Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 23 жумадис сони | 2025 йил 14 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Мусулмон одам азоннинг овозидан баҳра олади | Ҳадис дарслари (305-дарс)

19:00 / 30.10.2024 2194 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنِ امْرَأَةٍ مِنْ بَنِي النَّجَّارِ قَالَتْ: كَانَ بَيْتِي مِنْ أَطْوَلِ بَيْتٍ حَوْلَ الْمَسْجِدِ، وَكَانَ بِلَالٌ يُؤَذِّنُ عَلَيْهِ الْفَجْرَ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ.

Бани нажжорлик бир аёл розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Менинг уйим масжид атрофидаги энг баланд уй эди. Билол Бомдоднинг азонини унинг устига чиқиб айтар эди».

Абу Довуд ривоят қилган.

Шарҳ: Бундан азонни иложи борича узоққа етказиш учун ҳаракат қилиш лозимлиги билинади. Шунинг учун ҳам мусулмонлар доимо ушбу мақсадда керакли чоралар кўриб келишган. Мусулмон оламидаги сон-саноқсиз баланд миноралар, мезаналар шу мақсадда барпо этилган. Ҳозирги замонавий қулайликлардан ҳам унумли фойдаланишмоқда. Мусулмон одам азоннинг овозидан баҳра олади, у қанча баланд бўлса, узоққа етса, шунча хурсанд бўлади.

عَنْ أَبِي جُحَيْفَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: رَأَيْتُ بِلَالًا يُؤَذِّنُ وَيَدُورُ وَيَتْبَعُ فَاهُ هَهُنَا وَهَهُنَا وَأُصْبُعَاهُ فِي أُذُنَيْهِ وَرَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ  فِي قُبَّةٍ لَهُ حَمْرَاءَ مِنْ أَدَمٍ، فَخَرَجَ بِلَالٌ بَيْنَ يَدَيْهِ بِالْعَنَزَةِ فَرَكَزَهَا فِي الْبَطْحَاءِ فَصَلَّى إِلَيْهَا رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ  يَمُرُّ بَيْنَ يَدَيْهِ الْكَلْبُ وَالْحِمَارُ وَعَلَيْهِ حُلَّةٌ حَمْرَاءُ كَأَنِّي أَنْظُرُ إِلَى بَرِيقِ سَاقَيْهِ. وَفِي رِوَايَةٍ: فَلَمَّا بَلَغَ «حَيَّ عَلَى الصَّلَاةِ، حَيَّ عَلَى الْفَلَاحِ» لَوَى عُنُقَهُ يَمِينًا وَشِمَالًا وَلَمْ يَسْتَدِرْ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ وَلَفْظُهُ لِلتِّرْمِذِيِّ.

Абу Жуҳайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Билолнинг айланиб юриб, азон айтаётганини кўрдим. У оғзини у ёққа, бу ёққа бурар, икки бармоғи қулоғида эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бўлсалар ошланган теридан қилинган қизил капада эдилар. Бас, Билол у зотнинг олдиларига аназани (асони) кўтариб чиқиб, яланглик жойга санчди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга қараб намоз ўқидилар. Олдиларидан ит, эшак ўтиб турар эди. У зотнинг устларида қизил кийим бор эди. Мен у зотнинг оппоқ болдирларини кўриб турар эдим».

Бошқа бир ривоятда:

«Ҳайя ъалас-солаҳ, ҳайя ъалал-фалаҳ»га етганида бўйнини ўнгга, чапга бурди, айланмади», дейилган.

Бешовларидан ривоят қилинган. Лафз Термизийники.

Ровийнинг «Билолнинг айланиб юриб» дегани «бир жойдан иккинчи жойга кўчиб» деган маънодадир. Чунки азон қиблага қараб айтилади, орқага айланиб бўлмайди.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Азонни кўпчилик эшитиши учун бир жойдан иккинчи жойга ўтиб юриб, айтиш мумкинлиги.

2. Шу мақсадда муаззин оғзини у ёққа, бу ёққа буриши мумкинлиги.

3. Муаззин овози яхши чиқиши учун бармоғини қулоғига тиқиб олса яхши бўлиши.

4. Ошланган теридан қилинган капада ўтириш мумкинлиги.

5. Ҳазрати Билол розияллоҳу анҳунинг фазллари.

6. Яланглик жойда намоз ўқиганда имомнинг қаршисига асо ёки шунга ўхшаш нарсани тўсиқ қилиб қўйиш кераклиги.

7. Олдида тўсиқ бор намозхоннинг қаршисидан ўтган нарса унинг намозини бузмаслиги.

8. Қизил ранг кийим кийиш мумкинлиги.

9. Намозда болдирлар очиқ бўлиши мумкинлиги.

10. Муаззин «Ҳайя ъалас-салоҳ»га етганида бўйнини ўнг томонга, «Ҳайя ъалал-фалаҳ»га етганида чап томонга буриши.

11. Муаззин азон пайтида танасини айлантирмаслиги.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 4-жузи асосида тайёрланди.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аббос ибн Абдулмуттолиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Ким Аллоҳни Робб, Исломни дийн, Муҳаммадни Расул деб рози бўлса, давоми...

6780 14:05 / 09.10.2019
. . Амр ибн Саъийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Усмоннинг ҳузурида эдим. Таҳорат суви опкелтирди ва .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи давоми...

3243 19:00 / 15.02.2024
. . Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Албатта, менинг ва Аллоҳ мени унга юборган давоми...

3852 13:00 / 24.02.2021
r . . .Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг озод қилган қуллари Абу Рофеъ тик туриб намоз ўқиётган Ҳасан ибн Алининг ёнидан ўтди. У Ҳасан давоми...

1242 19:00 / 13 август