Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 23 жумадис сони | 2025 йил 14 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Фитна | Ҳадис дарслари (270-дарс)

19:00 / 22.02.2024 3082 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ حُذَيْفَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: فِتْنَةُ الرَّجُلِ فِي أَهْلِهِ وَمَالِهِ وَوَلَدِهِ وَجَارِهِ تُكَفِّرُهَا الصَّلَاةُ وَالصَّوْمُ وَالصَّدَقَةُ وَالْأَمْرُ وَالنَّهْيُ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ وَالتِّرْمِذِيُّ.

Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Кишининг аҳлидаги, молидаги, боласидаги ва қўшнисидаги фитнасини намоз, рўза, садақа, амр ва наҳий ўчиради», дедилар».

Икки Шайх ва Термизий ривоят қилганлар.

Шарҳ: «Фитна» сўзи «синов» маъносини англатади. Арабларда маъданни ўтга солиб, синаб кўриш ҳам «фитна» дейилади.

Маънавий соҳада эса инсоннинг иймон-эътиқоди, шариатга амал қилиши, унинг инсоний фазилатлари учун синов бўладиган нарсалар фитна дейилади. Шу маънода инсон учун унинг аҳли аёли ҳам фитна бўлиши мумкин. Баъзи кишиларнинг аҳли аёлига қизиқиб, уларни рози қиламан, деб, турли хатоларга йўл қўйишлари сир эмас.

Шу билан бирга, молу дунё тўплаш, уни сақлаш, жой-жойига сарфлаш ҳам маълум маънода фитнадир. Инсон мол-дунё ва унга тааллуқли ишлар билан машғул бўлиб кетиб, баъзи камчиликларга йўл қўйиши мумкин.

Бола-чақа ҳам инсон учун фитнадир. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда:

«...Молларингиз ва фарзандларингиз фитнадан ўзга нарса эмас», деган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хутба қилиб турганларида масжидга кириб келган жажжи набиралари йиқилиб тушганини кўриб, югуриб бориб уни кўтариб олганлар ва юқоридаги оятни ўқиганлар. Демак, бола-чақа деб ҳам баъзи камчиликлар содир бўлиши мумкин. Бу болаларнинг фитнасидир.

Қўшнилар билан бўладиган муносабатларда ҳам шунга ўхшаш ҳолатлар содир бўлса, буни қўшнининг фитнаси дейилади.

 Мазкур хатоларга йўл қўйганда уларни ювиш учун Аллоҳ таоло мусулмонларга тўрт нарсани: намозни, рўзани, садақани ҳамда амри маъруф ва наҳйи мункарни бергандир.

Мусулмон бу тўрт ибодатни ўз вақтида адо этиб турса, аҳли аёли, моли, боласи ва қўшнисидан иборат тўрт нарсанинг фитнаси туфайли содир бўлган хатолари ювилиб турар экан. Ана шу фитналар туфайли содир этиладиган хатоларнинг каффороти учун бажариладиган амалларнинг бошида намознинг туриши бу ибодатнинг нақадар зарур ибодат эканлигини кўрсатмоқда.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 4-жузи асосида тайёрланди.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Тасбеҳ намози 8тавсияИбн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аббос ибн Абдулмутталибга шундай дедилар .Эй Аббос Эй давоми...

135492 17:00 / 08.04.2016
. . . Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Бир одам таҳорат қилиб, оёғининг тирноқча жойига сув етказмади. Набий соллаллоҳу алайҳи давоми...

3200 19:00 / 27.04.2023
. . Умму Ҳонеъ бинти Абу Толиб розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Фатҳ куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига борсам, ғусл давоми...

3677 19:00 / 05.07.2023
Агар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амаллари Қуръонда келган ҳукмни баён қиладиган бўлса, ўша ҳукмнинг даражаси Расули Акрамнинг амалларига ҳам давоми...

5420 16:59 / 08.04.2016