
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
«Саҳв» сўзи луғатда «унутиш» маъносини англатади.
Намозда маълум бир амаллар унутилса, ундан ҳосил бўлган нуқсонни саҳв саждаси қилиш билан тўғрилаб олиш имкони бор. Бу ҳам Ислом енгиллик дини эканлигининг ҳамда Аллоҳ таолонинг мусулмонларга меҳрибонлигининг ёрқин далили ҳисобланади. Намозда хато қилган одам уни яна қайтариб ўқиб ўтирмай, икки марта ортиқча сажда қилиб қўйиш билан хатосини тўғрилаб олаверади.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِنَّ أَحَدَكُمْ إِذَا قَامَ يُصَلِّي جَاءَهُ الشَّيْطَانُ فَلَبَسَ عَلَيْهِ حَتَّى لَا يَدْرِيَ كَمْ صَلَّى، فَإِذَا وَجَدَ ذَلِكَ أَحَدُكُمْ فَلْيَسْجُدْ سَجْدَتَيْنِ وَهُوَ جَالِسٌ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ. وَزَادَ أَبُو دَاوُدَ: قَبْلَ التَّسْلِيمِ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бирортангиз туриб, намоз ўқий бошласа, албатта, шайтон келиб, уни адаштира бошлайди. Ҳаттоки, у қанча намоз ўқиганини билмай қолади. Бирортангиз қачон шундай ҳолни топса, ўтирган ҳолида икки марта сажда қилсин», дедилар».
Бешовлари ривоят қилганлар.
Абу Довуд «Саломдан олдин»ни зиёда қилган.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Намоз ўқиётган одамни албатта шайтон адаштиришга уриниши.
2. Шайтоннинг адаштиришига учраган одам неча ракъат намоз ўқиганини билмай қолиши.
3. Қанча ракъат ўқиганини билмай қолган одам намоздан туришидан олдин саҳв саждаси қилиши кераклиги.
4. Саҳв саждаси икки саждадан иборатлиги.
5. Саҳв саждаси саломдан олдин бўлиши.
6. Ҳанафий мазҳаби ушбу ривоятдаги «сажда қилсин» деган амрга биноан «Саҳв саждасини қилиш вожиб», деган.
عَنْ أَبِي سَعِيدٍ الْخُدْرِيِّ رَضِي اللهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِذَا شَكَّ أَحَدُكُمْ فِي صَلَاتِهِ فَلَمْ يَدْرِ كَمْ صَلَّى ثَلَاثًا أَمْ أَرْبَعًا فَلْيَطْرَحِ الشَّكَّ وَلْيَبْنِ عَلَى مَا اسْتَيْقَنَ، ثُمَّ يَسْجُدُ سَجْدَتَيْنِ قَبْلَ أَنْ يُسَلِّمَ، فَإِنْ كَانَ صَلَّى خَمْسًا شَفَعْنَ لَهُ صَلَاتَهُ، وَإِنْ كَانَ صَلَّى إِتْمَامًا لِأَرْبَعٍ كَانَتَا تَرْغِيمًا لِلشَّيْطَانِ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَأَبُو دَاوُدَ وَأَحْمَدُ.
Абу Саъийд ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қачон бирортангиз намозда қанча ўқиганини билмай қолса, уч ракъатми, тўрт ракъатми (деб) шакка тушиб қолса, бас, шакни ташласин ва ўзи қаттиқ ишонган томонига бино қилиб ўқисин. Сўнгра салом беришидан олдин икки марта сажда қилсин. Агар беш ракъат қилган бўлса, ўша икки сажда унинг намозини жуфтга айлантиради. Агар тўрт ракъатни тамом қилиш учун ўқиган бўлса, у икки сажда шайтоннинг бурнини ерга ишқалаган бўлади», дедилар».
Муслим, Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилганлар.
Ушбу ҳадисда уч ракъат ўқидими, тўрт ракъат ўқидими, билмай, шакка тушиб қолган одам нима қилиши кераклиги баён қилинмоқда:
1. Шакни ташлайди. Умуман хаёлидан чиқаради.
2. Уч ёки тўртни танлайди, бир тарафини маҳкам ушлайди.
3. Сўнгра ўша қаттиқ ишонганига биноан, намозини давом эттиради. Уч ракъатни ушлаган бўлса, яна бир ракъат ўқийди. Тўрт ракъатни ушлаган бўлса, ўша ракъатни давом эттириб, намозини тамомлайверади.
4. Кейин салом беришдан олдин икки саждаи саҳвни қилади.
5. Агар у аслида тўрт ракъат ўқиган бўлса-ю, уч ракъатни ушласа ва қўшимча бир ракъат билан намози беш ракъат бўлиб қолса, қилган икки саждаи саҳви намозини олти ракъат – жуфт ракъатга айлантиради.
6. Агар тўрт ракъатни ушласа-ю, аслида уч ракъат бўлиб, намози бир ракъатга етмай қолган бўлса, саждаи саҳви намозини тўлиқ қилади ва уни савобсиз қолдиришга уринган шайтоннинг бурнини ерга ишқалайди.
Ушбу ҳадиси шарифда саҳв саждаси қанчалар ҳикматга эга эканлиги баён қилинмоқда.
«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 5-жузи
Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 23 январдаги 03-07/362-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.