Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 21 шаввол | 2024 йил 30 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарслари (95-дарс). Аллоҳнинг илми ва қудрати (Тўққизинчи мақола)

13:30 / 22.07.2020 3924 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 

وَقَالَ عَبْدُ اللهِ بْنُ فَيْرُوزٍ الدَّيْلَمِيُّ: أَتَيْتُ أُبَيَّ بْنَ كَعْبٍ فَقُلْتُ لَهُ: وَقَعَ فِي نَفْسِي شَيْءٌ مِنَ الْقَدَرِ، فَحَدِّثْنِي بِشَيْءٍ لَعَلَّ اللهَ تَعَالَى أَنْ يُذْهِبَهُ مِنْ قَلْبِي، فَقَالَ: لَوْ أَنَّ اللهَ تَعَالَى عَذَّبَ أَهْلَ سَمَاوَاتِهِ وَأَهْلَ أَرْضِهِ لَكَانَ غَيْرَ ظَالِمٍ لَهُمْ، وَلَوْ رَحِمَهُمْ لَكَانَتْ رَحْمَتُهُ إِيَّاهُمْ خَيْرًا لَهُمْ مِنْ أَعْمَالِهِمْ، وَلَوْ أَنْفَقْتَ مِثْلَ أُحُدٍ ذَهَبًا فِي سَبِيلِ اللهِ تَعَالَى مَا قَبِلَهُ اللهُ مِنْكَ حَتَّى تُؤْمِنَ بِالْقَدَرِ وَتَعْلَمَ أَنَّ مَا أَصَابَكَ لَمْ يَكُنْ لِيُخْطِئَكَ، وَأَنَّ مَا أَخْطَأَكَ لَمْ يَكُنْ لِيُصِيبَكَ، وَلَوْ مُتَّ عَلَى غَيْرِ هَذَا لَدَخَلْتَ النَّارَ، قَالَ: ثُمَّ أَتَيْتُ عَبْدَ اللهِ بْنَ مَسْعُودٍ فَقَالَ مِثْلَ ذَلِكَ، ثُمَّ أَتَيْتُ حُذَيْفَةَ ابْنَ الْيَمَانِ فَقَالَ مِثْلَ ذَلِكَ، ثُمَّ أَتَيْتُ زَيْدَ بْنَ ثَابِتٍ فَحَدَّثَنِي عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم بِمِثْلِ ذَلِكَ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ.

Абдуллоҳ ибн Файруз ад-Дайламий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Убай ибн Каъбнинг ҳузурига бордим ва унга:

«Қадар ҳақида нафсимда бир нарса воқеъ бўлди. Менга бирор нарса айтиб бер. Шояд, Аллоҳ таоло ўшани қалбимдан кетказса», дедим.

«Агар Аллоҳ таоло осмонларининг аҳлини ва ерининг аҳлини азобласа, албатта, У Зот уларга золим бўлмас эди. Агар уларга раҳм қилса, албатта, У Зотнинг раҳмати улар учун ўзларининг амалларидан яхши бўлар эди. Токи қадарга иймон келтирмагунингча ва сенга етган мусибат сени четлаб ўтиши мумкин эмаслигини ҳамда сени четлаб ўтгани сенга етиши мумкин эмаслигини билмагунингча, агар Аллоҳ таолонинг йўлида Уҳуд мислича тиллани нафақа қилсанг ҳам, Аллоҳ уни сендан қабул қилмас. Агар бундан бошқа (эътиқод)да ўлсанг, албатта, дўзахга кирасан», деди».

Кейин Абдуллоҳ ибн Масъудга бордим. У ҳам худди шуни айтди. Кейин Ҳузайфа ибн Ямонга бордим. У ҳам худди шуни айтди. Кейин Зайд ибн Собитга бордим. У ҳам менга Набий алайҳиссаломдан худди шуни айтди».

Абу Довуд ривоят қилган.

Шарҳ: Абдуллоҳ ибн Файруз ад-Дайламий розияллоҳу анҳунинг қалбларига қазои қадар масаласида шубҳа тушиб, «Уни кетказишнинг осон йўли – бу масалани биладиган олим зот билан суҳбатлашиш» деган фикр ила катта ва олим саҳобалардан бўлмиш Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига бориб, ўз дардларини тўкиб солибдилар. Шунда Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу ҳаммага ҳам яхши дарс бўладиган ажойиб гапларни айтдилар:

«Агар Аллоҳ таоло осмонларининг аҳлини ва ерининг аҳлини азобласа, албатта, У Зот уларга золим бўлмас эди».

