Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 26 ражаб | 2026 йил 15 январь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Таъкидланган суннатлар | Ҳадис дарслари (345-дарс)

19:00 / 10.09.2025 1351 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: حَفِظْتُ مِنَ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَشْرَ رَكَعَاتٍ؛ رَكْعَتَيْنِ قَبْلَ الظُّهْرِ، وَرَكْعَتَيْنِ بَعْدَهَا، وَرَكْعَتَيْنِ بَعْدَ الْمَغْرِبِ فِي بَيْتِهِ، وَرَكْعَتَيْنِ بَعْدَ الْعِشَاءِ فِي بَيْتِهِ، وَرَكْعَتَيْنِ قَبْلَ صَلَاةِ الصُّبْحِ، وَكَانَتْ سَاعَةً لَا يُدْخَلُ عَلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فِيهَا.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўн ракъатни ёдлаб олдим: Пешиндан олдин икки ракъат, ундан кейин икки ракъат. Шомдан кейин уйларида икки ракъат. Хуфтондан кейин икки ракъат уйларида. Бомдод намозидан олдин икки ракъат. Бу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига кирилмайдиган пайт эди».

Шарҳ: Шофеъий ва Ҳанбалий мазҳаблари шу ривоятга амал қиладилар. Ундан суннат намозни уйда ўқиш афзал эканлиги келиб чиқади.

«У соатда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига кирилмас эди».

Чунки у зот бу пайтда ибодат ила машғул бўлур эдилар.

وَعَنْهُ قَالَ: صَلَّيْتُ مَعَ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ  قَبْلَ الظُّهْرِ سَجْدَتَيْنِ، وَبَعْدَهَا سَجْدَتَيْنِ، وَبَعْدَ الْمَغْرِبِ سَجْدَتَيْنِ، وَبَعْدَ الْعِشَاءِ سَجْدَتَيْنِ، وَبَعْدَ الْجُمُعَةِ سَجْدَتَيْنِ، فَأَمَّا الْمَغْرِبُ وَالْعِشَاءُ وَالْجُمُعَةُ فَصَلَّيْتُ مَعَ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ  فِي بَيْتِهِ.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Пешиндан олдин икки сажда, ундан кейин икки сажда, Шомдан кейин икки сажда, Хуфтондан кейин икки сажда, Жумъадан кейин икки сажда ўқидим. Шом, Хуфтон ва Жумъанинг (суннатини) Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга уйларида ўқидим».

Шарҳ: Ушбу ривоятда «ракъат» сўзи ўрнига «сажда» сўзи қўлланилмоқда.

Демак, ўша вақтда ушбу истилоҳ ҳам ишлатилган. Жумадан кейин икки ракъат суннат ўқишни Шофеъийлар мана шу ривоятдан олганлар. Бу ривоят ҳам олдингисини таъкидлаб келмоқда. Фақат бунда Бомдод зикр қилинмаган. Афтидан, ўша куни Ибн Умар ёки Бомдодни бошқа жойда ўқиганлар ёки Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ўқиш имконлари бўлмаган. Ёки аввалги ривоятда зикр қилинганидек, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига кира олмайдиган вақт бўлганлиги учун кирмаганлар.

عَنْ عَائِشَةَ رَضِي اللهُ عَنْهَا أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ  كَانَ لَا يَدَعُ أَرْبَعًا قَبْلَ الظُّهْرِ وَرَكْعَتَيْنِ قَبْلَ الْغَدَاةِ. رَوَى هَذِهِ الثَّلَاثَةَ الْأُصُولُ الْخَمْسَةُ.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Пешиндан олдинги тўрт ракъатни ва Бомдоддаги икки ракъатни ҳеч қўймас эдилар».

Ушбу уч ҳадисни бешовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ушбу учта ҳадисда зикр қилинган намозлар таъкидланган суннат намозлардир. Фақат Пешиндан олдинги суннатнинг сони икки хил. Иккисини ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўқиганлар. Тўрт ракъатлисини Ҳанафийлар, икки ракъатлисини бошқа мазҳаблар олганлар.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, таъкидланган суннат намозларига Ҳанафий мазҳаби алоҳида эътибор бериб, Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатларидан ҳужжатлар келтирганлар.

У зот баъзи вақтларда суннат намознинг қазосини ўқиганлари ҳақида ривоятлар ҳам бор.

Шунингдек, «Сафарда юриб кетатётиб, суннатни ўқиш имкони бўлмаса, ўқимаса, майли. Аммо тўхтаб турганда ўқилади», деганлар.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 5-жузи

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 23 январдаги 03-07/362-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Бирортангиз намозида унутиб, бир давоми...

716 19:00 / 10.12.2025
. .Абу Азза розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Аллоҳ бандага бирор ерда ўлишни қазо қилса, унинг учун ўша ерга бир давоми...

4716 13:08 / 28.10.2020
. Бани Абдул Ашҳаллик бир аёл деди.Эй Аллоҳнинг Расули, бизнинг масжидга борадиган йўлимиз сассиқ. Бас, ёмғирда қолсак, қандай қиламиз,..Ўшандан давоми...

3382 19:00 / 05.01.2023
. . Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир идишда сув келтиришни сўрадилар. Унча катта бўлмаган давоми...

3249 00:00 / 05.09.2022