Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 10 шаъбон | 2026 йил 29 январь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Фарз намозида қиблани тарк қилиб бўлмаслиги | Ҳадис дарслари (294-дарс)

19:00 / 07.08.2024 2309 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ جَابِرٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يُصَلِّي عَلَى رَاحِلَتِهِ حَيْثُ تَوَجَّهَتْ بِهِ، فَإِذَا أَرَادَ الْفَرِيضَةَ نَزَلَ فَاسْتَقْبَلَ الْقِبْلَةَ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ. وَفِي رِوَايَةٍ: كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يُسَبِّحُ عَلَى الرَّاحِلَةِ قِبَلَ أَيِّ وَجْهٍ تَوَجَّهَ وَيُوتِرُ عَلَيْهَا غَيْرَ أَنَّهُ لَا يُصَلِّي عَلَيْهَا الْمَكْتُوبَةَ. وَلِأَبِي دَاوُدَ: كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِذَا سَافَرَ فَأَرَادَ أَنْ يَتَطَوَّعَ اسْتَقْبَلَ بِنَاقَتِهِ الْقِبْلَةَ فَكَبَّرَ ثُمَّ صَلَّى حَيْثُ تَوَجَّهَ رِكَابُهُ.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уловлари устида у қаёққа қараб юрса, ўша ёққа қараб намоз ўқир эдилар. Қачон фарз намозини ирода қилсалар, тушиб, қиблага юзланар эдилар».

Бешовлари ривоят қилганлар.

Ва бошқа ривоятда:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уловлари устида нафл ва витр намозларини у қаёққа юзланса, ўша ёққа қараб ўқир эдилар. Фақат фарз намознигина унинг устида ўқимас эдилар», де­йилган.

Абу Довуднинг ривоятида:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафар қилсалар ва нафл намоз ўқимоқчи бўлсалар, туяларини қиблага қаратиб туриб, такбир айтар, сўнгра минган уловлари қайси томонга юзланса, ўша ёққа қараб намоз ўқир эдилар», дейилган.

Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Нафл намозни уловнинг устида у қаёққа қараб кетаётган бўлса, ўша ёққа қараб ўқиш мумкинлиги.

2. Фарз намозни ерга тушиб, қиблага қараб ўқиш кераклиги.

Уламолар улов устидаги нафл намоз ҳақида бир оз тафсилотлар қўшганлар. Баъзилари «Намозга ният қиблага қараб қилинади, ўқиётганда эса улови қайси томонга кетса, ўша томонга қараб ўқийверади», дейишган.

Бошқа бирлари эса «Ниятни ҳам улови кетаётган тарафга қараб қилса бўлаверади. Аммо улов кемага ўхшаш кенг ва қулай бўлса, қиблага қараб ўқиш керак», деганлар.

Демак, бугунги куннинг аксар уловлари – сайёра (автомобиль), учоқ (самолёт), кема ва бошқаларда нафл намозни ҳам қиблага қараб ўқиш керак бўлади.

3. Фарз намозида қиблани тарк қилиб бўлмаслиги.

Шунингдек, узр бўлса, мисол учун, ёмғир, душман хавфига ўхшаш нарсалар бўлса, фарз намозни ҳам улов устида ўқиш мумкин, дейилган. Бошқа ривоятлар ҳам шуни таъкидлайди.

Бошқа ривоятда:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уловлари устида нафл ва витр намозларини у қаёққа юзланса, ўша ёққа қараб ўқир эдилар. Фақат фарз намознигина унинг устида ўқимас эдилар», дейилган.

Бу ривоятда нафл намозига витр намози ҳам қўшилган. Шунга қараганда, витр намози нафл ҳам, фарз ҳам эмаслиги келиб чиқади.

Бу ҳадисда ҳам аввалги ривоятдаги каби нафл намозни улов қаёққа қараса, ўша ёққа қараб, фарзни ерга тушиб, қиблага қараб ўқиш алоҳида таъкидланмоқда.

Абу Довуднинг ривоятида:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачонки сафар қилсалар ва нафл намоз ўқимоқчи бўлсалар, туяларини қиблага қаратиб туриб, такбир айтар, сўнгра минган уловлари қаёққа қараса, ўша ёққа қараб намоз ўқир эдилар», дейилган.

Бу ривоятдан қуйидагилар келиб чиқмоқда:

1. Нафл намозни улов устида ўқиш сафарда жоиз эканлиги.

2. Улов устидаги нафл намознинг ниятини қиблага қараб қилиш.

 

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 4-жузи асосида тайёрланди.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . .Эй Аллоҳнинг Расули, бизга динимизни худди ҳозир халқ қилинганимиздек баён қилиб беринг. Бугун нима учун амал давоми...

7082 13:00 / 01.07.2020
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ғамташвиш пайтида .Лаа илааҳа иллаллоҳул ъазиймул ҳалийм. Лаа илааҳа иллаллоҳу давоми...

68860 23:06 / 15.05.2017
. . . Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачонки усаҳобаларни бирор ишга амр қиладиган давоми...

4736 17:59 / 09.06.2021
. . Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан .Қандай амал Аллоҳ учун энг маҳбубдир,, деб сўралди. .Оз бўлса давоми...

5055 17:00 / 23.06.2021