Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 18 шаввол | 2024 йил 27 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарслари (88-дарс). Аллоҳнинг илми ва қудрати (иккинчи мақола)

13:00 / 03.06.2020 4217 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 

«Сўнгра ана шу мислича алақа (зулуксимон қон) бўлади». 

87-дарсимизда зикр қилинган муддат мислича қирқ кун алақа ҳолида туради. «Алақа» эски китобларимизда «лахта қон» деб айтилган. Араб тилида «Алақа» сўзи зулукни англатади. Ҳа, қон сўрадиган ҳайвон – зулук арабчада «Алақа» дейилади. Қадимги кишилар бачадоннинг ичида зулук нима қилади, дейишган бўлса керак, унинг моддасини эътиборга олиб, «лахта қон» деб айтишган. Илм ривожланиб, ҳозирда бачадон ичини турли техник асбоблар билан кўриш ва суратга олиш имкони туғилди. Ҳомиланинг «алақа»лик ҳолини суратга туширсалар, бачадон деворига ёпишиб ётган зулук бўлиб суратга тушган. Дунёнинг кўзга кўринган олимлари ҳадисдаги улкан илмий ҳақиқатга тан бериб, ҳомиланинг бошқа ҳолатларини ҳам ўрганиб чиқдилар. Ҳомиланинг барча ҳолатлари Қуръон ва Суннатда васф қилинганчалик ҳеч бир жойда аниқ васф қилинмаганлигини эътироф қилдилар. Қуръон ва Суннат оддий нарса эмас, илоҳий мўъжиза эканлигини таъкидладилар.

Аллоҳ таоло ана ўша сон-саноқсиз бачадонлардаги нутфаларнинг алақага айланиш жараёнини яхши билиб туради ва тадбирини қилади. Бу жараённи У Зоти Олийдан бошқа ҳеч ким билмайди. Ҳатто аёлларнинг ўзлари ҳам ўз бачадонларидаги нутфа қайси лаҳзада қандай қилиб нутфадан алақага айланганини билмайдилар. Битта бачадондаги жараённи бутун дунё бир бўлиб пойласа ҳам, унга аралаша олмайди, аниғини билмайди. Аллоҳ таоло эса ҳамма бачадонлардаги жараённи билиб турувчидир. Одам дунёга келгандан буён, қиёматгача билувчидир.

«Сўнгра ана шу мислича музға (чайналган гўшт) бўлади». 

Яъни, алақа бўлгандан сўнг ана шу муддат– қирқ кун мислича музға бўлади. Энди зулуксимон лахта қон бачадонда чайналган гўшт ҳолига айланиб, қирқ кун туради. Бу ҳам олдин васф қилинганидек, фақат ягона Аллоҳ таолонинг илми ва тадбири ила бўлади. Аллоҳ таолонинг иродаси билан баъзан нутфалик, алақалик, музғалик ҳолида бошқа ҳолга айланмай, бачадондан тушиб кетади. Бечора бачадон эгаси эса уни тушиш жараёнидаги ўзгаришлардан сезади, холос.

«Сўнгра ичига руҳ пуфланади». 

Яъни, музға бачадонда қирқ кун турганидан ке­йин ичига руҳ – жон пуфланади. Ушбу жараён энг муҳим жараён ҳисобланади. Бу ҳаётнинг улкан сиридир. Ҳозиргача ҳеч ким жон нималигини, у инсон ичига қандай пуфланишини билмайди. Инсон ўзининг узоқ ҳаёти давомида бу сирни англаб етиш учун қўлидан келган ҳамма нарсани қилди, аммо англай олмади. Ҳамма нарсани билишни даъво қилаётган инсон шунчалар жоҳилки, у дунё сирларини биламан, деб даъво қиладию, ақалли ўзини ҳам билмайди. Бу сирни фақат Аллоҳ таолонинг ёлғиз Ўзигина билади. Фақат билибгина қолмай, тадбирини ҳам қилади.

Ана энди биз ўрганаётган мавзу, қазо ва қадарга тегишли жараён бошланади.

«Ва тўрт калима: ризқи, ажали, амали ва бадбахт ёки некбахтлигини ёзиш амр қилинади». 

Кимга амр қилинади? Вакил қилинган фариштага амр қилинади. 

Ким амр қилади? Аллоҳ таоло амр қилади. 

Нима амр қилинади? Ёзиш амр қилинади. 

Ёзиш нима дегани? Ёзиш билимни қайд қилиш, дегани. 

«Илмни ёзиш ила қайд қилинглар», дейилган бир ривоятда. Ёзиш илмни янада аниқроқ исбот қилиб қўйишни англатади. Бирор нарсани ёзиб, илмни қайд қилиб қўйиш, бошқа бировни ўша ёзилган нарсага мажбур қилиш, дегани эмас. Хусусан, ўша ёзилган нарса сир тутилса, умуман ҳеч қандай таъсири бўлмайди, бўлиши мумкин ҳам эмас. Инсон онаси қорнида турганида келажакда бўладиган унга тегишли маълумотлар, Аллоҳнинг илми қайд қилинади. Хўш, ушбу илмни ёзиб қўйиш–қайд қилишни уни мажбурлаш деб бўладими? Йўқ, албатта! Хусусан, қайд қилинган нарсалар Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайдиган нарсалар-ку! Энди мазкур тўрт нарсани алоҳида ўрганиб чиқайлик:

(Давоми бор)

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. .Абу Азза розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Аллоҳ бандага бирор ерда ўлишни қазо қилса, унинг учун ўша ерга бир давоми...

3115 13:08 / 28.10.2020
Суннат Қуръони Карим билан чамбарчас боғлиқ эканини аввалроқ таъкидлаб ўтгандик. Шунингдек, Суннатнинг тарихи ҳам, Қуръони Карим ва Ислом тарихи билан бирдир. Биз давоми...

3778 17:23 / 08.01.2017
. . Оишадан .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жунубликда қандай қилар эдилар, ухлашдан олдин ғусл қилар эдиларми ёки ғусл қилишдан давоми...

1310 18:00 / 06.09.2023
. . Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан .Қандай амал Аллоҳ учун энг маҳбубдир,, деб сўралди. .Оз бўлса давоми...

3267 17:00 / 23.06.2021