Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 17 шаввол | 2024 йил 26 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис 184-дарс. Ҳар бир мусулмон тириклик ва соғлик чоғини ғанимат билиши керак

19:00 / 25.05.2022 2720 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мўмин кишига унинг ўлимидан кейин ҳам етиб турадиган амали ва гўзал ишларидан: соғлик ва тириклик чоғида ўргатган ва тарқатган илми, ортидан қоладиган солиҳ фарзанди, мерос қолдирган Қуръони, бино қилган масжиди, ғариб мусофирлар учун қурган уйи, оқизган ариғи ёки ўз молидан қилган жорий садақаси бордир. Уларнинг савоби ўлимидан кейин ҳам етиб туради», дедилар».

Ибн Можа, Байҳақий ва Ибн Ҳузайма ривоят қилганлар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг ушбу ҳадисларида бундан олдинги ҳадисда умумий тарзда зикр қилинган маънони кенгайтириб, шарҳлаб, баён қилмоқдалар.

«Мўмин кишига унинг ўлимидан кейин ҳам етиб турадиган амали ва гўзал ишларидан».

Яъни, мўмин ўлганидан кейин ҳам унга савоби етиб турадиган солиҳ амал ва савобли ишлардан қуйидагилар зикр қилинади:

1. «Ўргатган ва тарқатган илми».

«Ўргатган илм» дейилганда, бевосита дарс орқали таълим берилган илм кўзда тутилади. Демак, мўмин киши бошқаларга илм ўргатган бўлса, уларнинг ўша илмдан оладиган савоблари унга ўлганидан кейин ҳам етиб туради.

«Тарқатган илм» деган жумла ҳаммамизга тушунарли. Илм тарқатишнинг йўли кўп. Буларга китоб ёзиш, илмий муассасалар қуриш, уларни жиҳозлаш, аҳли илмларга ёрдам бериш, китоб, турли матбуот воситалари орқали илм тарқатиш ва шунга ўхшаш ишлар киради. Бундай ишларни қилган мўминга унинг вафотидан кейин ҳам савоби етиб туради.

2. «Ортидан қоладиган солиҳ фарзанди».

Бу ҳақда аввалги ҳадис шарҳида батафсил гапирилди.

3. «Мерос қолдирган Қуръони».

Тириклик чоғида ўзи ўқиб юрган Қуръонни бировга мерос қолдирса ва ўша Қуръон мунтазам ўқиб турилса, ундан биринчи эгасига савоб етиб туради. Агар Қуръон мерос қолдирилмаса, бундай бахтдан маҳрум бўлади. Баъзи юрт ва халқларда умуман Қуръони йўқ одамлар, Қуръон ўқий олмайдиган одамлар кўп. Улар ушбу бахтдан маҳрумдирлар.

4. «Бино қилган масжиди».

Модомики, ўша масжид қоим экан, ундан ҳосил бўлган савоб уни бино қилган кишиларга ортларидан етиб туради. Масжид қурмаганлар эса бу бахтдан маҳрумлар. Масжидларни бузганлар, масжид қурилишига тўсиқ бўлганларга эса турли ёмонликлар ва дуоибадлар, лаънатлар етиб туради.

5. «Ғариб мусофирлар учун қурган уйи».

Аввалги вақтларда «мусофирхона» деб номланган бинолар бўлган. Мазкур мусофирхоналар ғариб кишилар учун қилинган вақф бўлиб, улар ўша жойда истиқомат қилиш имконига эга эдилар. Кимдир мусофирхонага озиқ-овқат етказиб бериб турган, яна кимдир бошқа камчиликларини зиммасига олган. Шундай қилиб, Ислом ўлкаларида ғариб мусофирлар дуч келиб турадиган муаммолар ҳал этилган. Кўча-кўйларда, жамоат жойларида ётиб юрадиган бетайин одамлар бўлмаган. Ана шундай мусофирхоналар барпо қилган кишиларга ўлганларидан кейин ҳам амалларининг савоби етиб туриши аниқ.

6. «Оқизган ариғи».

Биров мусулмонлар фойдаланиб турсин, деган ниятда ўзи ариқ қазиса ёки болалари билан қўшилиб қазиса, ёхуд пул бериб, бошқа кишиларга қазитса, бу ишдан ҳосил бўладиган савоб унга ўлимидан кейин ҳам етиб туради.

7. «Ўз молидан қилган жорий садақаси».

Бу ҳақда ўтган ҳадис шарҳида муфассал сўз юритдик.

«Уларнинг савоби ўлимидан кейин ҳам етиб туради».

Шунинг учун ҳар бир мўмин тириклик ва соғлик чоғини ғанимат билиб, мазкур ишларни кўпроқ қилиб қолишга ҳаракат этмоғи лозим.

Ушбу ишларнинг бошида илм масаласи турганлиги учун Ислом дини илмга қанчалик аҳамият берганини яна бир бор билиб оламиз. Бошқа ҳадисларда мазкур етти нарсага дарахт экиш, чегара қўриқлаш ва таълим муассасалари қуриш ҳам қўшилган.

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Уламоларимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан Пайғамбарлик васфлари ила содир бўлган, мусулмонлар амал қилишлари лозиму лобуд бўлган, шаръий аҳкомларга давоми...

3728 16:52 / 08.04.2016
Ҳорис ибн Муслим Тамимий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам менга шундай дедилар .Бомдод намозини ўқиб бўлганингдан кейин ҳеч давоми...

8862 23:55 / 28.03.2017
.Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Бир фақиҳ шайтон учун минг обиддан ҳам ашаддийроқ душмандир,, давоми...

4239 17:00 / 08.12.2021
. . . . Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳўлни кўрган, лекин эҳтиломни эслай олмаган одам давоми...

1627 19:00 / 14.06.2023