Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 12 шаъбон | 2026 йил 31 январь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарслари (154-дарс) Амални сир тутиб қилишнинг афзаллиги

17:04 / 29.09.2021 5139 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَجُلٌ: يَا رَسُولَ اللهِ الرَّجُلُ يَعْمَلُ الْعَمَلَ فَيُسِرُّهُ، فَإِذَا اطُّلِعَ عَلَيْهِ أَعْجَبَهُ ذَلِكَ، قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: لَهُ أَجْرَانِ: أَجْرُ السِّرِّ وَأَجْرُ الْعَلَانِيَةِ. رَوَاهُمَا التِّرْمِذِيُّ.

 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади::

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бир одам: 

«Эй Аллоҳнинг Расули, бир одам қилган амалини яширади. Агар у билиниб қолса, хурсанд бўлади» деди. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Унга икки ажр бор. Яширганлик ажри ва ошкор бўлганлик ажри», дедилар». 

Иккала ҳадисни Термизий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бу ҳадисни ҳам Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилмоқдалар. Саҳобаи киромларнинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан керакли нарсаларни сўраб, ўрганиш одатлари бор эди.

Саҳобаларнинг бирлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: 

«Эй Аллоҳнинг Расули, бир одам қилган амалини яширади. Агар у билиниб қолса, хурсанд бўлади» деди. 

Бу гапнинг замирида шу ҳам риёкорликка кирадими, маъносидаги савол бор. Аслида ўша одам қилган амалини одамларга билдирмай, Аллоҳ учун бажарган эди. Аммо одамлар билиб қолиб, уни мақташди. У эса одамларнинг мақтовидан хурсанд бўлди. Ушбу нарса риёкорликка кирадими? Бунга жавобан:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Унга икки ажр бор. Яширганлик ажри ва ошкор бўлганлик ажри», дедилар. 

Яъни, бу ерда асл ният эътиборли. У сир тутишни ният қилган эди, шунинг учун бир ажр олади. Лекин одамлар бошқа томондан билиб қолиб, уни мақташди. Бундан бошқалар ўрнак оладилар. Бунинг учун яна бир ажр олади. Одамларнинг мақтовидан хурсанд бўлгани эса зарар қилмайди. Чунки у аслида одамлар мақташларини ният қилмаган эди.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдаларимиз:

1. Иштибоҳли масалаларни биладиган кишилардан сўраб, аниқлаб олиш зарурлиги.

2. Амални сир тутиб қилишнинг афзаллиги.

3. Одамлар бошқа томондан билиб қолиб, мақтасалар, ундан хурсанд бўлишнинг зарари йўқлиги.

4. Амалини сир сақлаган одам икки марта ажр олиши мумкинлиги.

Демак, биз ҳам бу ҳадиси шарифни ҳаётимизга татбиқ қилиб, амалларимизни сир сақлашга уринишимиз, риёкорликдан қочишимиз лозим.

    «Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . Абу Барза розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бомдод намозида олтмиш оятдан юзтагача қироат қилар давоми...

2098 19:00 / 14.05.2025
. .Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Сиздан бирортангиз мен унга отаонасидан, боласидан ва давоми...

6383 16:10 / 08.08.2019
. . Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Бирортангиз елкасида бир ози бўлмаган битта кийимда намоз давоми...

2661 19:00 / 04.09.2024
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Иймон етмиш нечта ёки олтмиш нечта шуъбадан иборатдир. Унинг энг афзали .Лаа давоми...

5753 15:05 / 11.09.2019