Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 26 ражаб | 2026 йил 15 январь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Беш вақт намозни чин ихлос билан ўқиш | Ҳадис дарслари (264-дарс)

19:00 / 11.01.2024 3872 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ أَنَسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: فُرِضَتْ عَلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ لَيْلَةَ أُسْرِيَ بِهِ الصَّلَوَاتُ خَمْسِينَ، ثُمَّ نُقِصَتْ حَتَّى جُعِلَتْ خَمْسًا، ثُمَّ نُودِيَ يَا مُحَمَدُ إِنَّهُ لَا يُبَدَّلُ الْقَوْلُ لَدَيَّ وَإِنَّ لَكَ بِهَذِهِ الْخَمْسِ خَمْسِينَ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا أَبَا دَاوُدَ.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга Исро кечасида эллик вақт намоз фарз қилинди. Сўнгра қисқартирилиб, беш вақтга келтирилди. Кейин эса:

«Эй Муҳаммад, албатта, Менинг ҳузуримда сўз ўзгартирилмайди. Албатта, сенга ушбу бештада элликтанинг (ажри) бор», деб нидо қилинди».

Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.

Исро кечаси ҳақида Ал-Исро сурасида баён этилади. Бу ҳодиса муфассал баён қилинган ҳадиси шарифлар ҳам кўп, иншааллоҳ, ҳаммаси ўз ўрнида ўрганилади. Ҳозир эса маълумот учун қисқача қилиб, қуйидагиларни билсак, кифоя:

«Исро» сўзининг луғавий маъноси «кечаси сафар қилиш»дир.

Шариатда эса Аллоҳ таолонинг амри ила Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кечаси Буроққа миниб, бир зумда Маккаи Мукаррамадан Байтул Мақдисга сафар қилганликлари тушунилади.

Баъзи Ҳанафий мазҳаби уламоларининг таҳқиқ қилишларича, бу ҳодиса ҳижратдан бир ярим йил олдин, Рамазон ойининг ўн еттинчи куни содир бўлган.

Ўша куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Байтул Мақдисдан осмонга, Меърожга олиб чиқилганлар. Ва у ерда Аллоҳ таоло билан суҳбат бўлган ва кунига эллик вақт намоз фарз қилинган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қайтаётганларида Мусо алайҳиссаломга дуч келганлар ва у киши:

«Аллоҳ сенинг умматингга нимани фарз қилди?» деб сўраганлар.

У зот:

«Эллик вақт намозни», деганлар.

Мусо алайҳиссалом:

«Роббингга қайт. Умматинг бунга тоқат қила олмайди», деганлар.

Сўнгра Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг ҳузурига қайтиб, намозни камайтиришни сўраганлар. Аллоҳ таоло бир оз камайтирган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Мусо алайҳиссаломнинг олдиларига қайтганларида у киши яна олдинги гапларини айтганлар. Шундай қилиб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бир неча марта бориб, қайтганларидан сўнг Аллоҳ таоло намозни беш вақтга туширган ва:

«Эй Муҳаммад, албатта, Менинг ҳузуримда сўз ўзгартирилмайди. Албатта, сенга ушбу бештада элликтанинг (ажри) бор», деб марҳамат қилган.

Мусо алайҳиссалом яна қайтишни таклиф қилганларида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Роббимдан уяламан», деб, қайтмаганлар.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Намознинг Аллоҳ таоло томонидан фарз қилинганлиги.

2. Намознинг Исро кечасида фарз қилинганлиги.

3. Намозни дастлаб эллик вақт ўқиш фарз қилиниб, кейин беш вақтга туширилганлиги.

4. Аллоҳ таолонинг ҳузуридаги сўз ўзгартирилмаслиги.

5. Аллоҳ таоло меҳр кўрсатиб, Ислом умматига беш вақт намоз учун эллик вақт намознинг ажрини бериши.

6. Ислом осонлик дини эканлиги. Аввал эллик вақт намоз фарз қилиниб, кейин беш вақтга қисқартирилиши ана ўша осонликни бандаларга эслатиб туриш учундир.

Демак, беш вақт намозни янада чин ихлос билан ўқимоғимиз керак.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 4-жузи асосида тайёрланди.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Иккинчи қисм тил амалларидан иборат бўлиб, етти шуъбага бўлинади1. Тавҳидни талаффуз қилиш.2. Қуръон тиловати.3. Илм ўрганиш.4. Илм ўргатиш.5. Дуо қилиш.6. Зикр қилиш. давоми...

6151 19:05 / 25.09.2019
. . . Маймуна розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ёққа тушган сичқон ҳақида сўралди. У зот соллаллоҳу давоми...

4107 19:00 / 28.12.2022
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган нарсаларнинг фақатгина шаръий ҳукмга тегишлиларини Суннат деб, бошқаларини Суннат демаслик саҳобаи давоми...

7297 16:01 / 19.12.2018
. . Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Сувдан сув вожиб бўлади,, деб берган фатволари Исломнинг аввалида Расулуллоҳ соллаллоҳу давоми...

5235 19:00 / 31.05.2023