Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 10 шаъбон | 2026 йил 29 январь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Исломнинг шиори | Ҳадис дарслари (303-дарс)

19:00 / 16.10.2024 2313 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ أَنَسٍ قَالَ: أُمِرَ بِلَالٌ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنْ يَشْفَعَ الْأَذَانَ وَيُوتِرَ الْإِقَامَةَ إِلَّا الْإِقَامَةَ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Билол розияллоҳу анҳуга азонни жуфт айтиш, иқоматни «қод қоматис-солаҳ»дан бошқасини тоқ айтиш амр қилинди».

Бешовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ҳанафий мазҳабидан бошқа мазҳаблар шу ҳадисга амал қилиб, иқоматни тоқ айтадилар.

Аммо Ҳанафий мазҳаби бошқа ҳадисни ҳужжат қилиб олган. Аллоҳ хоҳласа, уни бир оздан кейин ўрганамиз. Ҳозир эса азоннинг қайси кайфиятда айтилишини ўрганайлик.

Имом Абу Довуднинг Абдуллоҳ ибн Зайд розияллоҳу анҳудан қилган ривоятида келган, у киши тушида кўрган, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам тасдиқлаган азон ҳозирги кунимизда ҳамма ёқда айтилаётган азондир;

«Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар,

Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар,

Ашҳаду аллаа илааҳа иллаллоҳ,

Ашҳаду аллаа илааҳа иллаллоҳ,

Ашҳаду анна Муҳаммадар Расулуллоҳ,

Ашҳаду анна Муҳаммадар Расулуллоҳ,

Ҳайя ъалас-солаҳ, Ҳайя ъалас-солаҳ,

Ҳайя ъалал фалаҳ, Ҳайя ъалал фалаҳ,

Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар,

Лаа илааҳа иллаллоҳ».

Ушбу калималарнинг маънолари қуйидагича:

«Аллоҳу Акбар»

Аллоҳ улуғдир. Аллоҳ ҳар нарсадан буюкдир. У Зот ўзига нисбат берилган номуносиб нарсалардан улуғдир.

«Ашҳаду аллаа илааҳа иллаллоҳ»

Аллоҳдан ўзга маъбуд йўқ, деб гувоҳлик бераман.

«Ашҳаду анна Муҳаммадар Расулуллоҳ»

Муҳаммад Аллоҳнинг Расули эканлигига гувоҳлик бераман.

«Ҳайя ъалас-солаҳ»

Намозга шошилинглар.

«Ҳайя ъалал фалаҳ»

Нажотга шошилинглар.

Қолган калималарнинг маънолари ҳаммамизга маълум.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Билол розияллоҳу анҳуга ва Абу Маҳзурага:

«Қачонки Бомдод азони бўлса, «Ас-солату хойрум минан-навм»ни айтасан, деб ўргатганлар. Ривоятларда келишича, у икки марта айтилади.

Дора Қутний, Аҳмад ва Абу Довудлар ривоят қилганлар.

Иқомат Ҳанафий мазҳаби бўйича худди азоннинг лафзлари билан айтилади. Фақат «Ҳайя ъалал-фалаҳ»дан кейин икки марта «Қод қоматис-солаҳ» – «Намоз қоим бўлди» жумласи қўшилади.

Иқомат масжидга ёки жамоат намозига йиғилиб турганларга фарз намоз ўқиш бошланаётганини билдириш вазифасини ўтайди. Ёлғиз ўқиётган киши иқомат айтса ҳам яхши бўлди.

Барча ҳолатларда иқомат айтиш суннати муаккададир. Азонни чўзиб, иқоматни тезлаб айтиш ҳаммага маълум. Азон айтиш ҳам суннати муаккада ҳисобланади. Қайси бир жамоа, қишлоқ ёки шаҳар келишиб, азон айтишни тарк қилсалар, улар Исломнинг шиори бўлган энг муҳим нарсалардан бирини инкор қилган ҳисобланадилар ва гуноҳкор бўладилар.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 4-жузи асосида тайёрланди.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . . Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Менинг сизларга кўп ҳадис айтишимни ман қиладиган нарса Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг давоми...

4936 18:30 / 09.03.2022
Поклик намознинг шартларидан эканлигини яхши биласиз. Усиз намоз бўлиши мумкин эмас. Бунда бадан, кийим ва макон поклиги кўзда тутилган. . . Ибн Умар давоми...

2440 19:00 / 10.07.2024
. . Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Азон ва иқомат орасидаги дуо рад қилинмас,, дедилар,. .Сунан, соҳиблари давоми...

2328 19:00 / 27.11.2024
.Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Ушбу умматдаги ёки менинг умматимдаги ер ютиш, бошқа махлуққа давоми...

5171 13:00 / 02.12.2020