Аллоҳ таоло нафақат одамларни, балки осмонлар аҳлининг барчасини ва ер аҳлининг барчасини йўқдан бор қилган ва уларга ҳаёт ҳамда турли керакли неъматларни ато қилган Зотдир. Бу ишларда У Зотга бирортаси ёрдам ҳам бермаган. Бас, шундай экан, Аллоҳ таоло уларни нима қилса ҳам, жумладан, ҳеч қандай сабабсиз энг ашаддий азоблар ила азобласа ҳам ҳақлидир. Чунки нима қилса, Ўз мулкида қилган бўлади. Аллоҳ таоло заррача сабабсиз барча мавжудотни барча азоблар ила азоблаган чоғида ҳам заррача зулм қилмаган бўлади.

Бас, шундай экан, баъзи бир қазои қадар масаласини тўғри тушунмаган бандаларнинг нотўғри эътирози ила Аллоҳ таолога зулм нисбатини бериш мумкинми?

«Агар уларга раҳм қилса, албатта, У Зотнинг раҳмати улар учун ўзларининг амалларидан яхши бўлар эди».

Агар бандаларнинг амалларига яраша ҳисоб-китоб қилинадиган бўлса, уларнинг амаллари ҳеч нарсага арзимай қолиши турган гап. Шунинг учун Аллоҳ таоло бандаларга раҳм қилса, Ўз фазли ила раҳмат қилади. Баъзи бир қазои қадар масаласини тўғри тушунмаган бандаларнинг амаллари яхшилаб ҳисоб-китоб қилинадиган бўлса, улар оғир аҳволда қолишлари турган гап. Гап адолат ёки адолатсизлик ҳақида кетаётгани йўқ. Гап Аллоҳ таолонинг мисли йўқ камолот сифатлари ҳақида, жумладан, дунёдаги бўлажак ҳар бир нарсани азалдан ипидан-игнасигача билиб туриши ҳақида кетмоқда.

«Токи қадарга иймон келтирмагунингча ва сенга етган мусибат сени четлаб ўтиши мумкин эмаслигини ҳамда сени четлаб ўтгани сенга етиши мумкин эмаслигини билмагунингча, агар Аллоҳ таолонинг йўлида Уҳуд мислича тиллани нафақа қилсанг ҳам Аллоҳ уни сендан қабул қилмас».

Биров Аллоҳ таолонинг йўлида Уҳуд тоғича келадиган тиллани нафақа қилди. Аммо унинг қадарга иймони йўқ. Бас, ундан мазкур нафақа қабул бўлмайди.

Биров Аллоҳ таолонинг йўлида Уҳуд тоғича келадиган тиллани нафақа қилди. Аммо у ўзига етган мусибатни «Четлаб қолишим мумкин эди. Шуни вақтида ва керагича қилмадим», дея афсус-надомат қилади. Бас, ундан мазкур нафақа қабул бўлмайди.

Биров Аллоҳ таолонинг йўлида Уҳуд тоғича келадиган тиллани нафақа қилди. Аммо у ўзига етмаган мусибатни «Усталик билан четлаб қолдим. Агар усталик қилмаганимда, чатоқ бўлар эди», дея фахрланди. Бас, ундан ҳам мазкур нафақа қабул бўлмайди.

Чунки бу нарсаларга иймони йўқ одам мўмин бўла олмайди. Аллоҳ таоло эса мўмин бўлмаган банданинг нафақасини қабул қилмайди. Шунинг учун ҳам:

«Агар бундан бошқа (эътиқод)да ўлсанг, албатта, дўзахга кирасан», деди».

(Давоми бор)

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Молик ибн Анас ибн Молик ибн Абу Омир ибн Амр ибн алҲорис Абу Абдуллоҳ алАсбаҳий алМаданий ndash Дорулҳижратнинг имоми ва фақиҳи ҳисобланадилар. Молик ибн Анас 93 давоми...

3906 17:05 / 15.05.2019
Муаллиф иймон бобидаги энг муҳим бир масала ҳақида алоҳида фасл очди. Бу масала иймоннинг зиёда ва кам бўлиши ҳақидаги масала бўлиб, уламоларимиз ўртасида кўпгина давоми...

5399 13:05 / 06.11.2019
.Бухорий қилган таълийқда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Аллоҳга энг маҳбуб дин ҳанифлик ботилдан ҳаққа мойил, осон диндир,, дедилар,.Имом Бухорий гоҳида давоми...

4881 13:50 / 11.03.2020
. . Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Нифос кўрган аёллар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида қирқ кун ўтирар давоми...

859 19:00 / 21.10.2023