1447 йил 1 шаъбон | 2026 йил 20 январь, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳанафийлик

Фуқаҳоларнинг ихтилофи усуллар туфайлидир

17:22 145 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ихтилоф усулий эканини тушуниб олсак, қалбимизда мазҳабларга нисбатан мустаҳкам ишонч, хотиржамлик, роҳат пайдо бўлади. Мазҳабларга, мазҳабга эргашганларга мустаҳкам ишонч бор бўлгани учун мазҳабдан, нафақат ҳанафий мазҳабидан, балки тўртала мазҳабдан ҳам истифода оладиган бўламиз.

Энди иккита мавзу ҳақида гаплашамиз.

Биринчи мавзу – фуқаҳолар ўртасидаги ихтилоф усулга тегишли экани ҳақида.

Иккинчи мавзу – фиқҳул-муқорин ва унга қандай муносабатда бўлиш ҳақида.

Фуқаҳоларнинг ихтилофлари

Бу мавзу кўпчилик толиби илмларнинг, уламолар ва ҳаттоки авом халқнинг ҳам фикрини энг кўп чалғитувчи баҳслардан биридир. «Нега фалон масалада Абу Юсуфнинг гапи бошқача, Абу Ҳанифанинг гапи яна бошқача, Шофеъийники яна бошқача? Нега бунақа ихтилоф бор? Ахир Пайғамбар битта-ку? Қуръон ҳам, Суннат ҳам битта-ку?» дейишади.

Хўш, биз кўриб, эшитиб турган бу ихтилофлар қаердан келган?

Фуқаҳолар ўртасида ҳадиснинг етиб келиш-келмаслигига боғлиқ бирорта ихтилоф йўқ. Ихтилофларнинг сабаблари ҳақида китоб ёзган олимларнинг ҳеч бири сабаблар орасида ҳадиснинг етиб келмаганини айтмаган. Келинг, ихтилофнинг сабаблари ҳақида ёзилган китобларга қарайлик. Бу ҳақда ўнлаб китоблар бор, уларнинг муаллифлари кўп ўринларда бир-биридан фарқ қилса ҳам, лекин умумий олганда, ихтилофларнинг асосий сабаби усулга бориб тақалишини айтишган.

Ихтилоф луғатда десангиз ҳам, ҳадисларнинг заиф ёки саҳиҳ дейилишида десангиз ҳам, лафзларнинг далолатларида ёхуд қиёсда десангиз ҳам, ҳаммаси усулий ихтилофга бориб тақалади. Ихтилоф усулий эканини тушуниб олсак, қалбимизда мазҳабларга нисбатан мустаҳкам ишонч, хотиржамлик, роҳат пайдо бўлади. Мазҳабларга, мазҳабга эргашганларга мустаҳкам ишонч бор бўлгани учун мазҳабдан, нафақат ҳанафий мазҳабидан, балки тўрттала мазҳабдан ҳам истифода оладиган бўламиз. Бунинг учун қалбимизда ихтилофнинг усулий эканига ишонч ҳосил қилсак бўлди. Бунда фақат хотиржамлик эмас, балки ихтилофнинг моҳиятини яхши тушуниш малакаси ҳам ҳосил бўлади. Ана шунда уламоларимиз ўртасидаги ихтилофга арзирли сабаблар борлигини тушуниб, уларни айбдор қилишдан тўхтаймиз.

Биз бу усулий ихтилофни уч қисмга бўламиз:

1. Истинбот олиш усули;

2. Ҳукм чиқариш усули;

3. Татбиқ қилиш усули.

Шу уч тақсимотдан ташқарида умуман ихтилоф йўқ.

Биринчи айтганимиз – усулул-фиқҳ.

Иккинчиси – фиқҳий қоидалар.

Учинчиси – фатво берувчининг мезонлари.

