана шу ишда низо қилганларида ҳалок бўлганлар! Сизларга қасам ичаманки, сизларга қасам ичаманки, бу нарсада низо қилманглар!» дедилар».

Шарҳ: Қазои қадар масаласи ўта нозик ва англаш осон бўлмаган масала бўлганлиги учун ҳатто саҳобаи киромлар ҳам у ҳақда низо қилган эканлар. Бу эса ўз навбатида Пайғамбар алайҳиссаломнинг қаттиқ ғазабланишларига сабаб бўлди. Ғазабнинг шиддатидан у зотнинг юзлари қизариб, ёноқлари ловиллаб кетди ва саҳобаларга қарата қуйидаги гапларни айтдилар:

«Сизлар шунга амр қилинганмисизлар?!»

«Сизлар қазои қадар масаласида бир-бирингиз ила низо қилиб, талашиб-тортишишга амр қилинганмисизлар?! Нима учун бу ишни қиляпсизлар?! Ахир сизларга қазои қадар масаласида бир-бирингиз билан низо қилиб, талашиб-тортишишга амр қилинмаган-ку! Сизларга қазои қадар масаласига иймон келтириш амр қилинган. Сиз ўзингизга амр қилинган ишни қилинг! Қазои қадар масаласига иймон келтиринг! Бу борада бошқа нарса билан ишингиз бўлмасин!»

«Ёки мен сизларга шу билан юборилганманми?!»

«Аллоҳ таоло мени сизларга қазои қадар масаласида низо қилишни ўргатишим учун юборганми?! Мен сизларга ўша нарсани ўргатмоқдаманми?! Билиб қўйинглар!

«Сизлардан олдин ўтганлар ҳам мана шу ишда низо қилганларида ҳалок бўлганлар!»

«Сиздан олдин ўтган умматларнинг ҳалок бўлишларининг бош сабабларидан бири уларнинг қазои қадар масаласида низо қилишлари бўлган. Улар айнан шу масалада низо қилганлари учун ҳалок бўлганлар».

«Сизларга қасам ичаманки, сизларга қасам ичаманки, бу нарсада низо қилманглар!»

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Токи қадарнинг яхшисию ёмонига иймон келтирмагунча ва ўзига етган мусибат уни четлаб ўтиши мумкин эмаслигини ҳамда ўзини четлаб ўтгани унга етиши мумкин эмаслигини билмагунича банда мўмин бўлмайди», дедилар».

Иккисини Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Ушбу ва шу маънодаги бошқа далиллар асосида қазои қадарга иймон келтириш иймоннинг рукнларидан бири экани қаттиқ таъкидланган.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Олти тоифани мен ҳам лаънатладим, Аллоҳ ҳам ва ўтган ҳар бир набий ҳам лаънатлади: Аллоҳнинг Китобига зиёда қилганни, Аллоҳнинг қадарини ёлғонга чиқарганни, Аллоҳ хор қилганни азиз қилиш учун ва Аллоҳ азиз қилганни хор қилиш учун жабарут ила султонга эга бўлганни, Аллоҳнинг ҳарамини ҳалол санаганни, аҳли байтимдан Аллоҳ ҳаром қилган нарсани ҳалол санаганни ва суннатимни тарк қилганни», дедилар».

Термизий ва Ҳоким саҳиҳ санад ила ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда дунёдаги энг ёмон олти тоифа одам ҳақида сўз кетмоқда. Уларни Аллоҳ таоло, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва барча набийлар лаънатлаганлар.

«Аллоҳнинг Китобига зиёда қилган».

Бу жиноят дунёдаги энг катта ва даҳшатли жиноятлардан биридир. Аллоҳ таоло томонидан бандаларга икки дунё саодатини кўрсатиш учун нозил қилинган Китобга ўзи томонидан зиёда қўшган одамни Аллоҳ таоло, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва барча набийлар лаънатлагандир.

«Аллоҳнинг қадарини ёлғонга чиқарган».

Аллоҳ таоло томонидан иймоннинг рукнларидан бири, деб қайд этилган қазои қадар масаласини ёлғонга чиқарган нобакорни Аллоҳ таоло ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ва барча набийлар ҳам лаънатлаганлар.

«Аллоҳ хор қилганни азиз қилиш учун ва Аллоҳ азиз қилганни хор қилиш учун жабарут ила султонга эга бўлган».

Султонга эга бўлганда Аллоҳ хор қилганни азиз қилган ва Аллоҳ азиз қилганни хор қилганни Аллоҳ таоло, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва барча набийлар лаънатлагандир. Чунки аслида Аллоҳ таоло азиз қилганни азиз қилмоқ ва Аллоҳ таоло хор қилганни хор қилмоқ керак эди.

«Аллоҳнинг ҳарамини ҳалол санаган».

Аллоҳнинг ҳарами Маккаи Мукаррамадир. Аллоҳ таолонинг Ўзи бу муқаддас шаҳар ва унинг атрофидаги маълум ҳудудни ҳарам, яъни баъзи нолойиқ ишларни қилиш ҳаром бўлган жой қилиб қўйган. У ернинг ов ҳайвонлари овланмайди, ўт-ўланлари юлинмайди, дарахтлари синдирилмайди, у ерда уруш қилинмайди ва ҳоказо. Ўша ҳарамни ҳалол санаганни Аллоҳ таоло, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва барча набийлар лаънатлагандир.

«Аҳли байтимдан Аллоҳ ҳаром қилган нарсани ҳалол санаган».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз аҳли байтларига эҳтиром билан қарашни ўз умматларига қаттиқ тайинлаганлар. Уларни беҳурмат қилганни Аллоҳ таоло, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва барча набийлар лаънатлаган.

«Суннатимни тарк қилган».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари Ислом шариатининг иккинчи масдари ҳисобланади. Суннат Қуръони Каримдан кейинги ўринда турадиган нарсадир. Ким суннатни тарк қилса, уни Аллоҳ таоло, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва барча набийлар лаънатлагандир.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
иккинчи мақола 6. .Сабр зиёдир,. Луғатда .сабр, нафсни хоҳлаб турган нарсаларидан қайтариш, унга оғир келадиган ибодатларга ундаб туриш ва турли машаққату давоми...

2713 19:00 / 02.08.2022
Уламоларимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан Пайғамбарлик васфлари ила содир бўлган, мусулмонлар амал қилишлари лозиму лобуд бўлган, шаръий аҳкомларга давоми...

3728 16:52 / 08.04.2016
Мухтасар қилиш рағбати ила барча такрор ривоятлар шарҳига фиқҳий ҳукмларни ўзида жамлаган бир ривоятни олиш билан кифояландим. Шунингдек, санаддан ҳадиснинг давоми...

3898 17:36 / 20.06.2019
. . . . Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳўлни кўрган, лекин эҳтиломни эслай олмаган одам давоми...

1628 19:00 / 14.06.2023