Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 9 шаъбон | 2026 йил 28 январь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарслари (217-дарс) Ислом динида хало одоби масаласига жиддий қаралган

11:42 / 08.02.2023 4227 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ أَبِي أَيُّوبَ الْأَنْصَارِيِّ رَضِي اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِذَا أَتَى أَحَدُكُمُ الْغَائِطَ فَلَا يَسْتَقْبِلِ الْقِبْلَةَ وَلَا يُوَلِّهَا ظَهْرَهُ شَرِّقُوا أَوْ غَرِّبُوا.


Абу Айюб ал-Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бирортангиз қазои ҳожатга борса, қиблага юзланмасин ва унга ортини ҳам ўгирмасин. Шарққа ёки ғарбга қаранглар», дедилар». 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккадан Мадинага ҳижрат қилганларида ансорларнинг ҳар бири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз шахсий уйларига тушиб, яшашларини истар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса туялари танлаган ерга тушишларини айтдилар. Шунда туя тўғри бориб, Абу Айюб ал-Ансорий розияллоҳу анҳунинг уйи тўғрисида тўхтади. Ўша пайтда ансорлар ичида Абу Айюбдан кўра бахт¬лироқ киши йўқ эди.

Бу зот ҳаммаси бўлиб 155та ҳадис ривоят қилдилар ва бу ҳадисларни уч «Саҳиҳ» соҳиблари ўз китобларига киритганлар.

Абу Айюб ал-Ансорий розияллоҳу анҳу душманларга қарши жиҳодда қатнашишни жуда ҳам ёқтирар эдилар. Язийд  ибн Муовия билан Қустантиния (Истанбул)ни фатҳ этиш учун кета туриб, йўлда касал бўлиб қоладилар. Язийд  у кишини қайтариб юбормоқчи бўлганида унга Аллоҳнинг «Инфиру хифаф-ав ва сиқала» («Енгил бўлса ҳам, оғир бўлса ҳам, қўзғалингиз») оятини келтириб, «Мени ҳам ўзинглар билан олиб кетинглар», деб айтадилар. Язийд  Абу Айюб ал-Ансорийни ўзи билан олиб кетади. 

Абу Айюб ал-Ансорий розияллоҳу анҳу ҳижратнинг 52-санасида (милодий 672 санада) Қустантинияда вафот этадилар. Абу Айюб ал-Ансорий розияллоҳу анҳунинг қабрларини ҳатто румликлар ҳам зиёрат қилар эдилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадиси шарифларида хало одобларининг энг муҳимларидан бирини ўргатмоқдалар. Бу ҳам у кишининг сиз билан бизга меҳрибонликлари, ҳар бир нарсада мукаммал бўлишимизни хоҳлаганларидандир. 

Ушбу ҳадиснинг бошқа бир ривоятида: 

«Мен сизларга худди отанинг ўрнидаман, сизларга таълим бераман. Қачон бирортангиз қазои ҳожатга борса, қиблага юзланмасин», дедилар.

Демак, қиблага қараб ҳам, қиблага ортини қилиб ҳам қазои ҳожат қилмаслик керак.
Ҳадисдаги «шарққа ёки ғарбга қаранглар», деган гап Мадинаи Мунаввара аҳлига айтилгандир. Улар шарққа ёки ғарбга қарасалар, қибла ён томонларида қолади. Бошқа жойларда қибла шарқ ёки ғарбда бўлиши мумкин. Бу гап уларга тегишли бўлмайди. Мадина аҳли қиблага қараб ёки ортларини қилиб қазои ҳожат қилмасликлари учун шарқ ёки ғарбга қарашлари керак бўлади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юқоридаги гаплари Ислом дини хало одоби масалаларига жиддий қараганидан далолат беради. Аввал айтганимиздек, инсоният тарихида Ислом биринчи бўлиб бу ишларни тартибга солишни бошлаган. Масаланинг жиддийлигидан бу иш одобига Ислом шариатининг иккинчи манбаи бўлмиш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида алоҳида эътибор берилган. Энг мўътабар ҳадис, фиқҳ ва одоб китобларида албатта «хало одоблари» боби бўлган.

Имом Муслим ва Имом Аҳмадлар Салмон Форсий розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда у киши қуйидагиларни айтадилар: 

«Мушриклардан баъзилари истеҳзо ила: 

«Оғайниларингизнинг сизларга қандай қилиб бўшанишни ҳам ўргатаётганини кўряпман», деди. Мен: 

«Тўғри, у киши бизга қиблага юзланмасликни, ўнг қўлларимиз билан тозаланмасликни, учтадан кам тош ишлатмасликни ва чиқинди ишлатмасликни амр қилганлар», дедим».

Ҳа, Ислом бу ишларни жиддият билан бошлаганда бошқалар истеҳзо қилар эди. Кейинчалик мусулмонлар бошқа юртларга борганларида бу ишларни ўша юртларнинг одамларига ўргата бошладилар. Кўплаб мусулмон саёҳатчилар, тожирлар бошқа юртларда тозалик, поклик, шахсий гигиенага амал қилинмаслигини кўриб, бу ҳақда ажабланиб ёзганлар. Жумладан, машҳур олим Ибн Жубайр русларнинг ҳолини кўриб, нопокликларидан ҳайрон қолганини ҳужжат-далиллар билан ёзган.

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Абдуллоҳ Муҳаммад Абу Ҳасан Исмоил ибн Иброҳим ибн Муғийра ибн Аҳнаф Яздабиҳ алБухорий ҳижратнинг 194 йили Шаввол ойининг 13си, жума кунида Бухорода таваллуд давоми...

13256 21:10 / 03.04.2019
Ризқ Дунёдаги барча жонзотларнинг ризқини фақат Аллоҳнинг Ўзи билади. Бу жонзотларнинг қайси бирига қачон, қанча ва қандай ризқ тегишини Аллоҳ таолонинг давоми...

5712 14:00 / 10.06.2020
. . Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайзли ҳолидаги хотинига жинсий яқинлик қилган шахс ҳақида .Бир давоми...

3749 19:00 / 28.09.2023
. . Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг қўлларидан ушлаб .Эй Муоз, Аллоҳга давоми...

1245 19:00 / 19.11.2025