Демак, ихтилоф фақат усулул-фиқҳга, фиқҳий қоидаларга ва фатво бериш мезонларига оид экан. Буларни битта қилиб усул деймиз. Барча ихтилофлар шу усулга бориб тақалади. Биз бу масалани яхшилаб тушуниб олсак, далиллардан келиб чиқиб, мазҳаблар ўртасида таржиҳ қилишга асло ўрин қолмайди.

Шофеъий мазҳаби уламоларидан Шамсиддин Рамлий: «Мазҳабларни таржиҳ қиладиган одам ё жоҳил, ё фосиқ бўлади», деганлар.

Ихтилофлар усулга оид бўлса, шофеъий фиқҳидаги масалаларга ҳанафий уламолар усули нигоҳи билан қарасак, бу масалаларнинг ҳаммаси маржуҳ бўлади. Шунингдек, шофеъий мазҳабининг усули билан ҳанафий фиқҳидаги масалаларга қарасак, ҳанафий мазҳабидаги масалаларининг ҳаммаси маржуҳ бўлиб чиқади. Мазҳаблардаги масалаларни таржиҳ қилиш оят-ҳадислар билан эмас, усул билан бўлади. Ҳанафий уламоларнинг усули ҳанафий мазҳаби рожиҳлигини тақозо этади, шофеъий уламоларнинг усули шофеъий мазҳаби рожиҳлигини тақозо этади, моликий уламолар усули моликий мазҳаби рожиҳлигини тақозо этади.

Масалан, мен ҳанафийман, мазҳабларни таржиҳ қилмоқчи бўлсам, яъни бирини биридан устун кўрмоқчи бўлсам, менинг наздимда доим ҳанафий мазҳаби рожиҳ бўлаверади. Шунинг учун кибор уламоларимиз шофеъий ёки моликий мазҳаблари билан баҳслашганда доим ҳанафий мазҳабини таржиҳ қилишган. Баъзилар: «Улар ўз мазҳабига тарафкашлик қилиб таржиҳ қилишган, тарафкаш бўлмаслик учун бир сафар ҳанафий мазҳабини, бир сафар шофеъий мазҳабини, бир сафар моликий мазҳабини таржиҳ қилсин», дейишади. Бу уламолар доим ҳанафий мазҳабини таржиҳ қилганига сабаб шуки, улар ҳанафий мазҳабининг усули бўйича юрган. Ҳанафий мазҳаби усули асосида юргандан кейин, табиийки, барча масалаларда улар учун ҳанафий мазҳаби рожиҳ бўлади. Шунинг учун баъзи мутақаддим уламолар доим ҳанафий мазҳабини таржиҳ қилган, бошқа баъзилари эса доим ҳанбалий мазҳабини таржиҳ қилган, чунки улар ўзи юрган мазҳабнинг усулидан келиб чиқиб таржиҳ қилган. Шунинг учун ҳам мазҳабдаги фаръий масалалар уларнинг наздида доим бошқа мазҳабларникидан рожиҳ бўлган.

Шуни тушуниб олсак, юқорида мутаассиблик ғояси ҳақида қилган баҳсимизга мутлақо ўрин қолмайди, чунки ихтилофлар усулга оид бўлса, мутаассиблик чиқиб кетади.

Демак, ҳар бир мазҳабга унинг ўз усули нуқтаи назаридан қарасак, шу мазҳаб рожиҳ бўлаверади, бошқа мазҳабларда ҳам шундай. Уламолар мазҳабларни таржиҳ қилишда айнан ўз мазҳабларининг усулига асосланади, шунинг учун доим ўз мазҳаблари рожиҳ бўлиб чиқади.

Бундан келиб чиқадики, оят-ҳадисдан олинган далил бизга фақат усул орқалигина натижа беради. Ҳар бир усулни бирор далил билан қўлласак, шу далилни тўғри фаҳмлаб оламиз. Оят ўша-ўша оят, ҳарфлар ўша-ўша ҳарфлар, бироқ оят ёки ҳадисдаги ҳарф, сўз ва жумлаларни тушунишдаги усуллар бошқа-бошқа бўлади. Шунинг учун ҳар хил қарашлар, мазҳаблар юзага келади. Қуйида бунга баъзи мисоллар ҳам келтирамиз.

