Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (22-дарс). Аллоҳнинг сифатлари ва халафлар

13:10 / 25.02.2019 5562 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Халафлар» деганда «кейин келганлар» маъноси англанади. Халаф уламоларининг Аллоҳ таолонинг сифатлари бўйича қилган асосий ишлари турлича тушуниш мумкин бўлган матнларни Аллоҳ таолонинг айблардан поклигини англатувчи ва бир хил тушунчадан бошқага буриб бўлмайдиган матнлар англатадиган маънога мослаб таъвил қилиш бўлган.

Аҳли сунна вал жамоанинг халаф уламолари мусулмонлар оммасини «мушаббиҳа», «муъаттила» ва «мужассима» деб аталган тоифаларнинг бузғунчи фикрларидан сақлаш учун шу йўлни тутишга мажбур бўлганлар.

«Мушаббиҳа»лар Аллоҳ таолонинг сифатларини махлуқотларнинг сифатларига ўхшатишни ўзларига эп кўрган нобакорлардир.

«Муъаттила»лар Аллоҳ таолонинг Ўзи ёки У Зотнинг Расули алайҳиссалом зикр қилган сифатларини манфий қилган нобакорлардир.

«Мужассима»лар Аллоҳ таолога жисм нисбатини берган нобакорлардир.

Аҳли сунна вал жамоанинг халаф уламолари оятда зикр қилинган «қўл»ни «қувват ва карам» деб таъвил қилишган. «Кўз»ни «иноят ва риоят» деб таъвил қилишган. Шунингдек, ҳадиси шарифда «Қалблар Роҳманнинг панжаларидан икки панжа орасидадир», деб келган «икки панжа»ни «ирода ва қудрат» деб таъвил қилишган.

Бир ҳадисда: «Аллоҳ Одамни ўз суратида яратгандир», дейилган. Бунга сиртдан маъно берган кишилар: «Одам Аллоҳнинг суратида яратилган экан», деб ўйлайди. Аммо халаф уламолар буни «Аллоҳ Одамни ўзига хос суратда яратди» деган маънога мослаб таъвил қилганлар. Бунда «Аллоҳ Одамни халқ қилган вақтда уни ўзига хос суратда яратган, у давр ўтиши билан ўзгариб қолмаган», деган маъно келиб чиқади.

Худди шу ҳадиснинг маъносини англатувчи бошқа бир ҳадисда келган «Аллоҳ Одамни Роҳманнинг суратида яратгандир», деган маънони халаф уламолари: «Роҳманнинг сифатида яратгандир», деб таъвил қилганлар. Араб тилида сурат сифат маъносини ҳам англатади. Ана шунда «Аллоҳ таоло Одамни яратганда уни илм ва идрок каби Ўзида бор сифатлар билан қўшиб яратган» деган маъно келиб чиқади.

Шу ерда халаф уламолари Аллоҳ таолонинг сифатлари ҳақида келган оят ва ҳадисларни таъвил қилишда ҳавойи нафсларига қараб эмас, араб тили қоидаларига ва энг муҳими, диний таълимотлар асосига қараб иш олиб борганларини таъкидлашимиз лозим.

Яна бир бор таъкидлаймизки, салафнинг мазҳаби ўз вақтида тўғри ва афзал бўлган. Халафнинг мазҳабини шароит тақозоси мажбур қилган. Иккисининг мақсади ҳам Аллоҳ таолонинг айблардан ва Ўзига мос бўлмаган сифатлардан поклигини исботлаш бўлган.

“Ақоид илми ва унга боғлиқ масалалар” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бу буюк имомнинг асл исмларини кўпчилик билмайди ҳам. Аммо ҳамма Имоми Аъзам, яъни .улуғ имом,, .катта имом, деб номлайди. Ҳақиқатан ҳам, у киши бунга сазовор зот давоми...

4768 15:00 / 10.07.2019
Аллоҳнинг гўзал исмлари. АлХолиқ Бу исмнинг маъноси асли ва ўхшаши йўқ нарсанинг ўлчовини мос қилиб яратувчидир.Аллоҳ махлуқотларни яратишдан олдин ҳам Холиқ давоми...

7481 08:23 / 20.04.2017
Бу сифат Аллоҳ таолонинг зотида азалдан қоим бир сифат бўлиб, у билан У Зот амр қилувчи, наҳий қилувчи ва хабар берувчидир. У Зот у ила Ўз расулларига Қуръон, Таврот давоми...

4146 13:00 / 04.03.2019
Ақоид илми уламолари бу масалани учга бўлиб таҳлил қилганлар. 1. Аллоҳ таолони кўришни ақл жоиз деб ҳисоблайдими, йўқми Мўътазилийлар мазҳаби бўйича бандалар давоми...

3111 17:00 / 20.12.2021