1445 йил 20 шаввол | 2024 йил 29 апрель, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

«Егандек бўлдим» жомеъ масжиди нафсга қарши курашнинг яққол намунасидир

16:21 / 28.12.2022 2400 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Мутанаббий» саҳифасида ҳикоя қилишларича туркиялик Хайриддин афанди исмли киши бозордан ўтиб кетаётиб, узум сотиб олди ва ходимидан уйига бериб юборди. Кечқурун у уйига қайтиб, бироз дам олгандан кейин кундузи сотиб олган узумидан емоқчи бўлди. Шунда аёли унга биз ҳаммасини еб қўйибмиз ҳеч нарса қолмади дебди. Хайриддин дарҳол ўрнидан туриб, шошганча ташқарига чиқиб кетади, аёли уни чақирганча қолади. Аммо Хайриддин унинг чақириғига эътибор бермайди. Ер савдоси билан шуғулланадиган кишилардан бирининг олдига бориб, унга: «Яхши жойдан ер сотиб олмоқчиман», дейди. Кейин ер пудратчининг олдига бориб, ундан ўша сотиб олган жойига масжид қурмоқчилигини, унинг чизмасига кўмаклашиб юборишини сўрабди. Кейин уйга қайтибди. Аёли ундан қаерда эдингиз деб сўрабди. Ана энди хотиржам вафот этсам ҳам бўлади, сизлар мен ҳали орангизда тирик бўла туриб, бир дона узумни илиниб қолдирмадингиз, вафотимдан сўнг мени номимдан садақа қилиб хотирлармидингиз, дея вазиятни тушунтирибди. 

Бу хаёлдан олиб тўқилган қисса эмас. Ҳозир ўша масжид қурилганига қарийб 400 йил бўлди. Масжидга «Егандек бўлдим» деб ном берилган. Ушбу масжид Истанбул шаҳрида жойлашган бўлиб, 200 та намозхонни сиғдира олади. Мазкур масжид Хайриддин афандининг садақаи жорияси ҳисобланади. Биринчи Жаҳон уруши даврида масжид биносига талофат етди. Кейинчалик ёнғин сабабли масжид анчагина таъмирталаб бўлиб қолди. 1959-йилда маҳаллий аҳоли тўплаган хайрия пуллари эвазига масжид қайта таъмирланди. Аввало Аллоҳ таолонинг фазли, кейин узум донасидан олинган улкан ибрат ва дарс ушбу масжиднинг қурилишига сабаб бўлди. 

Aljazeera.net маълумотига кўра, Хайриддин афанди Усмонийлар ҳукмронлиги даврида Истанбул бозорларида кетаётганда, расталардаги турли мевалар, озиқ-овқатларга кўзи тушиб, тановул қилгиси келар, аммо уларга сарф қилинадиган пулларни бир сандиққа солиб, йиғиб борар эди. Ҳар гал нимадир сотиб олгиси келганда, ўша нарсани сотиб олмай унинг пулини сандиқдаги пуллар ёнига қўшиб қўяр эди. Нафсига таскин бериш учун «Егандек бўлдим» деб қўяр эди. Орадан бир қанча йил ўтиб, сандиқдаги пуллар анчагина йиғилиб қолди. У ўзи яшаётган ҳудуддан ер сотиб олиб, ўша ерга масжид қурмоқчи бўлди. Йиққан пулларига дўсти Муҳаммад Шавқий афандидан бироз кўмак олиб, биргаликда бир масжид бино қилдилар. Масжидга «Егандек бўлдим» деб ном берилди. Масжид то биринчи жаҳон урушига қадар хизмат қилди. Урушдан кейин масжидда ёнғин юз бериб, бинолар анча талафот кўрди. Масжидни бутунлай бузиб юборишга ҳеч ким рози бўлмай, 1960 йилда турк қардошларимиз масжидни таъмирладилар. Бу масжид турк тилида «Sanki Yedim Cami» деб аталади.
 

Масжидда баланд бир минора қад ростлагандир.
 


Масжид биноси ташқаридан турар-жой биносига ўхшаб кетади. Аммо унинг тарихи масжидни Истанбулнинг энг машҳур масжидаридан бирига айлантирган. Чиндан ҳам масжид тарихини ўқиган одамнинг қалбида у ерга бир марта бўлса ҳам бориб намоз ўқиш орзуси пайдо бўлади. 

Aljazeera.net вакиллари ушбу масжидга зиёрат қилиб, уни Истанбулнинг Фотиҳ минтақасида жойлашганига гувоҳ бўлдилар. Масжид 200 намозхонни ўз бағрига сиғдира олади. Аёллар учун ҳам алоҳида намозхона ҳозирланган. Бу масжидда фазилатли Рамазон ойи мобайнида беш вақт намоздан ташқари таровеҳ намози адо этилиб, Қуръон, шариат, фиқҳ дарслари ташкил этилиб борилади ва дарслар эълони араб ва турк тилида тақдим этилади. Фотиҳ минтақасининг муфтий ноиби масжид тарихи ҳақида шундай дейди: «Хайриддин инсоний нафс хоҳиш-истакларни юганлаб, ўша истакларнинг барчасини яхшилик қилишга йўналтирди. Мана бунда улкан ибрат бордир. 

Хулоса шуки, азиз биродарим, ҳаёт экансиз охиратингиз учун кўп яхшиликларни заҳира қилиб қўйинг. Шундай ишларни амалга оширайликки, вафотимиздан кейин қабримизга ҳам савоби бориб турсин.


Таржимон: Нозимжон Ҳошимжон
Муҳаррир: Хуршид Маъруф

Муаллиф
Нозимжон Ҳошимжон
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ибн Асокир Саъид ибн Абу Саъиддан ривоят қилади.Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу Урдунда вабога чалинганида у зотнинг қабри ҳам шу ерда жойлашган ўша ерда давоми...

4460 22:16 / 25.04.2017
Бразилиялик ёзувчи Пауло Коэло қуйидаги қисқа ҳикояни шундай баён қилади.Бир ота газета ўқишга уринарди. Лекин кичик ўғли унга халақит бериб, газета ўқитмас эди. давоми...

1649 14:00 / 27.12.2022
Исломда қандай сарфхаражат бўлмасин, унда исрофга йўл қўймаслик доимий равишда таъкидланади. Бу маъно Қуръони Карим оятларида ва Набий соллаллоҳу алайҳи давоми...

5617 18:01 / 10.07.2017
Ибнул Жавзий роҳимаҳуллоҳ ўзининг .Ахборун нисо, номли китобида шундай зикр қилади .Айтишларича, Ҳажжож ибн Юсуф золим Абдурраҳмон ибн Ашъасни қатл қилиб, унинг давоми...

2246 09:00 / 09.03.2023