Демак, ихтилоф оятнинг айни ўзидан келиб чиқмаган, балки уни тушунишда қўлланган усуллар хилма-хиллигидан ёки далилларни жамлашдан келиб чиққан. Тарихда нима учун «мутлақ рожиҳ мазҳаб» деган тушунча бўлмаганини шундан билиб олсак бўлади.

Масалан, бизда – Урдунда шариатдан бохабар бирор одамдан «Мазҳабинг нима?» деб сўрасангиз, «Мазҳабим рожиҳ мазҳаб», деб жавоб беради.

Бу мавзуни яхшилаб ўрганиб кўрсангиз, маълум бўладики, бундай жавоб олим одамдан чиқиши мумкин эмас. Бу жуда ҳам юзаки, савиясиз гап. Агар шу гап тўғри бўлганида эди, тарихда Рожиҳий (яъни рожиҳ мазҳабга эргашувчи) деган битта бўлсаям одам чиққан бўларди. Нима учун ҳамма уламоларнинг исмининг охирига Ҳанафий, Шофеъий ёки Моликий деб нисбат қўшилади? Чунки ҳанафий мазҳаби айни рожиҳ мазҳабдир, шофеъий мазҳаби айни рожиҳ мазҳабдир, моликий мазҳаби ҳам шундай ва ҳоказо.

Рожиҳлигининг сабаби нимада? Чунки ҳар бир мазҳабга ўз усули юзасидан қарасак, масалан, ҳанафий мазҳаби усули билан қарасак, диндаги рожиҳ (тўғри) йўлга юрган бўламиз. Шофеъий мазҳаби усули билан қарасак ҳам, диндаги рожиҳ йўлга юрган бўламиз. Шофеъий юрган йўлдан юриб, унинг усуллари бўйича диндаги рожиҳ йўлни ахтарсак, айни шофеъий мазҳаби рожиҳ бўлиб чиқади.

Демак, бу тўртала мазҳаб ҳам ўз усули эътиборидан диндаги рожиҳ йўлдир, мазҳабдир. Шунчаки, «рожиҳ» сўзи шундоқ ҳам маълум нарса бўлгани учун қўшиб айтилмайди, холос. Мен ҳанафий мазҳабида эканман, ҳанафий усули бўйича рожиҳ йўлдан юраётган бўламан. Шофеъий мазҳабидаги одам ҳам шофеъий усули бўйича рожиҳ йўлдан юраётган бўлади. Буни қисқартириб, «Мен шофеъий мазҳабидаман» ёки «Мен ҳанафий мазҳабидаман», дейилади, холос. Узун қилиб айтиб ўтиришга ҳожат қолмайди. Буни илмни энди ўргана бошлаган одам ҳам тушунади, илмнинг охирига етган одам бўлиши шарт эмас. Ўйлаймизки, «Бисмиллаҳ»ни айта оладиган ҳар қандай одам буни тушунади, бу фикрга мойил бўлади. Бунга тарих ҳам гувоҳ.

Муайян усули бор мазҳабдаман, дейиш – диндаги рожиҳ йўлдаман, дейишдир. Акс ҳолда мазҳабларнинг усуллари бир-биридан фарқ қилмаган бўларди. Усул бошқа-бошқа бўлгани учун ҳам уламолар юз йиллардан бери далиллар билан баҳс қилиб келса ҳам, ҳар ким ўз усулига асосланиб айтган гапида қатъий турибди, ҳамма доим усулга биноан ўз мазҳабининг сўзини рожиҳ деб билади. Шундан ҳам биламизки, рожиҳлик усулга қараб бўлар экан, тўртала мазҳаб ҳам ўз усули нуқтаи назаридан рожиҳдир.

