Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарслари (145-дарс). Ниятга қараб савоб берилади

17:00 / 14.07.2021 4372 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ مَعْنِ بْنِ يَزِيدَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: كَانَ أَبِي يَزِيدُ أَخْرَجَ دَنَانِيرَ يَتَصَدَّقُ بِهَا فَوَضَعَهَا عِنْدَ رَجُلٍ فِي الْمَسْجِدِ فَجِئْتُ فَأَخَذْتُهَا فَأَتَيْتُهُ بِهَا فَقَالَ: وَاللهِ مَا إِيَّاكَ أَرَدْتُ فَخَاصَمْتُهُ إِلَى رَسُولِ اللهِ صلى الله عليه وسلم فَقَالَ: لَكَ مَا نَوَيْتَ يَا يَزِيدُ وَلَكَ مَا أَخَذْتَ يَا مَعْنُ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ فيِ الزَّكَاةِ.

Маън ибн Язийд розияллоҳу анҳумодан қилинган ривоятда у киши айтадиларки:

«Отам Язийд садақа қилиб, динорларни чиқарган экан. Уларни масжидга олиб келиб, бир кишининг ҳузурига қўйибди. Мен келиб, уларни олибман. Уларни олиб, (отам)нинг олдига борсам:

«Аллоҳга қасамки, мен сени ирода қилмаган эдим», деди.

Унинг устидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга шикоят қилдим. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Эй Язийд, сенга ният қилган нарсанг. Эй Маън, сенга олган нарсанг», дедилар».

Бухорий «Закот»да ривоят қилган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда киши агар амали ўз иродасига хилоф чиқса ҳам, ниятига яраша савоб олавериши ҳақида гап кетмоқда.

Ҳадиснинг ровийлари Маън ибн Язийд розияллоҳу анҳунинг оталари Язийд розияллоҳу анҳу садақа учун маълум бир динор чиқарибдилар. Садақани ўзлари топширмасдан, биров орқали масжидга юбориб, хоҳлаган одамингга садақа қилиб бер, деган изнни берибдилар. У кишининг олдига садақа қилувчининг ўғли Маън келибди. Изн олган одам ушбу садақага Маън ҳақли, деб ўйлаб, динорларни унга берибди. Маън динорларни олиб, отаси ҳузурига борибди. Гап-сўздан кейин сир очилиб, ота ўғлига, мен садақамни сенга бўлишини ирода қилмаган эдим, дебди. Орада тортишув чиқибди. Ўғил бориб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга шикоят қилибди. Расули Акрам икковини ҳам рози қиладиган гап айтибдилар. Отага «Ниятингга яраша савоб оласан», болага «Олган садақанг ўзингда қолди», дебдилар.

Бу ҳадис ниятга яраша савоб олиш тўғрисидаги бобга хос бўлганлиги учун муаллиф раҳматуллоҳи алайҳи томонларидан шу бобда келтирилган.

Қолган гаплар эса, бир оз мулоҳазаларга сабаб бўлиши мумкин. Мисол учун, нимага Язийд розияллоҳу анҳу ўғли садақага муҳтож бўла туриб, садақасини масжидга олиб бориб берди? Садақа ўғлининг қўлига текканини билгандан сўнг нимага норози бўлди ва ҳоказолар. Аслида нафақа вожиб бўлган кишига закот ёки садақа эмас, нафақа тўғри келади. Агар Маън розияллоҳу анҳу муҳтож бўлса, унга отасининг нафақаси вожиб бўлар эди. Бу ерда бир неча эҳтимоллар бўлиши мумкин.

Аввало, Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ота-бола ўртасида зиддият қолмаслиги учун икковлари ҳам рози бўладиган гапни айтган бўлишлари мумкин.

Язийд розияллоҳу анҳу эҳтиёж бўла туриб ҳам, садақа қилмоқни ирода қилган бўлишлари мумкин.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Садақани тарқатишга бошқа кишини вакил қилиш мумкинлиги.

2. Ҳар бир кишига ниятига қараб савоб берилиши.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг видолашув ҳажида хутба қилиб .Аллоҳга тақво давоми...

3182 19:00 / 13.03.2024
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Киши Исломининг ҳусни беҳуда нарсаларни тарк қилишидадир,, дедилар,.Термизий давоми...

6264 14:05 / 30.10.2019
Ризқ Дунёдаги барча жонзотларнинг ризқини фақат Аллоҳнинг Ўзи билади. Бу жонзотларнинг қайси бирига қачон, қанча ва қандай ризқ тегишини Аллоҳ таолонинг давоми...

5471 14:00 / 10.06.2020
. . 214. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Бирортангиз уйқусидан уйғонса, қўлини уч марта давоми...

3927 19:00 / 08.03.2023