Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 18 шаввол | 2024 йил 27 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Аллоҳга шукр қилиш | Ҳадис дарслари (244-дарс)

19:00 / 24.08.2023 1375 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

قَالَ ابْنُ عُمَرَ رَضِي اللهُ عَنْهُ: كَانَتِ الصَّلَاةُ خَمْسِينَ، وَالْغُسْلُ مِنَ الْجَنَابَةِ سَبْعَ مِرَارٍ، وَغَسْلُ الْبَوْلِ مِنَ الثَّوْبِ سَبْعَ مِرَارٍ، فَلَمْ يَزَلْ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَسْأَلُ حَتَّى جُعِلَتِ الصَّلَاةُ خَمْسًا، وَالْغُسْلُ مِنَ الْجَنَابَةِ مَرَّةً، وَغَسْلُ الْبَوْلِ مِنَ الثَّوْبِ مَرَّةً. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ.

Ибн Умар розияллоҳу анҳу:

«Намоз эллик вақт, жунубликдан ғусл қилиш етти марта, кийимдаги пешобни ювиш етти марта эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам токи, намоз беш вақт, жунубликдан ғусл қилиш бир марта ва кийимдаги пешобни ювиш бир марта қилингунча (Роббиларидан) сўрайверганлар», деди».

Абу Довуд ривоят қилган.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан қилинаётган ушбу ривоятда Ислом динининг нақадар осон ва енгил дин эканлиги, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз умматларига қанчалик меҳрибон эканликлари, доимо уларга шариат ишларида осонлик туғдиришга уринганликлари ҳақида сўз бормоқда.

Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам Меърожга чиққанларида Аллоҳ таоло Ислом умматига кунига эллик вақт намоз ўқишни фарз қилгани, йўлда Мусо алайҳиссалом учраб қолиб, одамларнинг бунга тоқат қила олмасликларини айтиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳ таоло ҳузурига қайтиб, намозни камайтиришни сўрашни маслаҳат берганлари, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таоло билан Мусо алайҳиссалом ораларида бир неча бор бориб-келганларидан кейин намоз бир кунда беш маҳалга қисқартирилганлиги маълум ва машҳур.

Бу ҳадисдан эса жунубликдан ғусл қилиш ва кийимнинг пешоб теккан жойини ювиш масаласида ҳам юқорида намоз ҳақида зикр қилинган воқеага ўхшаш воқеа бўлиб ўтганлигини билиб олмоқдамиз.

Аллоҳ таоло дастлаб жунуб бўлган одам етти марта қайта-қайта ғусл қилмаса, пок бўла олмаслигини жорий қилган экан. Лекин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу иш умматларига оғирлик қилишини айтиб, Аллоҳдан енгиллик сўраган эканлар. Аллоҳ таоло бир оз енгиллатган. Аммо У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам яна ҳам енгиллатишни сўрайверганлар. Охири келиб, бир мартага тушган.

Бу Аллоҳ таолонинг бандаларига меҳрибонлиги, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларига мушфиқликларининг исботидир. Аллоҳ таоло бандаларига жунубликда қилинадиган ғуслни етти эмас, етмиш ёки ундан ҳам кўп марта бўлишини фарз қилишга ҳаққи бор. Биров бир нарса дея олмайди.

Аллоҳ таоло Ислом умматига енгилликни жуда ҳам хоҳлашини амалда кўрсатиш учун олдин етти марта ғуслни амр қилиб туриб, кейин бир мартага туширди. Биз ушбу маънони яхши тушуниб, Аллоҳга шукр қилишимиз лозим.

Дарҳақиқат, ғусл учун оқар сувга тушиб, кўмилиб, яна баъзи амалларни бажаришни жорий қилган динлар ҳам бор. Исломда эса энг тўғри ва энг осон ғусл жорий қилинган. Бунинг учун мусулмонлар шукр қилишлари керак. Ўзларига амр қилинган ғуслни рисоладагидек қилиб адо этишлари ҳам шукрга киради.

Кийимнинг пешоб теккан жойини ювиш масаласи ҳам худди ғусл масаласига ўхшайди. Аллоҳ таоло буни поклаш учун етти марта ювишни амр қилган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сўраб-сўраб, бир мартага туширганлар.

Баъзи динларда бундай кийимларни умуман ташлаб юборишга ёки пешоб теккан жойини кесиб олиб ташлашга ҳукм қилинган.

Бошқаларида эса бундай нарсалар билан ҳеч кимнинг иши бўлмаган.

Исломда эса бу масала энг тўғри ва энг осон йўл билан ҳал этилган. Бу ҳам мусулмонлардан шукр қилишни тақозо қилади. Шукрнинг бир тури эса кийимларини доимо шариатда айтилганидек тоза тутишларидир.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 4-жузи асосида тайёрланди.

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 18 февралдаги 03-07/1102-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . Қайс ибн Осим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .У киши мусулмон бўлганида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам сув ва сидр ила ғусл қилишга амр давоми...

2190 19:00 / 21.06.2023
Ёҳуд quotМулланинг айтганини қил, қилганини қилмаquotМен ҳар бир ёзган китобимбитигимни Абу Зуръа Розийга кўрсатганман. Агар у зот бирор ҳадисни бу иллатли, деса уни давоми...

4030 16:59 / 08.04.2016
Ризқ Дунёдаги барча жонзотларнинг ризқини фақат Аллоҳнинг Ўзи билади. Бу жонзотларнинг қайси бирига қачон, қанча ва қандай ризқ тегишини Аллоҳ таолонинг давоми...

3611 14:00 / 10.06.2020
. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким .Лаа илааҳа иллаллоҳу, десаю, қалбида арпа дони давоми...

4796 14:05 / 12.02.2020