Мана шу жойда «Мен жумҳур мазҳабидаман», дейдиганларнинг гапи нақадар саёз гаплиги билиниб қолади. Яна ўша гап, яъни усул масаласи. Ахир жумҳурнинг усули деган нарса йўқ-ку! Ҳанафий усули бор, шофеъий усули бор, моликий усули бор, лекин жумҳур усули йўқ! Мазҳабларнинг гапи бир-бирига мувофиқ келиши бутунлай бошқа масала, бу бир хиллик рожиҳлик дейилмайди. Рожиҳлик фақат усулга боғлиқ бўлади.

Тарихга мурожаат қилсак ҳам, «Мен жумҳур мазҳабидаман», деган бирорта одамни кўрмайсиз, чунки рожиҳлик доим усулга кўра бўлади.

Мана шу тушунчадан узоқлашиб қолганимиз учун шариат илми билан шуғулланувчилар шариатни тушунишда тойилиб кетяпти. Мазҳабга эргашганлар ҳам бу борада иккиланиб, тараддудланиб қоляпти. Неча асрлардан бери ҳанафий мазҳабида бўлган юртларга мазҳаб ҳақидаги ҳар хил шубҳалар сизиб кирганидан кейин мазҳабдан дарс берадиган кўплаб мударрислар – худди мазҳабнинг далили кучсиздек – хижолат бўлиб дарс бераётганини кўрдик.

Агар биз юқорида айтган маълумотларни яхшиланиб ўрганишса, ихтилоф усулга оид эканини билишса, «Бухорий ривоят қилган фалон ҳадис усулга зид келган, шунинг учунгина унга амал қилмаяпмиз, бунга фалон-фалон далиллар бор», дея келтириб бера олишса, мазҳабимиз ҳақидаги шубҳалари йўқолади. Ана шунда бизнинг далилимиз ҳар қандай қарши далилдан кучли бўлади, чунки нариги тараф келтирган ҳадиснинг муқобилига усулга асосланган ҳолда оят ёки бошқа мутавотир ҳадисни келтира оламиз. Шуларни яхшилаб ўрганиб, тушуниб, билиб олса, толиби илмнинг қалби хотиржам бўлади. Шунинг учун бугунги кунда бизга энг керак нарса – толиби илмларда мазҳабга ишончни қайтаришдир, ана шунда улар бутун шижоатини, вақтини мазҳабни ўрганишга сарфлайди.

Ушбу муқаддимадан кейин энди усулий ихтилоф ҳақида гаплашамиз.

Аллоҳ насиб қилса, ихтилофнинг усулга оидлиги ҳақида алоҳида суҳбат қиламиз. Иншааллоҳ, шунда бу мавзу очиқ-равшан бўлади, бугун эса бу ҳақда озроқ гапириб ўтамиз. Умумий тасаввур ҳосил бўлиши учун кўп чуқурлашмай, ҳаммаси ҳақида оз-оздан гаплашамиз.

Гапимизнинг бошида: «Ихтилоф битта сўзга бориб тақалади, бу сўз эса учта нарсани ўз ичига олади», дедик.

Ихтилоф – усулга бориб тақалади, усул эса истинбот олиш, шу асосда ҳукм чиқариш ва татбиқ қилишдан иборат. Истинбот олиш – сизу биз ўрганаётган усулул-фиқҳ дегани. Сиз уни «Манор»дан ўқиганмисиз, «Тавзиҳ»дан ўқиганмисиз, ёки ҳанафий усулига доир бошқа китобларни ўқиганмисиз – ҳаммаси истинбот олиш усулидир.

Ҳанафий мазҳабининг китобларида учрайдиган усул қоидаларининг барчаси ихтилофнинг сабабини очиб беради. Масалан, фалон қоида Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳнинг Қуръон ва Суннатдан ҳукм олишидаги тамойилини, тутган йўлини, усулини акс эттиради. Лекин, худди шу масалани шофеъий ёки моликий мазҳабида кўрсангиз, одатда ихтилоф бор бўлади. Хўш, нима учун Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ ҳукм олишда улардан фарқ қилган? Чунки ўз усулидаги қоидани, тамойилни ишлатган. Қуръон ва ҳадисдан ҳукм олиш борасида, тушуниш борасида, кўринишидан бир-бирига зиддек кўринган ҳукмларни жамлаш борасида юзлаб, минглаб қоидалар бор. Мана шу қоидаларнинг барчаси фуқаҳолар ўртасидаги ихтилофларнинг сабабидир.

Бу борадаги айрим мисолларни келтириб ўтайлик.

Масалан, луғавий жиҳатдан оладиган бўлсак, «Муғний» деган луғатда араб тилидаги «бо» боғловчисининг йигирмата маъноси келтирилади. Хўш, улардан қайси бири асл маъно? «Табъийз»ми, яъни жузларга ажратишми ёки «илсоқ»ми, яъни ёпиштириш, бирлаштиришми? Ёки бу «ҳарфи зоида»ми, яъни ортиқча, жумлада маъно англатмайдиган қўшимчами?

Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳнинг наздида «бо» боғловчиси «илсоқ»ни билдиради. Усулул-фиқҳда боғловчиларнинг маънолари ҳақида алоҳида боб бор. Шу бобда ҳам «бо»нинг Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ наздидаги маъноси «илсоқ» дейилган.

Энди Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳнинг шу қоидасини «Бошингизга масҳ тортинг» («фамсаҳуу би руусикум») оятига татбиқ қилсак, қандай ҳукм чиқади? Масҳ нима билан қилинади? Қўл билан. Демак, «бо» ҳарфини илсоқ маъносида таржима қилсак, фиқҳий хулоса «бошнинг тўртдан бирига масҳ тортиш» бўлади. Имом Шофеъий роҳимаҳуллоҳнинг наздида эса «бо»нинг маъноси «табъиз» бўлгани учун бир тола сочга бўлса ҳам масҳ тортиш фарз бўлади. Имом Молик роҳимаҳуллоҳнинг наздида «бо»нинг маъноси «зоида», шунинг учун моликий мазҳабида бошга тўлиқ масҳ тортиш фарз.

Энди айтинг-чи, бу ўринда фуқаҳоларнинг гапи нима учун ҳар хил чиқди? Уларга оят етиб келгани ёки етиб келмагани учунми? Ахир Қуръон ҳаммага тўлиқ етиб борган-ку!

Ҳукм олиш борасида уларнинг ўртасида фарқ юзага келганининг сабаби – биргина «бо» боғловчисининг қайси маъносини олишдаги фарқдир. Кимдир: «Менинг наздимда фалон маънода», дейди, яна кимдир бошқа маънони айтади, шунга қараб натижа ҳар хил бўлади.

«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 16 апрелдаги 03-07/2009-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

Муаллиф
Шайх Салоҳ Абул Ҳож
Таржимон
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Мазҳабни инкор қиладиганларнинг эътирозини қаранг .Сизлар ҳадисларга амал қилмайсизлар, ҳадисларни тарк қиласизлар. Имом Бухорийнинг .Саҳиҳ,ида Абу Ҳанифа, давоми...

1117 14:52 / 08.04.2025
Юқоридага сатрларда Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ саҳобалардан Анас ибн Молик розияллоҳу анҳуни кўриб у кишидан .Талаби илм ҳар бир мусулмонга фарздир, ҳадисини давоми...

7132 16:14 / 28.03.2017
Диннинг Жаброил алайҳиссалом ҳадисида зикр қилинган асосий уч қисмига биноан, унинг ҳукмларининг ҳам учга бўлиниши собит ҳақиқатдир.1. Мўминмусулмон банданинг давоми...

5569 20:23 / 24.04.2018
МУРЖИЪИЙЛАРНИНГ ДАСТЛАБКИ ХИЗМАТЛАРИАбу Ҳанифа таълимоти ҳеч қаерда Эроннинг шимолишарқий ҳудудларидагидек Хуросон ва Мовароуннаҳр назарда тутилмоқда таҳр. ҳ. давоми...

5218 16:08 / 28.03.2017